Ўзбекистон | 07:37 / 11.02.2022
7090
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда лифтда аёлга пичоқ билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди

2022 йилнинг 7 февраль куни соат 21:40 ларда Тошкент шаҳри, Тузел 2-даҳаси 12В-уйда яшовчи 21 ёшли Х.М. ўзи истиқомат қилаётган уйининг яқинида жойлашган озиқ-овқат дўконидан маҳсулотларни харид қилиб қайтаётган бўлган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у яшаш хонадонига чиқиш учун уй лифтига кириб, 7-қават рақамини босган вақтида унинг ортидан номаълум бўлган шахс кириб келиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан қўрқитган.

Қайд этилишича, бу шахс аёлнинг қўлида бўлган баҳоси 3 500 000 сўм миқдоридаги 2 дона тилла узукни куч ишлатиб ечган вақтида лифт 7-қаватга етиб келиб тўхтаган. Шундан сўнг, жабрланувчи ушбу шахсдан қочиш мақсадида баланд овозда фуқароларни ёрдамга чақиришни бошлагани ва номаълум шахс лифтдан чиқиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни муқаддам судланган 49 ёшли А.А. содир этгани аниқланиб, жабрланувчига тегишли бўлган 2 дона тилла узук унинг ёнидан ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олиниб, у процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид