Ўзбекистон | 18:03 / 01.04.2019
19634
3 дақиқада ўқилади

Биржада чорва учун ем баҳоси пасайди

2019 йил I чорак якунига кўра «ЎзРТХБ» АЖнинг биржа савдолари орқали сотилган пахта чигитининг шрот ва шелухаси нархи ўртача 7,1 фоизга пасайган. Хусусан, йил бошидан буён шрот котировкаси 5,6 фоизга, яъни 1 тонна учун 2060,5 минг сўмдан 1945,8 минг сўмга пасайди. Шелуханинг биржа нархи эса 8,7 фоизга, яъни 1 тонна учун 1468,0 минг сўмдан 1340,4 минг сўмга қисқарди. 

Нархларнинг пасайишига биринчи навбатда биржанинг чорва озуқаси бозорида реал бозор шароитининг шаклланиши эвазига эришилгани маълум қилинмоқда.

«Ўзпахтаёғ» АЖ томонидан биржа савдоларига доимий равишда катта ҳажмда шрот ва шелуханинг қўйилиши бозорда талаб ва таклиф мувозанати сақланишини таъминлади. Умуман олганда, кўриб чиқилаётган давр ичида биржа савдоларига 178,0 минг тонна шрот қўйилган бўлиб, ундан 137,5 минг тоннаси сотилган. Шунингдек, 122,8 минг тонна шелуха савдога қўйилган бўлса, ундан 109,5 минг тоннаси сотилди. Шрот ва шелуханинг сотилмаган ҳажми, яъни қолдиғи такрорий равишда биржа савдоларига қўйиб борилади», — дейилади «ЎзРТХБ» Матбуот хизмати ахборотида. 

Маълум қилинишича, биржа савдоларида харидор сифатида фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эркин ва чекловсиз равишда иштирок этишмоқда. Шу билан бирга истеъмолчиларнинг таркибида ҳар бир ҳудуддаги талаб даражасига мувофиқ чорвачилик учун ем ҳажми мутаносиб равишда тақсимланиши қайд этилган. Шу жумладан, Бухоро вилоятининг истеъмолчилари етакчиликни эгаллаб, улар бозорнинг 16 фоизини эгаллашди. Кейинги қаторлардан жой олган Фарғона вилоятининг улуши 12 фоиз ва Қашқадарё вилоятининг улуши 9 фоизни ташкил этди. Қолган ҳудудларнинг улушлари эса 5-8 фоиз атрофида.  

Шуни таъкидлаш керакки, биржа савдолари орқали сотилаётган шрот ва шелуханинг ҳажми гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг шаклланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Мисол учун, 2019 йил I чорак давомида биржа савдолари орқали шартли чорва озуқаси бирликлари бўйича 153,01 минг тонна шрот ва шелуха озуқаси бирлиги сотилган, бу эса республикадаги бир бош йирик қорамол тахминий озуқасининг деярли 5,3 фоизини ташкил қилади.

Мавзуга оид