Спорт | 01:47 / 31.03.2018
14504
2 дақиқада ўқилади

2026 йилги қишки Олимпиадани ўтказишга 7 давлат ариза берди 

Фото: ria.ru

Туркиянинг Эрзурум шаҳри 2026 йилги Олимпиадани ўтказиш ҳуқуқи учун курашадиган бўлди. У Халқаро Олимпия қўмитасига ўз аризасини юборган еттинчи шаҳар бўлди. Ушбу аризани Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қўллаб-қувватлаган. 

31 мартда ХОҚ ушбу Олимпиадани ўтказиш учун аризаларни қабул қилишни тўхтатади. Эрзурум Олимпиадани ўтказишга илк бор даъвогарлик қилмоқда. Аввал у фақат қишки Универсиадани қабул қилган. Бундан ташқари, 2017 йилда бу курорт шаҳарда Европа қишки ўсмирлар олимпия фестивали бўлиб ўтган. 

2026 йилги Олимпиадани ўтказишга, шунингдек,  Калгари (Канада), Саппоро (Япония), Стокҳолм (Швеция), Сьон (Швейцария), Грац ва Шламдинг (Австрия, умумий ариза) ҳамда Милан ва Турин (Италия, умумий ариза) даъвогарлик қилмоқда. 

Калгарида 1988 йилги, Саппорода 1972 йилги, Туринда эса 2006 йилги Олимпиадалар ўтган. Стокҳолм эса 1912 ва 1956 йилларда Олимпиада мезбони бўлган. Қолган шаҳарлар бу имкониятга илк бор эга бўлишлари мумкин. 

Юқоридаги шаҳарлардан ташқари, Норвегиянинг Лиллехаммери ҳам ариза бериши мумкин. 

Ариза топширган шаҳарларда ХОҚга батафсил аризалар тақдим қилиш учун ярим йил вақт бўлади. Бу аризалар ХОҚнинг Буэнос-Айресда октябрда ўтадиган сессиясида кўриб чиқилади. 2026 йилги Олимпиада пойтахтини танлаш маросими 2019 йилда ўтади. 

2022 йилги Олимпиада Пекинда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид