Жаҳон | 14:20 / 05.02.2020
79222
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус биринчиси эмас: тарихдаги даҳшатли эпидемиялар

Фото: China Daily via REUTERS

Инсоният яралибдики, турли-туман дардлар билан курашиб келади. Айниқса юқумли касалликлар одамзотга бот-бот қирон келтирган. Биз ҳозир ваҳимага тушаётган коронавирус икки ойда 500га яқин беморнинг ўлимига сабаб бўлган бўлса, бундан юз йил олдин «испанка» деб ном олган грипп қисқа муддатда 100 млн. кишининг ёстиғини қуритган эди. Қиёслаш учун, бу ўша даврда сайёрамиз аҳолисининг 5 фоизи, бугунги кун ҳисоб-китоби билан 400 млн.га яқин одам қирилиб кетиши билан тенг.

Тарихнинг бирор йили юқумли касалликларнинг оммавий тарқалишисиз ўтмаган. Фақат эмлаш ва вакциналар даврига келибгина инсоният бу касалликлар қаршисида мутлақ ожизликдан қутилди. Эътиборингизга одамзод қирғинларига сабаб бўлган энг даҳшатли пандемиялар ҳақида маълумотлар тақдим қиламиз.

Маълумот учун: бирор эпидемиянинг қитъалараро кўламда тарқалиши пандемия деб аталади.

Қора ўлат

Бу касаллик милоддан аввал Рим ва Юнонистон империяларини ҳам зир қақшатган. Аммо 1346-1353 йилларда жуда шиддат билан кечгани ҳолда XIX асрга қадар ҳам тарқалишдан тўхтамаган. Ана шу 7 йил оралиғида Европада ўнлаб миллион инсон нобуд бўлгани қайд қилинган. Турли маълумотларга кўра, кўҳна қитъа ўз аҳолисининг 30-60 фоизидан айрилган. Бу ўз давридаги барча урушлардаги талофатлардан ҳам анча кўп эди.

Тиббиёт ривожланмагани, диний ва бидъат амаллардан нажот излангани, қашшоқлик каби омиллар даҳшатли қирғинга сабаб бўлади. Чорасизликдан нафақат касалликдан ўлганларнинг жасадлари, балки ҳали жони узилмаган, лекин ўлиши муқаррар бўлган беморлар ҳам олов қаърига отилади. Буни бугунги кун нуқтайи назарида шафқатсизлик дея баҳолаш, ёввойиликка йўйиш тўғри бўлмайди. Ўз даврида фақат оловгина охирги нуқтани қўя олган.

Полиомиелит

Халқимиз тилида шол касаллиги деб аталадиган бу мудҳиш дард ҳам асрларки инсониятни қийнаб келмоқда ва ҳануз самарали давоси топилмаган. Одамзод эмлаш услуби орқалигина полиомиелитни жиловлай олди.

Аммо ўрта асрларда шол касаллигига чалиниши аянчли ўлимни англатарди. Сабаби, санитар-гигиеник меъёрларга амал қилинмас, тўғрироғи улар умуман йўқ даражада эди. Касалликнинг мураккаблиги бирданига ўлим кузатилмай, инсон узоқ муддат мажруҳликдан ҳам азоб чекишида эди.

Ўтмиш шафқатсиз одатлар билан ҳам ёдда қолган. Миллионлаб гўдаклар бу азобларни бошдан кечириб азобланмасин, деган ўзига хос «эзгу» мақсад билан ё тириклай кўмилган, ёки шунчаки жони узилгунга қадар қаровсиз қолдирилган.

Вабо

Бу касаллик шу қадар кўҳнаки, милоддан аввал яшаган Гиппократ ҳам у ҳақда муфассал ёзиб қолдирган. Аммо 1816 йилда бошланган пандемия кўпчиликнинг умрига зомин бўлган. Ҳиндистоннинг Ганга дарёси қирғоқларида бошланган бу эпидемия шиддат билан ер юзига тарқалди. Бунга жазирама иссиқ, сувнинг ўта ифлосланиши, одамларнинг ҳаддан зиёд тўпланиши ва дарёда чўмилиши сабаб бўлган.

Шу ўринда, бундай омиллар бир нуқтада жамланиши сабабларига ҳам тўхталсак. Маълумки, Ганга дарёси Ҳиндистонда азалдан муқаддас ҳисобланади. Кумбха Мела маросимида эса бу ерга миллионлаб одамлар йиғилиб, покланиш амалини бажаришади. 2007 йилда Оллоҳободда кечган шундай маросимга 70 млн. киши ташриф буюрган ва одамларнинг бирор сабаб билан оммавий тўпланиши бўйича мутлақ рекорд ўрнатилган. Айрим йилларда юзлаб одамлар тиқинлар қурбони бўлишади.

Умуман олганда, инсоният шу пайтга қадар вабонинг еттита пандемиясини бошдан кечирган ва уларнинг ҳар бирида миллионларнинг жони узилган. Рақамлар кескин фарқланади. Аммо 1850 йилдаги пандемияда Россиянинг ўзидан миллиондан ортиқ киши нобуд бўлгани айтилади. Биргина 1860 йилдаёқ дунё бўйлаб вабодан 40 миллиондан ортиқ одам қирилиб кетган.  

«Испанка»

Гриппнинг бу тури «испанка» номини олишига икки сабаб бор. Биринчидан, асосий ўчоғи шу давлат бўлган бўлса, иккинчидан, биринчи жаҳон уруши кетаётган даврда Испания нейтраллик мақомини сақлаб қолган ва табиийки, оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, бу касаллик тўғрисида рўй-рост ёзишган. Қолган қатор давлатлар касаллик шиддат билан тарқалаётганига қарамай, буни яширишга уринганлар ва қаттиқ адашганлар.

Айнан «испанка» энг катта пандемияга сабаб бўлган ва даҳшатли қирғин келтирган. 1918-1919 йиллар оралиғи (бор-йўғи 18 ой) давомида кечган бу касаллик билан умумий ҳисобда 550 млн киши, ёки сайёра аҳолисининг 29,5 фоизи касалланган.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, 100 млн.га яқин одам нобуд бўлган ва бу инсониятнинг 5 фоизи бир касалликдан 1,5 йил ичида қирилиб битганини англатади. Бугунги кун ҳисобича, бу салкам 400 млн. киши – Европа аҳолисининг ярми ёки АҚШ ва Канада фуқароларининг барчаси нобуд бўлиши билан баробар бўларди. Қиёслашга ўрин йўқ албатта, аммо биз коронавирус туфайли 500 киши ўлимидан хавотирга тушмоқдамиз.

Одамзод қизиқ, ОИТС, сил, безгак каби касалликларни енгиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфлаш билан биргаликда, замонавий биологик қуроллар яратиш мақсадида ҳам миллиардларни аямайди. Инсон борки вирусларга қарши аёвсиз кураш давом этаверади.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид