Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда ядро бомбаси синовлари ўтказилгани маълум қилинди

Фото: СС0 Public Domain
АҚШ энергетика вазирлигининг Ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси (NNSA) АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида 8 августда Невада штатида B61-12 ядро бомбаси янги модификациясининг иккита синовини ўтказган. Бу ҳақда NNSA матбуот хизмати маълум қилди.
Синовлар Тонопа полигонида ўтказилган. Жанговар зарядсиз бўлган бомбалар F-15E бомбардимончи самолётидан ташланган. Синовлар вақтида тадқиқотчилар бомбанинг “ноядровий” функциялари ва бомбардимончининг ядро қуролини ташиш ва керакли нуқтага етказишга қодирлигини баҳолашган.
“B61-12’нинг хизмат муддатини узайтириш дастури жадвал бўйича кетмоқда ва миллий хавфсизлик талабларига жавоб беради”, деб айтди NNSA директорининг мудофаа дастурлари бўйича ўринбосари Фил Кальбос.
B61-12 бомбалари АҚШ ядровий арсеналида B61 бомбасининг 4 та бошқа модификацияси (B61-3, -4, -7, -10) ўрнини эгаллайди. NNSA раҳбари Фрэнк Клотцнинг айтишича, модернизация эвазига B61-12 бомбаси яна камида 20 йил хизмат қилиши мумкин.
B61 ядро бомбасини яратиш ишлари 1963 йилда бошланган. АҚШ ҳарбий муҳандислари бомбани яратиш устида 2 йил ишлашган. Сўнгра у серияли ишлаб чиқаришга қўйилган. Кейинчалик бомба мунтазам равишда ўзгартириб ва такомиллаштириб борилган. Бомбанинг узунлиги 3,58 м, диаметри 33 см, оғирлиги 320 кгдан 500 кг гача келади. Бомбанинг ядро заряди 0,3 килотоннадан 300 килотоннадан кўпроққачани ташкил қилади.