Жамият | 16:55 / 11.10.2021
5340
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистонда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйилишини ваъда қилди

Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида “UzAuto Motors” АЖга берилган имтиёзлар ҳамда автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб боришини маълум қилди.

Фото: Адолат партияси матбуот хизмати

«Адолат» партияси номзоди рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаб, рақобатни кучайтириш орқали монополияга барҳам беришини билдирган.

«Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топади. Биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб биламиз ҳамда «рақобат – мумкин қадар, давлат бошқаруви – зарурат қадар» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдоримиз», дейилади номзод дастурида.

Баҳром Абдуҳалимов монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишини айтиб ўтди, бунинг ортидан божхона тушумлари камайиши ўрнини эса тўланадиган солиқлар билан қоплаш режа қилинган.

«Биз адолатли ва рақобатбардош тадбиркорлик фаолиятини жорий қиламиз. Бунда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўямиз. Хусусан, “UzAuto Motors” АЖга берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб очиқ рақобатга ўтишини, божхона тушумларининг камайиши эса тўланадиган солиқлар билан қопланишини таъминлаймиз», – дейилади номзоднинг сайловолди дастурида.

Аввалроқ, Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида олий таълим муассасаларидаги квоталарни бутунлай йўқ қилиш, уй-жойлар нархини кескин камайтириш ҳамда президент администрация ва ҳукумат биноларини Тошкентдан ташқарига чиқаришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид