Ўзбекистон | 15:24 / 27.03.2021
2355
3 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида янги дирекция ташкил этилади

Президентнинг “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида “Халқаро саноат ва кооперация ярмаркаси” дирекцияси ташкил этилади.

Қуйидагилар дирекция асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • халқаро ва маҳаллий даражадаги саноат ва кооперация ярмаркалари ўтказилишини ташкил этиш;
  • халқаро саноат ва кооперация ярмаркасига салоҳиятли хорижий харидорларни жалб этиш ҳамда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари фаол қатнашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарга хорижий ҳамкорлар топишда ва маҳсулотларини экспортга етказиб бериш учун шартномалар тузишда кўмаклашиш;
  • халқаро саноат ва кооперация ярмаркаси доирасида тузиладиган шартномаларни таҳлил қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тегишли лойиҳавий таклифлар шакллантириш;
  • МДҲга аъзо давлатлар ўртасида электрон саноат кооперация алоқаларини ташкил этиш ва кенгайтириш;
  • “Электрон кооперация” портали фаолиятини юритиш, мувофиқлаштириш ҳамда ундаги саноат маҳсулотлари турлари ва иштирокчиларини доимий кенгайтириб бориш.

Белгиланишича:

  • дирекция йилда бир марта “Халқаро саноат ва кооперация” ярмаркасини ҳамда уч ойда бир марта “Маҳаллий саноат ва кооперация” ярмаркасини сифатли ва юқори савияда ўтказилиши учун масъул ҳисобланади;
  • дирекция фаолияти доирасида тузиладиган шартномалар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга ҳамда коррупцияга сабаб бўладиган омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўришга жавобгар ҳисобланади.
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон кооперация портали маркази” давлат корхонаси ўрнатилган тартибда тугатилади.

“Электрон кооперация портали маркази”нинг ташкил қилинган cooperation.uz портали фаолияти билан боғлиқ барча вазифалар, ваколатлар ва мажбуриятлар дирекцияга ўтказилади.

Мавзуга оид