Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Менга тегишли эмас» деманг. Ҳозир кўчага камроқ чиқиш нима учун муҳим?
«Олти қўл бериб сўрашиш» назарияси бор. Яъни дунёдаги ҳар қандай инсон билан мана шунча масофада яқин эканмиз. Танишларни боғлаб-боғлаб, ҳар қандай инсонга шу тариқа етиша оламиз. Масалан, сиз Равшан Эрматов билан қаердадир қўл бериб кўришгансиз. У эса, Месси билан. Демак, сиз Мессига атиги икки қадам, «икки сўрашиш» масофадасиз, холос. Умуман, биз одамлар билан ўйлаганимиздан кўра яқин масофадамиз.

Карантин, иложи бўлса, уйдан ташқарига чиқмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларга беэътибор бўлаётган юртдошларимиз кўп – чойхоналар, бозорлар гавжум, тўйлар бўлиб турибди. Чунки кўпчилигимиз учун бу хавф ҳали ҳам анча узоқдек туюлаётгани табиий, ахир вирус қаердадир аэропортда ёки чет элдан келган шахсларнинг қариндошларида, ёки ҳоказо. Яъни бизга алоқаси йўқ, бир умр қишлоқдан ёки маҳалладан чиқмаган Тошмат билан кўришиб, вирус юқтиришга ишониш қийин. Аммо аслида ҳам шундайми?
Келинг, буни тушуниш учун ҳамма одамларни 4 тоифага бўлиб оламиз - A, B, C ва D тоифаларга.
- «A» тоифа – коронавирус аниқланган шахс.
- «С» тоифа – «A» билан бевосита мулоқот қилган ва «A»га таниш бўлган шахслар. Яъни «A»нинг оила аъзолари, дўстлари, овқатланган жойдаги кассир ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
- «B» – тоифа – у ҳам «A» (коронавирус билан касалланган шахс) билан мулоқот қилган, лекин билмаган ҳолда. Дўконларда, жамоат жойларида, масжидларда, бозорларда, хуллас, билмаган ҳолда «A»дан касаллик юқтириб олиши мумкин.
- «D» тоифа – «A» билан умуман алоқа қилмаган, яқин келмаган инсон. Яъни, сиз, биз, ҳаммамиз, дейлик.
Энди, коронавирус юқишининг олдини олиш учун нима қилинади?
«A» – дарҳол даволаниш учун ётқизилади.
«С» – дарҳол карантинга олинади. Вирус юққанми ёки йўқми текширилади. «С»ларни топиш осон, чунки «A» қаерларга борганини, кимлар билан кўришганини айтиши мумкин. Шунга кўра ҳаракат қилинаверади. Агар «С»дан ҳам вирус чиқса, у ҳам «A»га айланган бўлади, демак унинг ҳам «С»ларини (танишларини) топиб, карантинга олиш керак.
«B» – энг ёмони, биз бу одамлар кимлигини билмаймиз. Чунки «A» кўчада, жамоат жойларида ўзи билмаган ҳолда кимларга юқтирган бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳатто «В»нинг ўзи ҳам, ўзи вирус юқтирган бўлиши мумкинлигини билмайди. Чунки ҳатто барча «A»лар эълон қилинган тақдирда ҳам, ўша одамлар билан бир жойда рўпара келган бўлиши, ёнидан ўтганда ёки айни буюм қўлланганда юққан бўлиши мумкинлигини билмайди.
«D» – Юқорида айтганимиз «B» тоифа ҳеч нарсадан хабарсиз, кўчада, жамоат жойларида, оила даврасида оддий турмуш тарзида яшаб юраверади. Токи касаллик симптомлари (14 кунда) аниқланмагунча. Бу давр ичида, у бошқа инсонлар билан учрашиши ва уларга ҳам вирус юқтириши мумкин. Энди, «D»лар ҳам «B» билан учрашиб, улар ҳам «B»га айланиб қолишади.
Карантиннинг мазмуни шундан иборатки, «A» ва «С»лар осон топилиб, карантинга олинди, буни биламиз хўп. Лекин «A» билан ўзи билмаган ҳолда, танимаган ҳолда алоқа қилган ва вирусни юқтирган бўлиши мумкин «B»лар бор ва улар карантинда эмас. «B»лар «D»лар билан кўришиб, уларни ҳам «B»га айлантириши ва кундан-кунга «B»лар сони кўпайиб бориши турган гап. Шунинг учун:
«D»лар, яъни биз, уйда ўтирсак. Вирус юқтирганлар ва уларнинг танишларининг бизга алоқаси йўқ, демасдан эҳтиёт чораларини кўрсак, «А» ва «С»лар шундоқ ҳам карантинда, демак энди фақат «B»ларни топиш қолади.
«B»лар қандай топилади? Ўша уйда ўтирган «D»лар ичидан. 14 кун ичида коронавирус симптомлари маълум бўлади. У доктор чақиради. Анализ олиниб, агар вирус аниқланса (у ҳам «A»га айланади), даволанишга, оила аъзолари (янги «С»лар) карантинга жўнатилади. Шу пайтгача у уйда ўтиргани учун, кўчада бошқалар билан мулоқот қилмаган, бу орқали потенциал беморларнинг кўпайишини тўхтатган бўламиз.
Яъни ҳар бир вирус аниқланган шахснинг «С»лари (у билан мулоқот қилган шахслар) ва «B»лари (у билмаган ҳолда юқтирган нотаниш шахслар) кам бўлса, вазиятни назорат қилиш ва касалларни камайтириш осон бўлади.
Шунинг учун, азиз «D»лар, кўпроқ уйда ўтиринг, зарур бўлмаса, турли жамоат жойларига, одамлар тўпланган давраларга борманг, ўзингиз билмаган ҳолда «B»га айланиб қолманг.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид

17:18 / 05.07.2025
Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқалди

17:25 / 01.07.2025
ЖССТ Covid-19 қандай пайдо бўлгани ҳақида якдил хулосага келмади

18:37 / 20.06.2025
Ўзбекистонда 500 минг гектардан зиёд ҳудудда чигиртка тарқалгани аниқланди

00:30 / 09.06.2025