Жамият | 09:50 / 23.06.2020
22289
4 дақиқада ўқилади

Чоштепада метро қурилиши аҳоли уйларига жиддий хавф солмоқда. Улар нега бошқа жойга кўчирилмади?

Тошкентда ер усти метроси қурилиши давом этмоқда. Шу боис метро линиялари ўрнида жойлашган қатор хонадонлар бузилган. Лекин қизил чизиқдалиги сабаб «снос»га тушгани айтилган уйларнинг ҳаммаси ҳам бузилгани йўқ. Натижада қурилиш ишлари бу уйлардаги фуқароларнинг ҳаловатини ўғирлаган.

Ер усти метросининг «Чоштепа» бекати Сергели туманидаги Чоштепа 11-берк кўчаси яқинида қурилмоқда. Шу ҳудудда яшаётган фуқаро Ботир Розиқов таҳририятимизга мурожаат қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фуқаронинг айтишича, 2-3 йил олдин бу ҳудуддаги уйлар «снос»га тушгани айтилган, аммо ҳозирча фақат метро линиясида жойлашган уйлар бузилган. Ботир Розиқовнинг уйи эса линияга жуда яқин масофада жойлашган: давом этаётган қурилиш ишлари у ва шу ҳудуд аҳолисига катта ташвиш туғдирмоқда.

«Ушбу ҳудуддаги бир нечта уйлар 2-3 йил олдин «снос»га тушган. Ўтган йили ҳокимликдан мутасаддилар келиб, уйлар сносга тушгани, ўрнига бошқа уй берилишини айтиб, оила аъзоларимизни рўйхатга ҳам олиб кетишган. Лекин ҳозиргача ҳеч қандай натижа йўқ.

Уйимиз ўзи бир аҳволда. Маҳаллага кириш йўли абгор аҳволда. Бунинг устига ер устки метросининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Ҳар куни шу аҳвол. 60-80 тонналик техникаларда тупроқни жипслаш (трамбовка) ишларини олиб боришмоқда.

Тўғриси, қўрқиб яшаяпман. Тупроқ уюмлари уйимнинг деворигача келиб қолган. Натижада ёмғирли кунларда уй деворлари зах олиб кетган.

Бу уйда 3та оила яшаймиз. Икки ўғлимнинг ҳам оиласи, иккитадан фарзандлари бор. Мен шу ёш болалардан қўрқаман. Қаттироқ силкиниш бўлса, уйлар қулаб тушиши мумкин.

Уй сносга тушган, лекин шунча йилдан бери нима қилишни билмаймиз. Ремонт ҳам қила олмаймиз. Шаҳар ҳокимлигига, муниципал идорасига мурожаат қилдик. Лекин натижа йўқ», – дейди биз билан суҳбатда уйи абгор аҳволда қолган фуқаро.

Кузатишларимизга кўра, Ботир Розиқов ҳақиқатан ҳам мушкул аҳволда: уйига кирадиган кўча жуда абгор, уйи эски бўлгани сабабли ер усти метросининг қурилиш ишларида ишлатиладиган техникаларнинг таъсири натижасида уй қулаб тушиши ҳам мумкин.

Aйниқса, уйда ёш болаларнинг борлиги одамни янада қўрқитади. Тун-у кун давом этаётган катта ва оғир қурилиш ишларининг шовқинидан эса мазкур уй ва унга яқин уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг тинчи бузилган.

Метро қурилиши сабаб уйи қизил чизиққа тушган Ботир Розиқовга мутасаддилар келиб, «Уй берамиз» деб айтишган ва уйда яшаётганлар ҳақида далолатнома ҳам тузиб кетишган. Aфсуски, метро қурилиши бошланиб, мурожаатчининг уйига зарари тегяпти ҳамки, ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Ҳолат юзасидан Сергели тумани ҳокимлигидан изоҳ олгани борганимизда, туман ҳокимининг ёрдамчиси Ойбек Жалилов биздан керакли маълумотларни олиб қолиб, маълумотнома қилиб беришини айтди. Кейинроқ яна боғландик, лекин унда кейинроқ алоқага чиқишини айтиб, гўшакни қўйди. Aфсуски, маълумотнома ололмадик.

Aслида ер усти метроси қурилиши бошланишидан олдин бу ҳудудда яшаётган аҳоли кўчирилиши керак эмасмиди? Нега анча олдин қизил чизиққа тушгани айтилганига қарамай, уй эгасига аниқ жавоб берилмаяпти?

Ер усти метросининг қурилиши, инсонларга қулайлик яратиш яхши, албатта. Лекин у кимнингдир ҳаловатини ўғирлаш, уни қийин аҳволда қолдириш эвазига бўлмаслиги керак.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид