Ўзбекистон | 19:30 / 09.06.2021
20737
9 дақиқада ўқилади

20дан ортиқ туман ва шаҳарлар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади - президент фармони

Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонда ҳудудларда мавжуд саноат салоҳиятидан, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда норуда минералларнинг хомашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилган. Хусусан, керамзит, силикат қуми, шиша хомашёси, қурилиш ва қоплама тошларга эга ўрганилган конларнинг ярмидан кўпи ўзлаштирилмай қолмоқда. Натижада, санитария-техник воситалар бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш ички бозорнинг фақатгина 40 фоизини, газбетон блоклар – 51 фоизини, лок-бўёқ маҳсулотлари – 65 фоизини, қурилиш ойналари – 70 фоизини, девор гулқоғозлари – 30 фоизини ташкил этмоқда.

Электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик буюмлари, қоғоз саноати, қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи яхлит тизимни яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни жалб қилиш, туманлар (шаҳарлар) салоҳиятини ишга солиш ва уларнинг нисбий устунликларидан фойдаланиш асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш «драйверлари» бўлган тармоқларни аниқлаш;
  • тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўйиш;
  • сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • «қўшимча қиймат занжирлари»ни кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш;
  • кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш;
  • тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш.

Янги тартибга кўра, 2021 йил 1 июлдан мазкур фармонга 1-иловада кўрсатилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:

а) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар;

б) қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар:

  • миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • чет эл валютасидаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

в) синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

  • 24та туманлар (шаҳарлар)ни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш;
  • «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилиш;
  • ихтисослаштирилган туманларда зарур ер участкаларини ажратган ҳолда, шу жумладан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ҳузуридаги «PSB Capital» МЧЖ инвестиция компанияси иштирокида, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида «кичик саноат зоналари»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.

Вазирлар Маҳкамаси «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, икки ой муддатда ихтисослашув соҳасини инобатга олиб, лойиҳалар амалга оширилиши таклиф қилинадиган туманлар (шаҳарлар) рўйхатини шакллантирган ҳолда 2022–2026 йилларда маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга қурилиш материаллари саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси ажратилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда:

ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш учун 400 миллиард сўм;

геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутади;

б) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг асослантирилган таклифларига биноан ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишларнинг манзилли рўйхатини тасдиқласин ва ушбу манзилли рўйхатга мувофиқ ишларнинг молиялаштирилишини таъминлайди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2021 йил 1 октябрга қадар ким ошди савдолари натижаларига кўра 500та норуда фойдали қазилмалар конларининг инвесторларга фойдаланишга берилишини таъминлайди.

2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурилиш материалларининг мувофиқлигини тасдиқлаш ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) томонидан декларация қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий саноат тармоқларини ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги яхлит тизимни жорий этиш тўғрисидаги, қуйидагиларнинг шахсий жавобгарлигини назарда тутувчи таклифлари маъқулланган:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқовга – маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришга кўмаклашишнинг вертикал тизимини жорий қилиш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига – «ички бозор эҳтиёжларини ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» тамойили асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш юзасидан.

Қуйидаги асосий вазифалар юклатилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппарати тузилмасида штатларининг умумий сони 17 бирликдан иборат бўлган Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибияти ташкил қилинади:

  • маҳаллий саноатдаги идоралар ва хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг маҳаллий саноатни ривожлантириш стратегиялари ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича ишини мувофиқлаштириш;
  • тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлар ва ҳудудларнинг рақобатбардошлигини ошириш;
  • ҳудудларда кичик саноат зоналари ва саноат кластерларини ишга тушириш, кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш;
  • ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш.

Котибиятнинг 6та штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг умумий штат бирликлари доирасида ҳамда қўшимча ажратилаётган 11та штат бирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг штат бирликлари ҳисобига шакллантирилиши белгиланган.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ёрдамчиси лавозими маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимига ўзгартирилади. Бунда, уларнинг котибиятлари штати Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан 2та штат бирлигини ўтказиш ҳисобига 3та штат бирлигигача кенгайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари зиммасига Котибият ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланади.

2021 йил 1 июлдан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва вилоятлар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармалари ҳузуридаги Кичик саноат зоналари дирекциялари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимига тўлиғича мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан биргаликда ўтказилади.

Мавзуга оид