Партия етакчилари – меҳнат таътили, камбағалларга ёрдам, давом этаётган мажлислар ва фавқулодда ҳолат ҳақида
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ортиб, унинг кенг тарқалишига қарши ҳукумат томонидан қўлланилаётган таъсир чоралари кучайиб борар экан, бир қанча саволлар ҳам кун тартибида пайдо бўлмоқда.
– хусусий ва давлат ташкилотлари ходимларининг айни пайтда ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб юборилаётгани қанчалик асосли?
– карантин шароитида жамиятнинг камбағал қатлами учун қандай ёрдам турлари кўрсатилади? Бу борада Ўзбекистон ҳукумати аниқ режага эгами?
– ҳукумат қарори билан карантин шароитида амалдорларга турли йиғилишлар ўтказмаслик бўйича топшириқ берилган эди. Аммо, баъзи ҳолатларда йиғилишлар ташкил қилиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. Хўш, парламент қуйи палатаси бу борада қандай назорат чорасини ўрнатган?
– Ўзбекистондаги қатъийлаштирилган карантин чоралари қўлланилмокда. Кўрилаётган ушбу чоралардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун вазият етилгандек. Бу борада Парламент яқин кунлар ичида нималарни режалаштирмоқда?
– жойларда маҳаллий кенгаш депутатларининг аҳоли уйларига кириб тушунтириш ишлари олиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу узилаётган вирус тарқалиш занжирини яна тикламайдими?
Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нечта депутатлари билан боғланиб, шу каби саволларга жавоб олди.
«Бу вирус бизга кўп нарсани ўргатиб кетади» – Алишер Қодиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари
Қодиров биринчи савол юзасидан фикрларини билдирар экан, дастлаб пандемик карантин ҳолатида мулк шаклидан қатъи назар ходимларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш бўйича Президент фармонида керакли топшириқлар берилганини эслади.
Унинг айтишича, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмак миқдорини ошириш каби тадбирлар ҳам шулар қаторига киради.
«Билишимча, давлат идоралари ходимларига меҳнат таътили, ўз ҳисобидан таътил ёки масофавий иш режимини таклиф қилган. Хусусий бизнесга келсак, қонун бизнесни зарарга мажбурлай олмайди, лекин бугунги ҳолат форс-мажор деб топилиб, ҳукумат томонидан бизнесга бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Бундан мақсад ҳам фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бундай инқирозларнинг зарари доимо давлат бюджети зиммасига тушади. Шу сабабли ЯИМ 1,8 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Давлатнинг зарар кўриши ўз-ўзидан ҳаммамизнинг зарар кўришимиздир», – деди у.
Спикер ўринбосари навбатдаги саволлар юзасидан қуйидагича жавоб берди.
2. «Парламент қуйи палатасида ҳозирги вақтда бирорта мажлис ўтказилмаяпти. Жумладан, ўтган ҳафтада ҳам кенгаш мажлиси видеоконференция тарзида ташкил қилинди. Лекин ялпи мажлисни бундай ўтказишнинг техник имкониятлари бўлса-да, ҳуқуқий асоси йўқ. Бу ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.
Гап умуман барча вазирлик ва ташкилотлар ҳақида кетаётган бўлса, бундай ҳолат карантин талабларини бузиш сифатида баҳоланади ва тегишли чора кўрилишига сабаб бўлади. Фуқаролар томонидан депутатларга бундай мурожаат ҳали бўлмади».
3. «Фавқулодда ҳолат эълон қилиш зарурати Республика комиссияси томонидан белгиланиши керак. Бундай таклиф киритилса, албатта, кўриб чиқилади. Бизга бундай таклиф киритилмаяптими, демак асос бор».
4. «Жойларда партия ташкилотлари ва маҳаллий кенгаш депутатларимиз аҳоли ичида тушунтириш ишлари олиб бориш билан бирга карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш ҳам мақсад қилинган эди. Республика комиссиясининг сўнгги қарорларидан келиб чиқиб, ЎзМТДП ўз депутатларига бундай фаолиятни кескин қисқартириш, жуда зарур ҳолатлар бўлмаса кўчага чиқмаслик бўйича топшириқ берилди».
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари жавоблари якунида бугунги чекловлар яхши кундан эмаслигини таъкидлаган ҳолда, уни барча тўғри қабул қилиши кераклигини яна бир бор такрорлади.
«Қилинаётган ишлар одамларни асраш учун қилинмоқда. Масалан, Японияда карантин эълон қилинмади, нега? Чунки уларда тиббий маданият жуда юқори. Улар карантинсиз ҳам кунига ўн марта қўлини совунлаб ювади, орадаги масофани жиддий сақлашади ва соғлом яшашади.
Биз сайловларда жамият ўзини ҳурмат қилишни ўрганмаса, ривожлана олмайди, деб кўп гапирдик. Ўзини ҳурмат қилиш даражасини икки кунда 10 мингдан ортиқ фуқароларга ниқоб тақмагани учун жарима қўлланилгани яна бир бор кўрсатиб қўйди.
Бу вирус бизга кўп нарсани ўргатиб кетади», деди Алишер Қодиров.
«Камбағал аҳоли қатламига бу давр ҳақиқатда оғир кечади» – Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари
Социал-демократлар етакчиси Наримон Умаров ҳозирги шароитда ҳукуматнинг ходимларни иложи борича ишхонада бўлмаслиги, фуқароларнинг юзма-юз мулоқотни кескин камайтириш зарурати тўғрисидаги қарори тўғрилигини таъкидлади.
Аммо бундай пайтда иш берувчи ва ходимларда танлов имконияти ҳам мавжуд.
«Яъни ҳозирги техник шароитлардан фойдаланган ҳолда масофадан туриб ишлаш ёки ходимнинг ўз аризасига биноан меҳнат таътилига чиқариш. Менимча, ҳар иккала ҳолат ҳам қонун бузилиш ҳолатига кирмайди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, баъзида корхона раҳбари томонидан ходимларни таътилга зўрлаб чиқариш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳолат қонунчилигимизга зид ҳисобланади ва ҳодимнинг манфаатлари тегишли тартибда қонун билан ҳимоя қилинади», деди Умаров.
Спикер ўринбосари Ўзбекистонда камбағал аҳолини айни шароитда қўллаб-қувватлаш бўйича қандай режалар қилинаётгани бўйича ҳам маълумот берди.
Унга кўра, камбағал аҳоли қатламига бу давр ҳақиқатда оғир кечади.
«Шундай бўлса ҳам, ҳукумат томонидан ташкил этилган бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вақтинчалик меҳнат қилиш ишлари карантин даврида бироз қисқариши инобатга олиниб, нарх-наволар назорати йўлга қўйилди ва бу жараён давом этади. Бунда барча депутатлар корпуси иштирок этиши ҳам белгиланган.
Ушбу қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган Меҳр-мурувват фонди ҳам фуқароларимиз эътиборидан четда қолмади. Бу фондга тадбиркорлар, оддий фуқаролар ва депутатлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Кечагина Қонунчилик палатаси депутатлари ўз хоҳишлари билан бир кунлик иш ҳақларини ушбу фонд ҳисобига ўтказдилар. Бундай саховат ва меҳрибонлик ишлари давом этади», деди у.
Партия етакчиси Наримон Умаров Ўзбекистоннинг нисбатан ўзига тўқ яшовчи фуқароларига мурожаат ҳам қилар экан, улардан ҳозирги шароитда фаоллик кутиб қолишини ва одамларни бир-бирига қайишган ҳолда, бир миллат, бир мушт бўлишга чақирди.
Баъзи раҳбарлар йиғилиш ўтказишни тўхтатмаётгани борасидаги саволимизга спикер ўринбосарининг жавоби қуйидагича бўлди:
«Афсуски, эътиборсизлик ҳамон бор.
Бугунги эпидемиологик ҳолат кўпчиликни бир жойга йиғмасликни талаб этмоқда. Шундай экан, барча катта-ю кичик ташкилотлар ҳамда хусусий корхона раҳбарлари шунга қатъий эътибор беришлари талаб этилади.
Кўпчилик корхоналарда электрон шаклда ҳисоботлар ва мажлислар ўтказиш одатий ҳолат бўлиб қолган. Бошқа муассасалар ҳам мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда масофавий мажлислар ўтказиши мумкин. Бу ўринда раҳбардан вазиятни тўғри баҳолаш ва қатъий қарор керак».
Cуҳбатдошларимизнинг барчаси фавқулодда ҳолат билан боғлиқ саволга ўта эҳтиёткорлик ва имкон қадар умумий фикрлар билан жавоб беришди.
Хусусан, Наримон Умаров ҳам янги қарорларни кутгандан кўра ҳукумат томонидан ҳозирги кунда белгиланган тадбирларни ижросини таъминлаш энг устувор вазифа деб ҳисоблашини билдирди.
«Республика махсус комиссияси ҳар куни ўз йиғилишларини ўтказмоқда. Ҳолат тўлиқ назоратда, агарда қўшимча чоралар кўриш зарурияти бўлса, улар эълон қилишади. Биз депутатлар ҳам доимий равишда ҳар кунлик ҳолатдан хабардормиз. Заруриятга қараб қўшимча чоралар кўрилади, деган умиддамиз», деди у.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари шунингдек, каратин шароитида депутатларнинг жойларда уйма-уй юриши билан боғлиқ саволга жавоб берди.
«Бунда асосий эътиборни уйма-уй юриш эмас, балки маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳукумат топшириқлари бажарилиши, бозорлардаги нарх-наволар ошмаслигига қаратилган чоралар самарадорлиги, тиббиёт муассасаларидаги хизматлар сифатини назорат қилиш ва тадбиркорлар олдидаги муаммоларини ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатиш каби масалаларга қаратилган.
Уйма-уй юргандек кўринган депутатлар эса ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга, муҳтожларга шахсий ташаббуси асосида зарур воситалар тарқатмоқда. Агар зарурий эҳтиёт чоралари кўрилган бўлса, депутатларнинг бу каби саховатпешалигини фақат олқишлаш лозим», деди Наримон Умаров.
«Меҳнат қонунчилиги бўйича, ходимларни уларнинг розилигисиз ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариш мумкин эмас» – Актам Ҳайитов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари
«Меҳнат қонунчилиги бўйича, ходимларни уларнинг розилигисиз ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариш мумкин эмас, – дея сўз бошлади ЎзЛиДеП раҳбари. – Агарда шундай ҳолатлар бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш мумкин. Бу борада мурожаат бўлганда ходимларни ҳимоя қилиш масаласида ваколат доирасида кўмаклашамиз, ёрдам берамиз.
Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ, фақатгина ходимнинг розилиги билан (аризасига кўра) унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин.
Фракциямиз депутатлари карантин муносабати билан ходимларга меҳнат таътили бериш борасида меҳнат қонунчилигини танқидий кўриб чиқиб, такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди ва бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассислари ва бу борадаги экспертлар билан маслаҳатлашув амалга оширилмоқда».
Карантин шароитида жамиятнинг камбағал қатлами учун қандай ёрдам турлари кўрсатилади? Бу борада Ўзбекистон ҳукумати аниқ режага эгами?
Ҳайитов ва умуман бошқа суҳбатдошларимизнинг бу саволга берган жавобларидан келиб чиқиб, ҳозирги шароитда Ўзбекистон аҳолисининг камбағал қатламига ёрдам асосан маҳаллалардаги хайрия тадбирлари ва нарх назоратини ушлаш орқали амалга оширилади, деб хулоса қилиш мумкин.
«Қийин вазиятга тушган инсонлар учун маҳаллалараро хайрия тадбирлари орқали моддий ёрдам кўрсатиш мумкин», – деди либерал-демократлар етакчиси.
Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида Ўзбекистонда камбағал аҳоли сони 4-5 миллионни ташкил этишини айтган эди.
Актам Ҳайитовнинг айтишича, айни кунларда мажлислардан тийилиш масаласи Республика комиссияси томонидан жиддий назоратга олинган.
«Депутатлар ҳам бу борада жамоат назоратини ўрнатган. Бундай ҳолатлар аниқланганда ваколат доирасида таъсир чоралари кўрилади», – деди у.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид

00:30
Хитойда глобал пандемияга олиб келиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди

11:25 / 30.05.2025
ССВ: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор

17:25 / 29.05.2025
Осиёда COVID яна кенг тарқалди, ҳукуматлар ниқоб тақишга чорламоқда

23:21 / 15.05.2025