Ўзбекистон | 08:09 / 04.08.2021
5189
3 дақиқада ўқилади

«Абдуллахон» мадрасаси реставрацияси учун 6 млрд сўм талаб этилиши маълум қилинди

“Абдуллахон” мадрасасини тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун тахминан 6 млрд сўм миқдорида маблағ талаб этилади. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 30 июль куни тахминан соат 14:45да “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган. Шу куннинг ўзида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари воқеа жойига етиб борган ва ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларга хабар қилинган.

“Мазкур ҳолатдан хабар топган Бухоро вилоят ҳокими Б.Зарипов 2 август куни барча мутасадди ташкилотлар билан “Абдуллахон” мадрасасига етиб келди ва ҳолат бўйича Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари - бош меъмор Б.Матчонов ҳам таклиф қилинди. 

Ушбу ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилди. Шунга кўра, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Маданий мерос агентлигидан экспертлар жалб қилинди ва “Абдуллахон” мадрасаси орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари келишиб олинди”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2021 йил январда Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнига кўра, тезкор таъмирланиши керак бўлган 40та маданий мерос объектлари рўйхатига “Абдуллахон” мадрасаси ҳам киритилган. 

“Ҳозирда “Маданий Мерос ЛИТИ” МЧЖ томонидан анча аввал бошланган обидани таъмирлаш-тиклаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари деярли тайёр бўлиб, лойиҳа бўйича тегишли ташкилотлар хулосаси олингандан сўнг таъмирлаш-тиклаш ишлари тезкорлик билан бошланишини маълум қиламиз. Лойиҳа ҳужжатлари келишилгунга қадар, объектдаги деворларни мустаҳкамлаш ва тиргаклар қўйиш ишлари олиб борилади. 

Ҳозирда вилоят маданий мерос бошқармаси ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан объектнинг қулаган қисми ўраб олиниб, ҳудудда ҳаракатланишни тақиқлаш бўйича муҳофаза белгилари ўрнатиб чиқилди ҳамда мадрасанинг ўзида доимий фаолият юритувчи штаб ташкил этилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, обидани тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун тахминан 6 млрд сўм миқдорида маблағ талаб этилади”, дейилади хабарда. 

Обиданинг умумбашарий қийматини сақлаш, унда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахассислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда, зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида ҳукуматга аниқ таклифлар юборилгани айтилади.

Мавзуга оид