Жамият | 11:09
4009
3 дақиқада ўқилади

Уйда ўтириб ҳам пул топиш мумкин: имкониятлар кўп, фақат хоҳиш керак

Кўплаб аёллар учун молиявий мустақиллик орзуга айланган. Эрдан ажрашган, ёки турмуш ўртоғи томонидан таъминланмаётган, болалари билан уйда қолган аёллар кўп ҳолларда моддий танглик, руҳий тушкунлик ва ўзини ожиз ҳис қилиш ҳолатларини бошдан кечиришади.

Аммо уйдан чиқмасдан, фарзандлар ёнида ўтириб ҳам иш бошлаш мумкин. Бу мақолада айнан шундай имкониятлар ҳақида, биринчи қадамни қандай қўйиш ҳақида маълумот берамиз.

Фрилансинг — тажриба ва қобилият ортидан даромад

Матн ёзиш, таржимонлик, график дизайн, SMM ва веб-контент яратиш соҳалари аёллар орасида энг оммабопларидан. Бу йўналишда фаолият юритувчи ҳамкасбларимизнинг айтишича, улар ойига 300–800 долларгача даромад топмоқда. Бу каби хизматлар Upwork, Fiverr ва Freelancer каби платформаларда таклиф қилинади. Ўзбек ва рус тилида контент тайёрлайдиган аёллар учун бундай платформада ўрнини топиш имкони бор.

Копирайтерлик — уйда ўтириб пул топишнинг қулай йўли

Интернет орқали ишлашни истаган аёллар учун копирайтерлик энг қулай ва талаб юқори соҳалардан бири саналади. Уйда болалар ухлаётганда ҳам фаолият юритиш мумкин. Мақола, реклама ва блоглар ёзиш орқали даромад топиш мумкин бўлиб, бу соҳада тажриба ортган сари ойлик даромадни бир неча юз долларгача етказиш мумкин. Энг муҳими — интернет, ноутбук ва ёзиш қобилияти бўлса кифоя. Соҳада тажриба орттирилгани сари ойлик даромад 500–1000 долларгача етиши мумкин.

Сотув ва тарғиб — интернет орқали маҳсулот тавсия қилиш

Аффилиат маркетинг, рақамли маҳсулот (дизайн, шаблон, электрон китоб) сотиш, YouTube ва Instagram орқали ҳамкорлик реклама олиб бориш — бугунги куннинг трендлари. Айнан бу соҳаларда даромад пассив бўлиши ҳам мумкин — бир марта тайёрланган маҳсулот узоқ вақт пул келтириши мумкин.

Онлайн дарс бериш — билим орқали даромад

Чет тили, психология, ментал арифметика, дўзандачилик каби соҳаларда билимга эга аёллар Zoom, Telegram ва Google Meet платформалари орқали дарс бермоқда. Кўп ҳолларда уларнинг даромади 1 соатда 50-100 минг сўмни ташкил қилади.

Аёллар учун махсус платформалар ва лойиҳалар – имконият бор, қарор ўзингиздан!

  • “Empower Women” ва “Encompass” каби ташаббуслар аёллар учун тадбиркорлик, IT ва молиявий мустақиллик соҳаларида онлайн курслар таклиф қилмоқда.
  • Ўзбекистондаги айрим ташкилотлар, Маҳаллабай ишлаш марказлари ва хотин-қизлар қўмиталари ҳам масофавий ишни қўллаб-қувватлаш учун грант ва ўқув лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Аёллар учун онлайн пул топиш имкониятлари кенг ва турлича. Иш бошлаш учун катта инвестиция шарт эмас, муҳим бўлгани — ўз қобилиятларингизга ишониш ва меҳнат. Агар сизда телефон, интернет ва бироз қобилият бўлса, ишни бошлашингиз учун етарли асос бор.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид