Судлараро «копток» бўлаётган чорвадор тадбиркор чорва молларидан ажрамоқда
Гўшт қимматлашмоқда!
Чорвачиликни ривожлантириш керак!
Сут маҳсулотлари истеъмоли кам!
Чорвачиликни ривожлантириш керак!
Тўғрисини айтганда, Вазирлар маҳкамасининг соҳани ривожлантиришга оид қарорларини сонини айтмай қўяқолайлик, давлат раҳбарининг ўзи ҳам бу борада кўплаб фармон-у қарорларни имзолаган, аммо жойларда чорвачилик билан боғлиқ ҳақиқий аҳвол қанақа? Даврий нашрларда, турли ОАВларда чорвачилик ривожланаётгани ҳақида кўп мақола, хабарларга кўзимиз тушади. Лекин, айнан бу соҳада ишларимиз қониқарли эмаслиги боис, Қозоғистон Ўзбекистонга тирик қорамол сотишни тақиқлади.
Kun.uz таҳририяти нафақат мева-сабзавотчиликка ихтисослашган, балки чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларининг ерлари ноқонуний олиб қўйилгани ҳақида кўплаб танқидий мақолалар эълон қилган. Яқинда, шундай муаммога дуч келган яна бир чорвадор фермер хўжалигининг ери ноқонуний олиб қўйилиши билан боғлиқ суд жараёнлари поёнига етди. Kun.uz мухбири ҳам кузатувчи сифатида иштирок этган суд мажлиси Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, иккинчи маротаба, 350 бош қорамолни боқиб, арзон гўшт ва сут етказиб бериб турган бир тадбиркор тақдири эътиборга олинмаган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, қуйи инстанцияга «тепиб юборилди».

Келинг, ҳолатни лўнда тилда тушунтиришга ҳаракат қилайлик. 2020 йил 21 январда Олий суд судьяси А. Муродов раислигида бўлиб ўтган судлов ҳайъати «... Milk and Meat Agro МЧЖнинг низоли ер участкаларига нисбатан бўлган ҳуқуқи қуйидаги қонун талаблари бузилган ҳолда бекор қилинган...», дея эътироф этгани ҳолда, якунда «мазкур иш юзасидан қабул қилинган Қибрай туман маъмурий судининг 2018 йил 14 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 3 июндаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанцияга юборилсин», дея қарор қабул қилади.
Судлов ҳайъати ўз қарорига сабабларда таъкидлашича, «биринчи инстанция судининг ҳал-қилув қарори қабул қилинганидан сўнг, низоли ер участкалари Зангиота туман ҳокимининг 2019 йил 11 февралдаги 48/897, 48/898, 48/911, 48/916-сонли қарорлари билан 4та фермер хўжалигига ва 15 нафар субъектларга берилган бўлиб, аризачининг талаби бўйича қабул қилинадиган суд қарори ушбу шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилиши сабабли улар ишга учинчи шахс сифатида жалб қилиниши лозим бўлади».
Айни шу ерда, суд ҳайъати қарорига нисбатан бир нечта савол пайдо бўлади:
Демак, ер участкасининг бир фермер хўжалигидан олиниши ноқонуний бўлган тақдирда ҳам, уни олиб қўйган ҳоким ерни бошқаларга тақсимлаб юборса, ҳеч нарса бўлмагандек, ишини давом эттираверар экан-да? Унга, унинг атрофидагиларга ҳеч бўлмаганда хизмат текшируви тайинланмайдими? Ёки улар, ўзининг ерини тақсимлаб бермоқдами?
Бундан хулоса қилиш мумкинки, эртага бошқа бир ҳоким келиб, 15 тадбиркордан ерни ноқонуний олиб қўйиб, яна бошқа 30 субъектга бериб юбориши мумкинми, шундай қилса бўладими? Ўшанда, 15 киши ҳам судма-суд юраверади, суд ҳайъати эса, ер нотўғри олинган, аммо нотўғри олинган ер 30 кишига бўлиб берилган, уларнинг манфаатини ким ўйлайди, дея қарор чиқаради, шундайми? Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарорини мен «нотўғри» тушуниб қўймадимми, мабодо?
Ери нотўғри олинган чорвадор фермер Олий суд қароридан сўнг қандай хулосага келмоқда? – Биз спорт тилида айтганда судлар ўртасида копток бўлдик

«Бу масалада (суд қароридан) қониқдик ёки қониқмадик, деб айтишда иккиланиб турибмиз. Бу ишимиз 2017 йилдан бери чўзилиб келяпти. Туман, вилоят, шаҳар, вилоят, туман ва Олий судда бўлдик. Охиргисида ҳал бўлса керак деб ўйлаган эдик. Аммо, бу сафар яна қуйи инстанцияга қайтаришди. Тадбиркор учун нима қилиш номаълум бўлиб турибди.
Амалдаги қонунлар Зангиота туман ҳокимлигида амал қилмаяпти. Нега деганда, бизнинг еримиз олиб қўйилиши билан боғлиқ суд жараёнлари давом этаётган бир вақтда низоли ер майдонини кимгадир бериш учун ҳокимлик қарори чиқади. Шу сабабли, суд бу масалани ҳал қилиш учун 1-инстанцияга юборади. Энди ҳал бўлди, деганда, ҳокимлик ерни бошқа тадбиркорларга бериб юборади. Мана шунақа сарсонгарчилик, оворагарчилик давом этиб келяпти.
Биз то Олий судга етиб келгунча қанча вақт ўтяпти. 3 йилдан бери, спорт тилида айтадиган бўлсак, судлар орасида копток бўлиб қолдик.
Чорвачилик фермамизнинг тақдири ҳам номаълум бўлиб қолди. Чунки, озуқа базамиз йўқ. Еримиз захирага олинганидан бошлаб, қорамолларни кўчадан бозор нархида ем-хашак харид қилиб боқиб келдик. Бу ўзини қопламайди. Лекин, шунча чорвани ташлаб кетишни ҳам истамаяпмиз», - дейди Муроджон Жўраев.
Таъкидлаш ўринлики, тадбиркорнинг ери олиб қўйилиши ноқонуний амалга оширилгани фақатгина Олий суд қарорида эътироф этилмаяпти. «O‘zdavyerloyiha» Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти Тошкент вилояти бўлинмасининг Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқарма бошлиғи в.б. А. Холмирзаевга йўллаган 2019 йил 5 июлдаги 72-01/10-209-сонли хатида жумладан шундай дейилади.
«...Зангиота тумани ҳокимлиги томонидан қабул килинган 2017 йил 20 июндаги 1322-сонли қарори ўрганилганда бир қатор қўпол камчиликка йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан, қарор қабул қилинишига асос бўлган туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2017 йил 18 майдаги далолатномасида Milk and Meat Agro МЧЖда мониторинг кузатиш ишлари амалга оширганлиги қайд этилиб, тузилган ҳужжатлар «далолатнома» деб номланган, ваҳоланки ЎзР Ер мониторинг юритиш услуби («IX-боб-Ер мониторинги натижаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиблари»)да мониторинг натижалари бўйича далолатнома эмас, балки маълумотнома тузиш белгилаб қўйилган бўлиб, мониторинг натижалари бўйича ерни олиб қўйиш ёки бериш юзасидан таклиф киритиш ваколати берилмаган.
Шу билан бир қаторда туман прокуратурасининг 2017 йил 9 июндаги 10/07-сонли тақдимномасида Milk and Meat Agro МЧЖ томонидан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 65-моддаси бузилганлигига эътибор қаратилган бўлиб, ушбу модда бўйича содир этилган қонун бузиш ҳолатлари юзасидан ер майдонларини захирага олиш эмас, балки мансабдор шахсларга иш ҳаки базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солиш белгиланган холос.
Бундан ташқари, Зангиота тумани ҳокимлиги ер масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг 2017 йил 14 июндаги йиғилишида туман прокуратурасининг 2017 йил 9 июндаги 10/07-сонли тақдимномасини муҳокама қилиш асосий манфаатдор томон яъни Milk and Meat Agro МЧЖ раҳбарлари ёки вакиллари таклиф этилмаган ҳолда ўтказилган. Туман ҳокимининг 2017 йил 20 июндаги 1322-сонли қарори туман ҳокимининг 2014 йил 1 июлдаги 639-сонли қарорини қисман бекор қилиш тўғрисида қабул қилинган бўлса-да, амалда Milk and Meat Agro МЧЖга берилган ернинг бир қисми эмас, балки барча, яъни жами 192,08 гектар ер қайтариб олинган.
Ваҳоланки туман ҳокимининг 2017 йил 18 майдаги 103-ф-сонли фармойишига асосан тузилган комиссия томонидан 2017 йил 29 майда тузилган далолатномада Milk and Meat Agro МЧЖда жами 236 бош шартли қорамол мавжудлиги ва унга озуқа базаси учун 70,0 га экин ер майдони талаб этилиши қайд этилган бўлса-да, ушбу ҳолатга эътибор қаратилмаган ва барча ер майдони туман захирасига олинган...».
Умуман, Milk and Meat Agro МЧЖ иши билан боғлиқ ҳолат 2018 йил 28 февралидан эътиборан 8та инстанциядаги судда кўрилган. Ва ниҳоят, 2020 йил 21 январдаги 9-марта ўтказилган Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати иш 10-марта судда кўрилиши юзасидан қарор чиқариб турибди.
Наҳотки, бирор судда мазкур қарорни узил-кесил, шикоятга ўрин қолдирмайдиган тарзда ҳал қилиш имконияти мавжуд бўлмаса?! Буларнинг барчаси, орқаваротдан жуда жиддий «манфаатлар тўқнашуви» бўлмоқда, деб тахмин қилишимизга асос бўлади.
Бундай тахмин қилишимизга ҳам бизларнинг ўз важларимиз бор. Чунки, айнан Milk and Meat Agro МЧЖ янги, замонавий иссиқхоналар қуриш лойиҳаси билан ҳокимликка мурожаат қилганидан сўнггина, уларнинг ери олинганидан хабар топган.
Судда эътироф этилганидек, ноқонуний захирага олинган ерлар эса, айнан иссиқхона қуришлари учун бошқа тадбиркорлик субъектларига бериб юборилган. Иссиқхона учун мўлжалланган ҳудудда эса, Тошкент шаҳарнинг кўп қаватли уйларини иссиқ сув билан таъминловчи дошқозонлардан бири жойлашган бўлиб, унинг қайтиш тармоғига иссиқхонани улаш энергия харажатларини карраларга камайтириш имконини берган бўлар эди. Ахир, бундай қулай жойни қўлга киритган ким ҳам уни осонликча бой бериб қўярди?
«Ўз фаолиятимизни янада ривожлантириш мақсадида 20 гектар ерга иссиқхона қуришни режалаштириб, лойиҳаларни қилдирдик. Бизга тегишли идоралар хулосалари олиниб, лойиҳани амалга ошириш мумкинлигига доир хулоса беришди. Сўнгра, туман ҳокимлигига мурожаат қилсак, бизни ерлар захирага олингани ҳақида гаплар урчиди. Бизни ҳеч ким бу ҳақда огоҳлантирмаган ҳам. Суриштира бошлаганимиздан сўнг, қарорни беришди. Қарор ости ҳужжатларни ўргансак, 2017 йил 18 майда далолатнома қилинган экан. МЧЖдан эса, ҳеч ким иштирок этмаган. Далолатномани тузган комиссия, ерни захирага олиш керак, деб хулоса беряпти. Шу билан ҳоким қарори чиқмоқда», - дея муаммо моҳиятига ойдинлик киритади М.Жўраев.
Хуллас, Milk and Meat Agro МЧЖ билан боғлиқ суд машмашалари мана шулардан иборат. Бу ёқда суд иши якунланмаган экан, Зангиота туман ҳокимлиги ерни ўз билганича тасарруф этишда давом этмоқда. Истаганига истаганча ер тақсимлаб бериляпти. Улар орасида эса, 2 йилдирки, фойдаланилмаётган майдонлар ҳам бор. Бунга, нафақат биз, балки Олий суд судьялари ва прокуратура ходимлари ҳам гувоҳ бўлишди. Афсуски, уларнинг тиши ҳам «Зангиота»га ўтмас экан. Яна биринчи инстанцияга қайтариб қўя қолишди.
Туман ҳокимлиги эса, янгича усулни қўллашга ўтган кўринади. Бизга маълум қилишларича, эндиликда, ҳокимлик Milk and Meat Agro МЧЖга берилган ер ижара шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан ҳаракатларини бошлаб юборибди.
Толиб Раҳматов Kun.uz мухбири
Нуриддин Нурсаидов Kun.uz оператори
Мавзуга оид

12:13 / 03.07.2025
Зангиотада сифатсиз дори воситалари ва буюмлари савдосига чек қўйилди

20:55 / 12.06.2025
“1 соатда битадиган муаммони 1,5 йилдан бери чўзишмоқда” – Зангиотада тайёр янги мактаб иш бошламаяпти

17:00 / 27.05.2025
Бозор – гўшт нархи ҳақида: “Ем-хашак қиммат, мол боқиш осон бўлмай қолди”

12:15 / 10.05.2025