Жаҳон | 15:30 / 30.03.2018
4707
2 дақиқада ўқилади

Туркия Макроннинг Сурия курдлари билан мулоқотга доир таклифини рад этди

Фото: AFP

Анқара Франция президенти Эммануэль Макроннинг "Сурия демократик кучлари" (SDF) билан мулоқот қилиш ва бунда Франция воситачилиги эҳтимолига доир таклифини қабул қилмади. Бу ҳақида Туркия президенти вакили Иброҳим Қолин маълум қилди. 

Макрон пайшанба куни "Сурия демократик кучлари" (SDF) делегацияси билан учрашди ва уларнинг Париж томонидан қўллаб-қувватланишини маълум қилди, мақсад - мамлакат шимоли-шарқидаги вазиятни барқарорлаштириш. Елисей саройида таъкидланишича, Макрон Франция ва жаҳон ҳамжамияти ёрдамида Туркия ва Сурия демократик кучлари ўртасида мулоқот ўрнатиш имконига умид билдирган.

"Биз Туркия ва террорчи гуруҳ (SDF) ўртасидаги "мулоқот ва воситачилик"ка доир жиддийликдан йироқ бўлган ёндашувни рад этамиз. Биз дўст ва иттифоқдош деб ҳисобловчи мамлакатлар террорчи ташкилот фаолиятини қонунийлаштириш ўрнига терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши очиқ ва аниқ позицияни намойиш қилиши керак. Турли номлар террорчи ташкилотнинг асл қиёфасини яшира олмайди", - деб ёзди Қолин ўз Twitter'ида.

Унинг сўзларига кўра, Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси аъзолари ва улар билан боғлиқ Сурия курдлари муҳофаза кучлари ўз фаолиятини SDF номи остида қонунийлаштиришга уринмоқда. 

 

Мавзуга оид