Фан-техника | 13:10 / 13.06.2021
44906
9 дақиқада ўқилади

«Фукусима»даги авария Германия АЭСлардан воз кечишига қандай таъсир кўрсатди?

Япониядаги инсоният тарихидаги энг йирик зилзилалардан бири ва унинг оқибатлари 10 йил муқаддам Германия тикланувчан энергия манбаларига кескин ва тез ўтишига туртки бўлганди.

DW нашри Япониядаги фалокат Германиянинг энергетика сиёсатида туб бурилиш ясагани ҳақидаги тарихни эслади.

10 йил муқаддам, 2011 йилнинг 9 июнида Германия ҳукумати асрий қарор қабул қилди – атом энергетикасидан тўлиқ воз кечиш. Германия канцлери Ангела Меркель бундестагда чиқиш қилиб, 2022 йилгача атом энергиясидан тўла воз кечиш ҳақидаги беш босқичли режани маълум қилди. У атом энергетикасидан воз кечиш ҳақидаги қарорни «Геракл қадами» деб атаркан, Германия «келажак электр энергияси» томон катта қадам ташлаган дунёдаги илк ривожланган саноат мамлакати бўлишига ишонч билдирганди.

Германиянинг энергетика сиёсати кескин бурилиш қилишига Япониянинг «Фукусима-1» атом электрстанциясидаги авария сабаб бўлган: канцлер бу ҳалокатни «дунё учун бурилиш воқеаси» деб атаганди. «Фукусимадаги авария ядро энергияси билан боғлиқ рискларни назорат қилиб бўлмаслигини кўрсатди. Буни тан олганлар уни бошқачароқ баҳолашлари керак», дея баёнот берганди Меркель хоним ўшанда.

«Фукусима»даги ҳалокат

2011 йил 11 мартда Япония тарихидаги энг қаттиқ ер силкиниши (9,0 магнитуда) Тинч океанида цунами ҳосил қилганди. Гигант тўлқинлар «Фукусима-1» атом электрстанциясига ёпирилди. Турли қурилмалар, захира генераторлари ва батареялари жойлашган ертўлалар сув билан тўлганди.

Натижада станциядан қувват тўлиғича кетади ва фавқулодда совитиш тизими ишламай қолади. Кейинги кунларда станциянинг олти энергоблокининг учтасидан ядро ёнилғиси сизиб чиқади ва у ерда водород тўпланиб, реакторларда аралаш моддалар портлашларига сабаб бўлади.

1986 йилда «Чернобиль» АЭСда содир бўлган ҳалокатдан кейин дунё ядро энергетикасида бундай кўламдаги авария кузатилмаганди. Фукусима фожиаси Чернобилдагидан фарқли ўлароқ, атом энергетикасининг энг ашаддий тарафдорларини ҳам ўйлашга мажбур қилиб қўйди: Япония юқори хавфсизлик стандартларига эга технологиялар мамлакати эди.

Меркелнинг ядро энергетикасига бўлган ишончи сўнди

«Фукусима»даги аварияга қадар диплом бўйича соҳаси физик-ядрочи бўлган Ангела Меркель ядро энергетикасидан хавфсиз фойдаланиш мумкин деб биларди. 2006 йилда у ўзидан аввалги канцлер бўлмиш социал-демократ Герхард Шрёдернинг 2000 йилда Германиядаги АЭСларни босқичма-босқич ёпиш ҳақидаги қарорини қаттиқ танқид қилганди.

«Мен ҳар доим атроф-муҳитга карбонат ангидрид газини чиқармайдиган техник жиҳатдан хавфсиз бўлган атом электрстанцияларини ёпишни маънисиз деб биламан. Буни социал-демократлар ҳам қачондир тушуниб етишади», дея баёнот берганди у.

Лекин Япониядаги ҳалокат унинг мураккаб техниканинг инсоннинг мутлақ назоратида бўла олиши ҳақидаги ишончига путур етказди. Фожиадан уч кун ўтиб, канцлер Япониядаги «ақл бовар қилмас ҳалокат» туфайли «биз Германиядаги АЭСлардан фойдаланиш муддати борасида қилган қароримизни тўхтатамиз», деб эълон қилди.

АЭСдаги авария ГФРнинг сиёсий ландшафтини ўзгартириб юборди

«Фукусима»даги авария Германиядаги сиёсий ландшафтни ўзгартириб юборишини Меркелнинг партиядоши Штефан Маппус ҳис қилиб кўрди. Атом энергетикаси тарафдори бўлган Баден-Вюртемберг федерал ерларининг бош вазири Маппус «Иттифоқ 90/Яшиллар» партияси вакили бўлган Винфрид Керчманга сайловларда мағлуб бўлди.

Аввалдан атом энергетикасидан воз кечиш тарафдори бўлган партия Германияда федерал ерларга консерваторларнинг 60 йиллик ҳукмронлигидан сўнг илк бор ғалаба қозонди. Уч ой ўтиб, 2022 йилнинг охирига қадар Германияда атом энергетикасидан воз кечиш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Бунга жавобан тўрт компания зарарларни қоплаш учун давлатни судга берди.

2021 йилнинг 8 мартида Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири томонлар келишишганини эълон қилди: давлат атом электрстанция операторларига 2,43 миллиард евро миқдорида товон пул тўлайди. Шу тариқа, аввалига АЭСларни ёпишни истамаган Меркелнинг ўзгарган позицияси бадали солиқ тўловчилар гарданига юкланадиган бўлди.

Муқобил энергия манбаларига кескин тарзда ўтиш

Катта эҳтимол билан «Фукусима»даги АЭС аварияси бўлмаганида Германия муқобил энергия манбаларига бунчалар тез ва кескин равишда ўтмаган бўларди. Масалан, Япониянинг ўзида биров атом энергиясидан воз кечиш ҳақида гапираётгани йўқ. Франция, Буюк Британия ва АҚШ каби давлатлар ҳукуматлари эса, атом элекрстанцияларни карбонат ангидрид газини паст миқдорда тарқатишини инобатга олиб, буни иқлим ўзгариши муаммолари ечимига ҳисса қўшиш деб қарашмоқда.

Иқлим ўзгариши бўйича давлатлараро экспертлар гуруҳи ҳам шундай нуқтайи назарда собит турибди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги бўйича федерал вазирлик давлат котиби Йохен Фласбарт АЭС ёрдамида иқлимни ҳимоя қилишни иллюзия деб билади. Зеро, АЭСларнинг дунёдаги энергия билан таъминлаш борасидаги ҳиссаси жуда оз бўлиб, 5 фоиз атрофида.

«Тўғрисини айтганда, бу келажакка мўлжалланган энергия таъминоти эмас. Бу мамлакатлар (ядро энергетикасидан фойдаланувчи – таҳр.) тикланувчи энергиянинг истиқболидан маҳрум бўлиб қолишмоқда. Бундай қарор қабул қилаётганлар худди шундай муаммоларга дуч келишади. Биз буни автомобиль саноатида ҳис қилиб кўрдик. Чунки келажак ички ёнув двигателининг ўзида эмаслигини кеч тушуниб етдик», дейди Фласбарт.

Атом энергетикаси ҳаммада ҳам йўқ

Энергетика бўйича мутахассис Дирк Уве Зауэр (Ахен техника олий мактаби) атом энергетикаси ўзини қопламаслигига ишончи комил: «электр энергиясининг либераллашган бозорига эга давлатларда молиявий рисклар давлат томонидан қоплансагина АЭС қурилиши мумкин». Бунга мисол қилиб Франция ва Финландияни келтириш мумкин. «АЭС қуриш учун эркин молиявий бозорда маблағ топишнинг имкони йўқ», дея таъкидлайди у.

Йохен Фласбарт ривожланаётган мамлакатларда ядро энергетикасининг истиқболини кўрмаяпти. «Технологик жиҳатдан тараққий этган мамлакатларки, биринчидан, бу технологияни ўзлаштиришда, иккинчидан, станциялар қурилишини расо нарх ва расо муддатлар амалга оширишда қийинчиликларга дуч келаётган бўлса, ривожланаётган мамлакатлар ҳақида нима дейиш мумкин?» дея савол қўяди у.

Ядровий чиқиндилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича федерал ташкилот раҳбари Вольфрам Кёниг айрим мамлакатларда ядро энергетикасини ривожлантиришнинг бошқа сабаблари борлигини гумон қилади. «Ўтмишда бу технологиядан фуқаролик мақсадларида фойдаланишдан ташқари ҳарбий соҳада қўллаш жиҳати ҳам бўлган», дея эслатади у. «Барқарор сиёсий тизимга эга бўлмаган» давлатларнинг бундай техникадан фойдаланишида шундай риск мавжудлигини истисно қилиб бўлмайди.

«Тикланувчи манбалар борган сари арзонлашиб бормоқда, атом энергияси эса, аксинча қимматлашиб кетяпти», дея ишонч билдиради Йохен Фласбарт.

У ҳозирданоқ АЭСдан олинадиган энергия қуёш батареялари ва шамол генераторлари ишлаб чиқарган энергия билан рақобатлаша олмаслиги ва бу тенденция кучайишини таъкидлаган. «Тикланувчан энергия манбалари салоҳияти етарлича баҳоланмаяпти», дея қайд этади Фласбарт.

Сиёсий консенсуснинг йирик ғалабаси

Германия 2022 йилгача ядро энергетикасидан воз кечишга, шунингдек, 2038 йилга бориб кўмир билан ишлайдиган электрстанцияларни ёпишга қарор қабул қилгани боис, тикланувчи манбалардан олинадиган энергия ҳажми тез суръатларда оширилиши шарт. Устига устак, ички ёнув двигателларидан воз кечилиши ҳам электр энергиясига бўлган талабни ошириб юборади. Энергетика бўйича мутахассис Зауэр бундай вазиятда «амбициялари кучлироқ мақсадлар» қўйишни таклиф қилмоқда ва уларга эришиш мумкин деб ҳисоблайди.

Йохен Фласбарт Япониянинг «Фукусима-1» АЭСда бўлган авариядан кейинги воқеалар, хусусан, мамлакатда ядро энергетикасидан тўла воз кечиш ҳақидаги қарорни «урушдан кейинги Германия тарихида консенсуснинг энг катта ютуғи» деб атаган. «Ўн йиллик ички жиддиятлар бир неча ой ичидагина бартараф бўлган ва ядро энергетикасидан кўп партиявий келишув туфайли воз кечишга қарор қилинган», дея сўзларига якун ясаган у.

Мавзуга оид