Жаҳон | 08:22 / 26.05.2021
4660
2 дақиқада ўқилади

Геннадий Головкиннинг бокс қўлқопи 55 миллион тенгега сотилди

Фото: Instagram.com

Қозоғистонлик таниқли боксчи Геннадий Головкин ўзининг дастхати туширилган бокс қўлқопини кимошди савдосига қўйди. Бокс қўлқопи рекорд нархга — 55 млн тенгега (130 минг долларга яқин) сотиб олинди. Бу ҳақда «Саби» хайрия жамғармаси маълум қилди

Маълумотларга кўра, кимошди савдоси аввалги ҳафта Алматида ўтган хайрия кечаси давомида ўтказилган ва унда Петропавловскда болалар шошилинч жарроҳлик маркази қурилиши учун маблағлар йиғилган.

Тадбир меҳмонлари орасида Геннадий Головкиндан (GGG) ташқари, Италиянинг Қозоғистондаги элчиси Паскуале Д’Авино, россиялик кинорежиссёр Андрей Звягинцев, россиялик аралаш курашчи Зубайра Тухугов ҳам бўлган.

Кимошди савдосига GGG’га тегишли бокс қўлқопидан ташқари, Ҳабиб Нурмагомедов дастхати туширилган футболка ҳам қўйилган.

Головкин ўз қўлқопини «Саби» жамғармасига совға қилган. Эътиборлиси, дастлаб 500 минг тенгега баҳоланган бокс қўлқопи охир-оқибат 100 каррадан қимматроққа – 55 млн тенгега сотилган. Нурмагомедовнинг футболкаси эса 16 млн тенгега харид қилинган.

Хайрия кечаси ташкилотчилари умумий ҳисобда 210,6 млн тенге йиғишга муваффақ бўлишган.

Геннадий Головкин ҳозирда IBF ва IBO йўналишлари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. The Ring журналига кўра, 2017 йил сентябрдан 2018 йил сентябргача вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг яхши боксчиси деб эътироф этилган.

Мавзуга оид