Жамият | 11:28 / 01.04.2021
9090
7 дақиқада ўқилади

Оғир ташхис – ихтиоз. Бутун умр давом этувчи «балиқча» касаллигига қарши қандай курашилади?

Бу мураккаб касаллик нисбатан кам учрайди. Лекин бундай ташхис қўйилган бир бемор ҳам оиласига етарлича ташвиш туғдиради, ўзи ҳам бемисл азоб чекади. Ихтиоз қандай касаллик? Даволаниши мураккаб экан, қайси усуллар билан беморнинг оғирини енгил қилиш мумкин? Ўзбекистонда бундай дардга чалинганлар, айниқса болалар учун қандайдир дастурлар борми? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун шифокор-дерматолог Жанна Медетова билан суҳбатлашдик.

– Суҳбатимиз бошида ихтиоз ўзи қандай касаллик эканлиги ҳақида сўз юритсак.

– Ҳаммамиз биламизки, кўп ҳолларда даволанадиган орттирилган касалликлардан ташқари туғма, генетик жиҳатга боғлиқ касалликлар ҳам бор. Улардан бири — ихтиоз. Бу тери касаллиги, кучли қуруқлашиш, терининг доимий пўст ташлаши шаклида ва умуман, тери заифлиги ошиши билан намоён бўлади. Айнан ушбу касаллик ва у билан қандай яшаш мумкинлиги, энг муҳими, Ўзбекистонда ихтиозга эга инсонлар учун нима қилинаётгани ҳақида афсуски кўпчилик бехабар. Ихтиоз –туғилганда дарҳол ёки ҳаётнинг биринчи ойларида ўзини намоён қиладиган генетик касаллик бўлиб, умр бўйи давом этади. Касаллик генларнинг “парчаланиши” натижасида юзага келади, бунинг натижасида тери ҳужайраларида дағалланиш жараёни бузилади. Тери қуруқ бўлади, унда балиқ тангачаларига ўхшаган тангачалар пайдо бўла бошлайди, шунингдек, баъзи органлар ва тизимлар зарарланиши мумкин: кўриш, эшитиш, таянч-ҳаракат тизими, жисмоний ва руҳий ривожланиш секинлашиши ва ҳоказолар.

Келиб чиқиш сабаблари турлича. Ҳар иккала ота-она ёки уларнинг бири ихтиозга чалинган бўлса, барча бўлажак фарзандлар хавф остида. Шунингдек, яқин қариндошлик никоҳида туғилган болаларда ҳам учраш эҳтимоли кўп. Ихтиознинг тахминан 40 тури мавжуд, аммо барчасининг асосий хусусиятлари бир – терида тангачалар шаклланиши, терининг қуриши ва қалинлашиши. Шунинг учун бундай инсонларни “балиқча” деб аташади.

– Бугунги кунда ихтиоз касаллиги қандай даволанади?

 – Афсуски, ихтиознинг давоси йўқ, тиббиёт ҳозирча бу касалликни тўла-тўкис бартараф этишга ожиз. Аммо симптоматик даволаш, терини парвариш қилиш, гигиена, турли хил терапия ва зарур витаминларни олиш орқали ихтиозли беморларнинг тери ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш мумкин ва шу орқали уларнинг кайфиятини ҳам кўтарса бўлади. Бундан ташқари, чўмилишдан сўнг намловчи мойлар ва кремлардан фойдаланиш лозим. “Балиқчалар”нинг аҳволини табиий омиллар ҳам яхшилаши мумкин. Масалан, ёзда улар терисининг ҳолати одатда сезиларли даражада яхшиланади.

– Мамлакатимизда ихтиозга эга инсонлар учун нима қилинмоқда?

 – Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази негизида ген дерматозларини даволаш бўйича стационар бўлинманинг қурилиши тўлиқ давом этмоқда. Бу Марказий Осиёдаги ягона тиббий муассасадир. Бу нафақат ихтиоздан, балки бошқа тери касалликларидан азият чекадиган одамларни комплекс текшириш ва симптоматик даволаш учун асос бўлади. Энг замонавий ускуналар, энг яхши шифокорлар, илғор техника — буларнинг барчаси янги бўлимда бўлади. Унинг очилиши тери касалликларига эга бўлган одамларни даволашда жиддий қадам бўлади. Бу ва бошқа кўплаб нарсалар мамлакатимизда ноёб генетик касалликларга чалинган кишиларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратилиши бошланганини англатади.

Бевосита ихтиознинг ўзига келсак, бугунги кунда Ўзбекистонда 2 минг нафарга яқин ихтиозга чалинган беморлар аниқланган. 2020 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб уларга “Kapalak bolalar” ННТ ёрдам кўрсатади ва бу ташкилот Ўзбекистонда ихтиоз ҳамда бошқа тери генетик касалликларга эга бўлган одамларни қўллаб-қувватловчи ягона хайрия ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот ихтиозга эга 60 нафар беморларга бепул тарзда ёрдам беради ва уларнинг сони доимий равишда ўсиб бормоқда. ННТ васийлигида бўлган “балиқчалар” мунтазам ва узлуксиз равишда қуйидаги керакли воситаларни оладилар: юмшатувчи ва тери пўстини тозаловчи малҳамлар, терини парвариш қилиш учун махсус косметика ва яна кўп нарсалар.

ННТ шифокорлари доимий равишда ихтиоз мавзуси бўйича амалий ва таълим курсларини ўтадилар. Тренинг Санкт-Петербург, Москва, Испания, Хорватия ва Исроил клиникаларининг етакчи мутахассислари томонидан амалга оширилади.

 Маълумот учун: Бугун туғилган кунини, бир ёшини нишонлаётган Шаҳноза Сувонқулова туғилганида ихтиоз аниқланган. Туғуруқхонадан сўнг чақалоқ минтақавий болалар жарроҳлик диспансерининг интенсив терапия бўлимига жойлаштирилди. Айни пайтда бола терисининг ҳолати сезиларли даражада яхшиланган. Қизча ўз ёшига қараб ривожланган ва ихтиоз деярли безовта қилмайди.

– Модомики, бу касаллик жуда мураккаб ва даволанмас экан, беморнинг кайфиятини кўтариш учун қандай услублардан фойдаланилади?

 – Шифокор ва ижтимоий ходим — ихтиозга эга инсонларнинг энг яқин дўстлари. Шифокорлар ўзлари айтганидек, профессионалликдан ташқари, “балиқчалар” билан ишлайдиган инсон, масъул, хушмуомала, нозик, ҳар қандай вақтда беморга ёрдам беришга кела оладиган, бемор ва унинг оиласи руҳий ҳолатини тушуна оладиган бўлиши керак. Ахир, атрофдагилар ва қариндошлар “балиқча” билан бирга “касал” бўлишади ва улар доимо маънавий ёрдамга, қўллаб-қувватлашга ва эътиборга муҳтож.

Бундай инсонларга тўлиқ ёрдам бериш учун шифокорларнинг ўзи етарли эмас, ижтимоий ходим ҳам керак. Бу кўп йиллар давомида бемор ва унинг оиласи билан ишлайдиган инсондир. Ижтимоий ходим оила ва “балиқча” ҳақида деярли ҳамма нарсани: ҳаёт тарзи, оиладаги вазият ва унинг эҳтиёжларини билади.

Ихтиоз касаллигида тўғри ва ўз вақтида бўлган парвариш жуда муҳим. “Балиқчалар” ва уларнинг яқинлари учун терини парвариш қилиш кунлик мунтазам иш, айниқса, гап болалар ҳақида кетганда. Иш ва бошқа нарсаларга қарамасдан, ихтиозга эга болаларни кунига камида икки марта, эрталаб ва ётишдан олдин чўмилтириш керак, кейин терини махсус кремлар ва малҳамлар, балзамлар билан ёғлаш керак.

Энг муҳими шундаки, бундай кундалик юмушлар ўз натижаларини келтириб чиқаради. Ихтиозга эга одамларга тўғри ғамхўрлик қилинса, уларга анча осон бўлади. Тери юмшайди, тери тангачалари сезиларли даражада камаяди, ноқулайлик ва қичишиш тўхтайди, шунинг учун “балиқча”нинг кайфияти ўзгаради. Улар янада хотиржам бўлиб, алоқага кириб, бошқалар билан мулоқот қилиши осонроқ бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти