Ўзбекистон | 16:33 / 31.03.2018
10303
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: Кўп ресурс ва вақт талаб қиладиган тадбирлар камайтирилади

Архив фото/Америка овози

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов «ҳуқуқий тарғиботни янги ва замонавий усул ва воситалар ёрдамида амалга ошириш лозимлигини ва бу борада вазирлик ўзининг янги ёндашувларини ишлаб чиқиб, жорий этиши талаб» этилаётганини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида Адлия вазири 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборотни маълум қилиб, ўз нутқида қуйидагиларни билдирди.

«​Биринчидан, анъанавий равишда кўп ресурс ва вақт талаб қиладиган тадбирлар, учрашувлар ўтказишни камайтириб, замонавий услубларда иш олиб боришга ўтилмоқда. Чунки, битта аудиторияга бориб, коллеж, лицейдами бошқа ташкилотга бориб қилинадиган тадбирга 100, боринг 200 киши иштирок этади.

Кейин кўп ҳолларда, аудитория худди мажбурлаб бир жойга тўплангандай туюлади. Энг ачинарлиси, тадбирларнинг таъсирчанлиги йўқ. Шунинг учун, Адлия вазирлиги томонидан мазкур йўналишдаги тадбирлар сони мақбуллаштирилмоқда.

Иккинчидан, маълумотни етказиш усули сифатида информацион технологиялардан кенг фойдаланиш рағбатлантирилади. Бугунга келиб, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 миллионга етди, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони бир йил ичида 5 бараварга ошди. Демак, бу катта аудитория, биз учун керакли ҳуқуқий ахборот тарқатиш улкан майдончаси, деб баҳолаш мумкин»​, дейди вазир.

Албатта, Ўзбекистонда барча фуқаролар интернетда фаол эмас, айниқса узоқ қишлоқ ва овул манзилларида аҳолининг турмуш-тарзи, куз-қиш мавсумидаги кундалик муаммолар кўпайиши ва интернетдан фойдаланиш имконият пасайиши ҳам инобатга олинди.

«Реал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларда шундай ёндашув қилинмоқдаки, яъни муаммолардан келиб чиқиб, тегишли ҳуқуқий ахборотни шакллантиряпмиз», деб таъкидлади Давлетов.

Мавзуга оид