Ўзбекистон | 17:14 / 18.10.2019
10221
2 дақиқада ўқилади

Эски автомобиллар расмий дилерлик корхоналарига “TRADE-IN” дастури бўйича сотилганда битимнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди

Фото: Shutterstock

Ҳукуматнинг қатор қарорларига “TRADE-IN” тушунчаси, ушбу дастурни қўллаш тартиби ва шартларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Президентнинг тегишли фармонига асосан илгари фойдаланишда бўлган автомобилларни топшириб, қиймати орасидаги фарқни тўлаш орқали янгисини харид қилиш имконини берувчи “TRADE-IN” дастури 2019 йил 1 октябрдан татбиқ этила бошлади. 

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-каналида ёзилишича, шунга кўра, ҳукуматнинг қатор қарорларига “TRADE-IN” тушунчаси, ушбу дастурни қўллаш тартиби ва шартларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, автомобиллар фуқаролар ва юридик шахслар томонидан расмий дилерлик корхоналарига “TRADE-IN” дастури бўйича сотилганда битимнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.

Шунингдек, расмий дилер мазкур дастур бўйича илгари фойдаланишда бўлган автомобилни сотиб олганда, вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун ҳудудий ДЙҲХХ органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар белгилаб берилди.

Бунда, автомобилни вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда ДЙҲХХ органлари томонидан тегишли маълумотнома берилади, ушбу маълумотнома автомобилни бошқариш ҳуқуқини бермайди, шунингдек вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди.

Мавзуга оид