Light | 11:40 / 16.07.2019
23254
5 дақиқада ўқилади

Қуёш куйдирганда нималар тақиқланади?

Сметана, вазелин ва кокос ёғи ҳақида унутинг.

Тиббиётга асосланган ҳолда қуёш куйдиришида самарали ёрдам кўрсатиш атиги 4та пунктдан иборат:
1. Совитиш;
2. Намлантириш;
3. Оғриқни камайтириш ва яллиғланишни бартарф этиш (зарур ҳолда);
4. Тузалишини кутиш.

Ушбу маслаҳатлар оддий ва тушуниш осон. Бундан ташқари эса, ультрабинафша нурлардан азият чеккан терига тезроқ ёрдам бериш учун баъзида мос бўлмаган воситалардан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бувилардан қолган одатлар фойдадан кўра зарарга хизмат қилиши мумкин.

Дерматологларнинг синалган тавсиялари ва қуёш куйганда ман этилган ҳаракатлар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

1. Терини совитинг

Биринчи қадам — иложи борича тезроқ тўғридан-тўғри тушувчи қуёш нурларидан панага ўтинг. Сояга ўтиш ҳам қониқтиради, лекин энг яхшиси совутилган хона. 

Иккинчиси — қизиб турган терини тинчлантирувчи компресслардан фойдаланиш. Бунинг учун муздек сувда (чучук сув бўлсин, денгиз суви эмас!) намланган сочиқни зарарланган терига 5-10 дақиқага қўйиш керак. Зарурат туғилса, такрорланг. Совуқ душ ёки ванна қабул қилиш ҳам мумкин.

Нима тақиқланган?
Компресс учун мўлжалланган сувга ёки ваннага бошқа нарсалар қўшманг. Туз (ҳатто, ёрлиғида «тинчлантирувчи» деб ёзилган бўлса ҳам), этанол, сийдик, уксус кабилар шикастланмаган тери ҳудудига ҳам зарар етказади ва шиш ёки беҳаловатликка сабаб бўлади.

2. Терини намлантиринг

Бу ҳам икки қадам билан амалга ошади. Аввало, устки қисмни намлантиринг. Бунинг учун ваннадан чиқишда ёки компрессни ечгандан кейин танани юмшоқ қуруқ сочиқ билан артинг, лекин енгил намликни сақлаб қолинг. Сўнгра намлантирувчи воситалар билан терини парвариш қилинг. Mayo Clinic тадқиқот маркази мутахассислари таркибида айнан камфор ва ментол мавжуд бўлган кремлардан фойдаланишни тавсия этишади, улар намлантириш жараёнида совутиш натижасини ҳам беради.

Иккинчи қадамда ички организмни сувга эҳтиёжини босиш керак. Куйишдан сўнг кўпроқ сув ичинг.

Нима тақиқланган?
Дастлабки кунларда терига ҳар қандай ёғли ёки плёнкали воситалар қўйиш мутлақо мумкин эмас. Тиклаш жараёни давомида у яхши нафас олиши керак.

Ман этилади:

  • ёғли озиқлантирувчи кремлар;
  • мойлар, шунингдек кокос мойи;
  • ҳар қандай ёғлар — ғоз ёғи, бўрсиқдан олинган ёғ;
  • сметана, қатиқ ва бошқа сут маҳсулотлари;
  • вазелин;
  • асал;
  • тухум сариғи.

Куйган терига таркибида декспантенол моддаси сақловчи маҳсулот билан парвариш бериш керак деган фикр ҳам ҳозирги халқаро тиббиёт томонидан рад этилган.

3. Оғриқ ва яллиғланишга чора кўринг

Парацетамол ёки ибупрофен асосли оғриқ қолдирувчи қабул қилинг. Бундай препаратлар нохуш ҳисларни босибгина қолмай, шиш ва қизаришни камайтиришга ҳам ёрдам беради. 
Самарани ошириш учун рецептсиз сотиб олиш мумкин бўлган гидрокортизон таркибли крем суртинг.

Нима тақиқланган?
Лидокаин ва бензокаин мавжуд бўлган маҳсулотлардан узоқ туринг.

4. Кутинг

Тери тиклангунига қадар қуёш нурларига чиқмаган маъқул. Агар зарурат шуни тақозо этса, узун енгли кенг кийим ва офтобдан асровчи бош кийим кийиб олинг. Зарарланган терини намлантиришда давом этинг. 

Терида қавариқ, ғурра, пўрсилдоқлар пайдо бўлиши мумкин. Дерматологларнинг фикрича, улар эпидермиснинг яшаб кетиши ва инфекциялар билан курашишига ёрдам беради. Уларга тегманг.
Агар пуфакча ўзи ёрилса, ўрнини совунли сувда яхшилаб ювиш ва антисептик — таркибида спирт бўлмаган (масалан, хлоргексидин) ёки сувли мазь суриш ва ярани бинт билан боғлаб олиш керак.

Нима тақиқланган?
Терапевт ёки дерматологга учрашни (кучайган аломатларда эса тез ёрдам чақиришни) ортга сурманг.

Агар:

  • Теридаги пуфакчалар ҳажми 1,5 см ва ундан катта бўлса. Катта эҳтимол билан улар ёрилади ва инфекция ўчоғига айланади. Яхшиси уларни мутахассис ёрдамида очиш ва тозалаш керак.
  • Қавариқлар катта ҳажмни қамраб олса, масалан елкадан белгача. Юқоридаги маслаҳатни такрорлаймиз.
  • Ёрилган пуфакча ўрнида яллиғланиш, қизариш ва тошма бошланса.
  • Куйиш юзага келтирган оғриқ вақт ўтиши билан пасайиш ўрнига кучайса.
  • Бош оғриғи, бош айланиши, идрок сустлашиши, кўнгил айниш, безгак, титраш кузатилса. Бу аломатлар соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлган иссиқ уришининг аломатлари бўлиши мумкин. 
  • Инфекцияланиш белгилари вужудга келса — йирингли қавариқлар ёки куйган тери остида кўриниб турувчи қизил чизиқлар. Инфекция қон заҳарланишига олиб келиши мумкин, вақтида олдини олиш зарур.

Мавзуга оид