Жамият | 23:33 / 23.06.2017
20639
3 дақиқада ўқилади

Коллеж битирувчиси иш изловчи эмас, иш берувчи бўлади

Андижон вилояти, Бўз туманида фаолият юритаётган мини-завод ҳамда дастгоҳлар ишлаб чиқарувчи UZMOLREKI - BO’ZFARM корхонасида вилоят касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун тадбиркорлик сабоқларини ўзлаштириш маҳорат дарси ташкил қилинди. 

Маълумки, Иброҳимжон Саидохунов бошчилигидаги масканда ишлаб чиқарилган 240 зиёд мини-завод ва дастгоҳлар Ўзбекистоннинг турли гўшаларида фаолият олиб бормоқда. Уларда қарийиб 2 миллиондан ортиқ киши иш билан таъминланган.    

Мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланаётгани касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун қўшимча иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Корхонада тайёрланаётган кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтик, косметик ашёлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мини-завод ва дастгоҳлар битирувчи талабалар ҳамда уларнинг устозларида катта таассурот қолдирди.

- Тадбиркорликка қизиққан коллеж битирувчиси тозалаш воситалари, попкорн, мактаб ўқув қуроллари ишлаб чиқарувчи мини-дастгоҳларда ишни бошласа, нафақат ўзи, балки тенгқурларини ҳам иш билан таъминлайди, - дейди Бўз хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Бекзод Назиров. – Бу йил коллежимизда: “Сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологи” мутахассислиги бўйича янги йўналиш очилди. Корхона билан ўқувчиларни амалиётини шу масканда ўташ бўйича ҳамкорликни йўлга қўядиган бўлдик.

Битирувчилар корхона раҳбарларидан Иззатилло Муҳаммадазизов томонидан ўтилган кўргазмали маҳорат дарслари давомида - илк бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда қайси жиҳатларга эътибор бериш кераклиги бўйича назарий ва амалий сабоқ олдилар.

Бухоронинг Олот тумани “Давр” жамияти бошлиғи, тадбиркор - Абдулҳай Толибжонов корхонага “Универсал” мини-заводи учун буюртма берган экан. Шу куни тайёр бўлган ускуналарни олиб кетиш учун келган Абдулҳай ака битирувчилар билан ўз иш тажрибасидан ўртоқлашди.

- Бугунги тадбир давомида мен ўз ғояларимни амалга ошириш имкониятлари жуда катта эканлигини билдим, - дейди Олтинкўл иқтисодиёт коллежи битирувчиси Аббос Эргашев. -Корхонадаги қадоқлаш ускунаси менга жуда ёқди. Мен имтиёзли кредит асосида эчкичиликни ривожлантириб, доривор ва харидоргир эчки сутини қадоқлашни йўлга қўймоқчиман. 

Коллеж битирувчилари “Универсал” ускунасини ишлаш жараёнини ҳам гувоҳи бўлдилар.  

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид