Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Олий судга апелляция шикоятини берди
У жазони енгилроғига алмаштириш ва моддий зарарни тўлашдан озод қилишни сўраган.

Фото: Олий суд ахборот хизмати
2022 йил июл ойида Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар бўйича жиноий ишда судланган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси ва адвокати Ринат Тажимуратов Олий судга апелляция шикоятини берди. Gazeta.uz хабарига кўра, у жазони енгилроғига алмаштириш ва моддий зарарни тўлашдан озод қилишни сўраган.
2023 йил 31 январ куни биринчи инстанция суди Даулетмурат Тажимуратовни ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш учун фитна уюштиришда, ўта йирик миқдорда ўзлаштиришда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштиришда, шахсга нисбатан зўравонлик, талон-торож қилиш, ўт қўйиш, зарар етказиш ёки мулкни йўқ қилиш, ҳокимият вакилига қурол ёки қурол сифатида қўлланадиган бошқа нарсаларни қўллаш ёки ишлатиш таҳдиди билан қаршилик кўрсатиш, шунингдек, оммавий тартибсизлик ва бошқа жиноятларда фаол иштирок этишда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Ринат Тажимуратов акасининг адвокати сифатида Олий судга биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят қилган. У акасига қўйилган кўплаб айбловлар бўйича жиноят аломатлари йўқлигини ёки дастлабки терговда тасдиғини топмаганини маълум қилган.
Шунингдек, Даулетмурат Тажимуратовнинг оилавий аҳволи ва 3 нафар фарзанди борлиги, аҳолига кўрсатган ёрдамини (чекка қишлоқларни газлаштириш, кам таъминланганларга бепул адвокатлик хизматлар кўрсатиш, болалар уйига ҳомийлик қилиш, давлат органларига ёрдам бериш) ҳисобга олиб, 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо турига алмаштиришни сўраган.
Бундан ташқари, адвокат маҳкумларга белгиланган 6,55 млрд сўм моддий зарарни тўлашдан озод қилишни ҳам сўраган.
Мавзуга оид

14:07 / 24.01.2024
Блогер Отабек Сатторий 2024 йил баҳорида озодликка чиқиши айтилмоқда

12:51 / 11.01.2024
Омбудсман Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди

17:22 / 05.06.2023
Нукус воқеаларида айбланган 8 нафар судланувчи озод этилди

23:52 / 01.03.2023