Юнусободда қурилган ва қурилиши мумкин бўлган кўп қаватли уйлар фуқаролар эътирозига сабаб бўлмоқда. Мутасаддилар қандай йўл тутади?
Юнусобод тумани, 2-мавзе, 39-40-сонли кўп қаватли уйлар аҳолиси уйлари олдида олиб борилаётган қурилиш ишларидан норози. Кўп қаватли уйларнинг бири қурилиши якунланмоқда, иккинчиси энди қурилиши мумкин.

Пойтахтнинг Юнусобод тумани Aҳмад Дониш кўчасида, 2-мавзе 39-40-уйларда яшовчи фуқаролардан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Маълум қилинишича, кўп қаватли уйлар олдида бўш турган ерга тадбиркор 6 қаватли турар-жой мажмуасини қурмоқчи.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.
«Бу ерда олдин тўйхона бўлган. Эскиргани сабабли, анча йиллар олдин ўз фаолиятини тўхтатган. Шундан сўнг тадбиркор келиб, ҳудудни сотиб олган. Дастлаб тўйхонани бузишди. Тадбиркорнинг айтишича, бу ерга 6 қаватли уй-жой қурмоқчи. Бундан аҳоли вакиллари норози. Қандай қилиб кўп қаватли уйлар олдига яна кўп қаватли уй қуриш мумкин? Ҳаво айланмайди. Бу уйларда ёши улуғлар бор.
Болалар майдончасини уйларнинг орқа томонига қуриб қўйишди. Қандай қилиб биз болаларимизни майдончага юборамиз. Бизга тескари жойлашган. Бирон корҳол юз берса, ким жавоб беради?
Бундан ташқари, агар мазкур ҳудудга кўп қаватли уйлар қуриладиган бўлса, фавқулодда ҳолатда машина кира олмайди, шунингдек, қурилишга ҳали рухсат олинмаган. Умуман, биз бу ерга кўп қаватли уйлар қурилишидан норозимиз», – дейди шу ерда истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.
Маълум бўлишича, тўйхона биноси тадбиркор Муҳиддин Юнусов томонидан сотиб олиниб, тозалаш ишлари олиб борилмоқда. 2020 йил июнь ойида Юнусобод туман қурилиш бўлими томонидан бу ерга объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома берилган.
Тадбиркор: «Давлат нимага рухсат берса, шуни қурмоқчимиз»

Шундан сўнг ерни сотиб олган тадбиркор билан боғландик. Унинг айтишича, ҳозирда фақат тозалаш ишлари кетмоқда. Қурилиш эса тегишли ташкилотлардан рухсат олингандан сўнг бошланади.
«Бу жой 9,20 сотихли ер. Биз уни сотиб олганмиз. Онам вафотидан кейин отамнинг номига ўтказдик. Ҳозирда ҳудудда тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳали қурилишга рухсат олинмаган. Тегишли идоралар қандай қурилишга рухсат беришса, ўша нарсани қураман.
Ўша ерда яшовчи аҳоли 9-12-16 қаватли уйлар қурилади, деб ёлғон маълумотлар тарқатишмоқда. Бизнинг мақсадимиз – ўз жойимизни ўраб қўйиш. Ердаги бетонларни олгандан сўнг чуқурлар ҳосил бўлади. Бу эса ёш болаларга хавфли бўлиб қолади. Шунинг учун ер атрофини ўраб олишимиз керак.
Кўп қаватли уй қуриш учун ҳужжатларни топширганмиз. Лекин давлат нимага рухсат берса, шуни қурмоқчимиз. Бир қаватли бўлса, бир қаватли, кўп қаватли бўлса, кўп қаватли. Ўзимиз сотиб олган жойни ўзимиз ўраб олишимиз мумкин-ку!» – дейди тадбиркор Муҳиддин Юнусов.
Ерни олди-сотди шартномаси асосида тадбиркор сотиб олган. Ҳозир эски тўйхонани бузиб, ерни тозалаш ишларини олиб бормоқда. Тадбиркор аҳоли учун болалар майдончаси, автотураргоҳ, суҳбатгоҳ-шийпонча қуриб бергани, ўз ерига кўп қаватли уй-жой қурмоқчи эканини айтмоқда, лекин ҳали қандай қурилишга рухсат берилиши номаълум.
Фуқаролар эса бу ерга кўп қаватли уй тушишидан хавотирда. Сабаби – 39-уй ёнидан бошқа бир тадбиркор савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш мажмуаси қурилишини бошлаган. Лекин бу қурилиш кейинчалик кўп қаватли уйга айланган. 39-уй билан жуда яқин масофада қурилган. Ҳатто иккала уйнинг ён томонидаги деразалари бир-бирига шу қадар яқинки, у уйдан бу уйга ўтса ҳам бўлади. Фуқаролар бу кўп қаватли уйнинг ҳам қурилиши ноқонуний эканини айтишмоқда.
Ҳокимлик: Иккала объектга ҳам қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома берилган
Ҳолат юзасидан Юнусобод туман ҳокимлиги билан боғланиб, изоҳ сўрадик. Туман ҳокимлиги мазкур қурилишларга қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома берилганини маълум қилди.
Фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги келишмовчилик қандай якун топиши ҳозирча номаълум. Аҳоли уйлари ёнига қурилаётган ва қурилиши мумкин бўлган кўп қаватли уйлардан норози, мутасаддилар эса тадбиркор бинони қайта ихтисослаштиришга тегишли рухсатнома олганини айтмоқда.
Эндиликда масала ечими мутасаддилар зиммасида қолмоқда: улар тадбиркорга у истаганидек кўп қаватли уй қуришига рухсат берадими ёки аҳоли норозилигини инобатга олиб бошқачароқ қарор чиқарадими?
Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Раҳматилло Исроилов тайёрлади
Мавзуга оид

22:06 / 13.05.2025
Тошкентдаги кўчалардан бири автомобиллар ҳаракати учун 2 кунга ёпилади

09:41 / 05.05.2025
«Юнусобод» бозорининг бир қисмида реконструкция ишлари бошланди

07:30 / 21.04.2025
Тошкентда илк жамоатчилик яшил парки очилади

22:28 / 16.04.2025