Иқтисодиёт | 11:40 / 19.03.2020
46333
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус қоғоз пуллар муомаласига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Дунё кун тартибидаги энг долзарб масала, яъни коронавируснинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари тез-тез муҳокама қилинмоқда. Эпидемия бутун дунёни қамраб олган айни бир вазиятда мутахассислар вирус тарқалиш хавфини камайтириш учун банкнота-нақд пуллардан фойдаланмаслик кераклигини таъкидлашмоқда ва рақамли технологиялар – контактсиз тўлов усулларидан фойдаланишни маслаҳат беришмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам контактсиз тўлов усулларини кенг жорий қилишга ундамоқда. Ўтган ҳафта «Коронавирус пул орқали юқиши мумкинми?» деган саволга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот котиби «Иложи борича контактсиз тўлов усулларидан кўпроқ фойдаланилгани яхши», деб жавоб берди. Унинг бу гапи ОАВда катта акс-садо берди. Шундан кейин «Қоғоз пуллар орқали вирус юқиши мумкинми?», «Энди нақд пулсиз савдо қилиш замони келдими?» деган саволлар ўртага чиқди.

Бунинг ортидан баъзи давлатлар аллақачон банкноталарга нисбатан эҳтиёт чораларини кўришни бошлаб юборди.

Хусусан, Хитой давлат банкининг собиқ раиси Лихуи Ли Хитой миллий валютаси – юаннинг рақамли муқобили сифатида танилган «Электрон валюта» DCEP (Digital Currency Electronic Payment) нақд пулнинг ўрнига қўлланишини таъкидлади. Шунингдек, Хитой маъмурлари барча молия институтларига барча келиб тушган тўловларни зарарсизлантириш, кейин эса бир ҳафта давомида қуруқ жойда сақлаш бўйича кўрсатмалар юборди. Марказий банк банкнотларга ультрабинафша нурлари билан ишлов беради ёки уларни махсус печларга жойлаштиради. Бундан ташқари, янги банкноталар босиб чиқарилади ва эскирган пуллар муомаладан чиқарилади.

GETTY IMAGES

Жанубий Корея ва Венгрия расмийлари банклардан келадиган банкноталарни махсус печларга жойлаштирадилар, пуллар 150 даражага қадар ҳароратда бир неча сония ушлаб турилади. Кейин ҳарорат 42 даражага туширилади. Пуллар йиғилгач, яна дезинфекцияланади.

Эрон ҳукумати ҳам одамларни банкноталардан сақланишга чақирмоқда.

АҚШда эса Федерал захира хизмати Осиё мамлакатларидан келадиган 7 ёки 10 кунлик ҳисоб-китобларни карантинга қўймоқда.

Арманистон Марказий банки Cоvid-19 пандемияси тарқалишининг олдини олиш учун эски банкноталар янгиларига алмаштириб борилиши ҳақида эълон қилди.

GETTY IMAGES

Германия Марказий банки бундай йўл тутмоқчи эмас.

«Чунки ҳозирги пайтда коронавируснинг евро банкноталари орқали тарқалиши ҳақида бирор аломат ёки далил йўқ. Бошқа юзалар билан таққослаганда, бунинг эҳтимоли минимал», дейди Бундесбанк.

Сўнгги кунларда контактсиз тўлов усулларидан фойдаланиш дунё миқёсида кенг оммалашди. Кредит карталари, банк ўтказмалари, электрон ҳамёнлар ва рақамли қийматларни ўтказиш усуллари билан машҳур бўлган блок занжирига асосланган криптовалюталар шулар жумласидандир.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, қўлланиш бўйича қоғоз пуллардан кейинги ўринда турувчи пластик карталар ҳам қўлдан қўлга ўтганда, шунингдек, панел орқали парол киритилганда қоғоз пуллар сингари вирусларни «ташиши» мумкин. Шунинг учун онлайн буюртма каналлари орқали харид қилиш ва интернетга асосланган хавфсиз кредит карталар билан тўловларни амалга ошириш тобора оммалашиб бормоқда.

Масалан, биргина Туркиянинг ўзида март ойининг биринчи ярмида ички пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошган, нақд пул олиш миқдори эса ўзгармай қолган. Атиги 15 кун ичида карточкалар орқали бутун 2015 йилдагига нисбатан кўпроқ тўловлар амалга оширилган.

Технологик жиҳатдан ривожланган мамлакатларда кенг қўлланадиган яна бир усул Venmo, PayPal, Cash App, Android Pay veya Apple Pay каби ҳамён мобил иловалар ёрдамида харидларни амалга оширишдир. Ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида учрай бошлаган сунъий интеллект технологияларидан бири – юзни аниқлашга асосланган тўлов усулидир. Янги валюта тури сифатида баҳоланаётган маълумотларни чуқур ўрганиш усулларига таянувчи юзни аниқлаш технологиялари энди нафақат мобил телефонимизнинг экран қулфини очиш учун, балки жамиятдаги эҳтимолий жиноятчиларни таъқиб қилиш учун ҳам ишлатилмоқда. Ҳатто технология ривожланган баъзи мамлакатларда харидларни камерага табассум қилиш орқали ҳам амалга ошириш мумкин.

Тиббиёт мутахассислари одамлар билан муносабатларни қисқартириш, қоғоз пул ва танга каби нопок сиртларга қўл теккизмаслик, қўлларни кўз, оғиз ва бурундан узоқроқ тутиш касалликка чалиниш эҳтимолини камайтиришини бот-бот таъкидлашмоқда.

Демак, коронавирус кенг тарқалаётган айни кунларда рақамли валюталар ва электрон тўлов усуллари амалиётини кенг жорий этиш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида банкнот ва моддий пул бирликларининг «умри» тугаётганига ишора қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бир мунча вақтдан бери рақамли тўлов компаниялари, молия дунёси ва давлат сиёсати бошқарувчилари банкнот ва нақд пуллардан узоқлашишга одамларни даъват қилиб келишаётган эди. Касаллик тарқалиш хавфини камайтириш учун кўрилаётган чоралар уларнинг ушбу чақириқлaрига куч бағишлади. Шунинг учун мутахассислар тўловлар нақд пул ва пластик карта орқали амалга оширилаётган бугунги кунимизни ўтиш даври сифатида баҳоламоқда. Афтидан, коронавирус эпидемиясидан кейин дунё кўп жиҳатдан биз билган эски дунё бўлмай қолади ва кўп одатлар тарихга айланади …

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид