Фан-техника | 11:20 / 09.03.2018
10472
2 дақиқада ўқилади

Tesla ўз электрофураларида юклар жўната бошлади

Фото: Instagram/elonmusk

Tesla компанияси илк бор ўзининг янги электр юк машинаси Tesla Semi ёрдамида маҳсулотларини белгиланган жойга жўнатди. Бу ҳақда 8 мартда компания раҳбари Илон Маск Instagram’да маълум қилди. 

Маск ижтимоий тармоқда иккита Tesla Semi’нинг Невададан жўнатилиши олдидан олинган суратини жойлаштирди. Унинг таъкидлашича, юк машиналар компаниянинг Невададаги заводидан Калифорниядаги йиғув майдонига аккумуляторлар етказиб беради.

Гап Tesla Semi ёрдамида тўлақонли синов етказма ҳақида бормоқда. Юк белгиланган жойга муваффақиятли етказилгани-йўқлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган. 

Юк машинанинг 2019 йилда оммавий ишлаб чиқарилиши ва сотилиши бошланмоқчи.    

Tesla Semi тақдимоти 2017 йил 16 ноябрда Tesla’нинг Хоторн шаҳридаги конструкторлик бюроси қошидаги аэродром ангарида бўлиб ўтган. Машина 150 мингдан 200 минг долларгача нархда сотилади. Унинг ишлаш ресурси 1,6 млн км ёки дунё атрофида 40 марта айланиб чиқишга тенг. Электрофура юксиз 96,6 км/соат тезликка бор-йўғи 5 сонияда, максимал юкланган ҳолатда эса 20 сонияда эриша олади.

Tesla Semi яримавтомат бошқарув тизими билан жиҳозланган, у ҳайдовчи иштирокисиз буйруққа кўра юриш полосасини ўзгартириши ва бир шосседан иккинчисига бурила олиши мумкин. Маскнинг айтишича, янги юк машинаси анъанавий юк машиналаридан 20 фоиз тежамкорроқ. Машинанинг 30 дақиқа қувватланиши унга камида 644 км йўл босиб ўтишига етади.

Мавзуга оид