Жаҳон | 15:20 / 26.09.2017
9448
2 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch Мьянма армиясини инсониятга қарши жиноятларда айблади

Фото: Reuters

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Ракхайн ғарбий штати ҳудудидаги вазият туфайли Мьянма қуролли кучларини инсониятга қарши жиноятларда айблади. Сешанба куни ташкилот сайтида шу мазмундаги баёнот чоп этилди. 

"Ҳарбийлар депортация қилишди, одамларни ўлдиришди, зўравонлик қилишди ва Ракхайн шимолида роҳингя мусулмонларини таъқиб этишди, бу эса кўплаб ўлим ҳолатлари ва оммавий қочишга олиб келди", - дейилади баёнотда. Ҳуқуқ ҳимоячилари шунингдек БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва қатор мамлакатларни дарҳол санкциялар жорий қилиш ва республика қуролли кучларига қурол етказиш бўйича эмбарго киритишга чақирди. 

Мьянма ҳукумати матбуот котиби Зав Тхай, ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айблови "ҳеч қандай жиддий исботга эга эмас"лигини айтиб, уларни ҳам "хавфли" эканини таъкидлади. Бундан аввал Мьянманинг БМТдаги вакили Хау До Суан республика ҳукуматига қарши роҳингялар геноциди ва минтақада этник тозалаш ўтказишга доир айбловларни инкор қилганди.

Ракхайн ҳудудидаги вазият 25 августда - "Аракан роҳингялари қутқарув армияси" ҳаракатининг юзлаб жангарилари 30 полиция пунктига ҳужум қилгандан кейин кескин ёмонлашди. Шундан сўнг Мьянма хавфсизлик кучлари минтақада куч ишлата бошлашди. Сўнгги маълумотларга кўра, зиддиятлар 400дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган. Охирги ойнинг ўзида Ракхайндан Бангладешга 436 минг киши қочиб ўтган. 

Якшанба куни Ракхайнда роҳингя жангарилари томонидан ўлдирилган 28 нафар этник ҳиндунинг оммавий кўмилгани аниқланди. Душанба куни яна 17 жасад кўмилган жой аниқланди. Ҳукумат "Аракан роҳингя қутқаруви армияси" жангариларини тинч аҳолини ўлдиришда айблади.

Мавзуга оид