Ўзбекистон | 08:52 / 28.11.2021
26876
7 дақиқада ўқилади

Кўздан панадаги миллиардлар ва хавф остидаги шахсий маълумотлар — одамлар нега UzIMEI'дан ҳамон норози?

UzIMEI кодини рўйхатдан ўтказиш қимматлиги етмагандай, бу пуллар қаерга кетаётгани ҳам очиқланмаяпти. Ўзбекистонликлар ўз номида нечта қурилма борлигини билолмайди, туристлар эса телефон ишлатиш учун почта эшигида сарғайишга мажбур.

Фото: Kun.uz / Муҳиддин Нидо

Янги сотиб олинган ёки чет элдан олиб кирилган телефонни UzIMEI рўйхатидан ўтказиш – кўпчилик учун бош оғриқ. “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун” ўйлаб топилган бу талаб ишлай бошлаганига 2 йилдан ошган бўлса-да, ҳали ҳам одамлар ундан норози. Кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Нега пулли ва нега бунча қиммат?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низомда рўйхатга олиш тўлови миқдори кўрсатилган.

Унга кўра, мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ва шахсий мақсадларда хориждан олиб кирувчи фуқаролар БХМнинг 10 фоизидан 25 фоизигача миқдорда тўлов тўлайди. Аслида бу битта қурилма учун кичик суммадай кўринса ҳам, бир неча юз минг IMEI кодлар тўпланган вақтда гап миллиардларга бурилиб кетади.

Биттагина кодни рўйхатга олиб қўйиш харажатлари шунчалик қимматми? Амалда “телефон солиғи” дейиш мумкин бўлган бу тўлов миқдорини ҳукумат қайси асосларга кўра бунча қиммат қилиб белгилаган?

UzIMEI тизимини юритиш бўйича ваколатли орган “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУК охирги ҳисоботида 2019 йил 1 декабрдан 2021 йил январь ойининг 4 санасига қадар IMEI кодларни рўйхатдан ўтказишдан 240 миллиард сўм маблағ келиб тушгани айтган эди. 2021 йилнинг бошидан ҳозирга қадар, 11 ой давомида яна қанча маблағ келиб тушгани ҳали очиқланмаган.

Юқоридаги Низомда махсус ҳисобрақамга келиб тушган ушбу маблағларнинг бир қисми Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши, шунингдек, маблағларнинг бир қисми тизим оператори ўз фаолиятини юритиши учун унинг тасарруфида қолдирилиши ҳам кўрсатилган.

Лекин ҳозирга қадар қанча маблағ АКТ вазирлиги жамғармасига кетди, қанчаси тизим оператори “Ўзбекистон ТТБРМ”да қолгани номаълум.

Агар UzIMEI тизими операторининг харажатлари учун сарфланаётган маблағлар очиқланса, унинг тўловлари борасида яна ҳам аниқ таклифлар бериш имкони пайдо бўларди. Бундан ташқари, бу ҳозирги замон очиқлик тамойилларидан бири ҳисобланади.

Умуман, жамоатчилик фаоллари UzIMEI тизимининг тўловлари бепул бўлиши кераклиги борасида анчадан буён гапириб келмоқда. Бу ғоя қанчалик кўп инсон томонидан қўллаб қувватланганини “Менинг фикрим” порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаатда ҳам кўрдик.

Хуллас, асосий савол нега IMEI кодларни рўйхатга олишдан тушган миллиардлар қаерга ва қандай усулда сарфланаётгани аниқ рақамлар билан очиқланмаяпти? Нега бу хизматни бепул қилиш тўғрисидаги таклифлар кўриб ҳам чиқилмаяпти?

Яна бир ҳолат, тўловлардан миллиардлаб пул қилаётган бу ташкилот ҳалигача тизимни тўлиқ автомат режимга ўтказмаган. Ўзбекистонга келган хорижликлар XXI асрда ҳам битта кодни рўйхатдан ўтказиш учун жонли навбатга туришга мажбур. Бу ҳолат мамлакатнинг имижига, эркин дунёда яшаб юрган шахсларнинг зеҳниятига қанчалик таъсир қилиши борасида аввалроқ сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам ёзган эди.

Ўзбекистон фуқаролари эса, UzIMEI тизими ортидан ўз шахсий маълумотлари ўғирланиши билан жабр чекмоқда. Қандайдир уюшган гуруҳлар чегара ҳудудлар ва карантин зоналарида минглаб фуқароларнинг паспорт маълумотларини ўғирлади. Улар ушбу паспорт эгаларининг номига ноқонуний олиб кираётган мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказишаётгани маълум бўлди.

Бу йўналишда иккита муҳим савол очиқ қолмоқда

Биринчидан, жорий йил январь ойидан ИИВ Киберхавфсизлик бошқармаси масъули Бахтиёр Сулаймонов Ўзбекистон бўйича карантин зоналарини расман 7 мингга яқин шундай қонунбузарлик қайд этилганини маълум қилган. Давлат божхона қўмитаси эса Ўзбекистон чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинганини билдирган эди. Лекин иккала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар – ИИВ ва Божхона қўмитаси қўлга олинган ушбу жиноятчиларнинг тақдири борасида бошқа ҳеч нарса маълум қилмади.

Бу – минглаб фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини ўғирлаган шахслар жазосиз қолиб кетгани, ҳали ҳам чегарада ўтаётган фуқароларни паспорт маълумотларини ўғирлаётгани, энг ёмони бунда масъулларни ҳам қўли борлиги учун иш бости-бости қилиб юборилган бўлиши мумкин, деган шубҳаларга олиб келмоқда.

Kun.uz Давлат божхона қўмитаси, ИИВ ва Олий суд матбуот хизмати билан доимий алоқада бўлиб, юқоридаги жиноий ишларнинг тақдири юзасидан сўров юборган ҳамда айни вақтда батафсил маълумот берилишини кутмоқда.

Иккинчидан, минглаб фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлиги бузилганига қарамай, UzIMEI тизими томонидан фуқаро ўз номига қачон ва нечта мобил қурилма рўйхатга олинганини аниқлаш йўлга қўйилмагани жуда тушунарсиз. Агар тизим сайти орқали ўз номидаги қурилмалар сони ва қачон рўйхатга олинганини била олса, фуқаролар шахсий маълумотларига дахл қилинаётгани ёки қилинмаётганини текшириб туриш имконига эга бўлади.

Бир неча кун аввал “Ўзбекистон ТТБРМ” ДУКга борган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов яқин келажакда мобил телефон рақамларини кўчириш тизими ишга туширилишини ҳамда IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун осонлаштириши ҳақида гапирди.

Фикримизча, Шерматов ҳар бир фуқаро ўз номида нечта мобил қурилма рўйхатдан ўтказилганини кўриш имкониятини ҳам жорий қилиши мақсадга мувофиқ.

Умид қиламиз, янги вазир юқоридаги таклиф ва танқидларни кўриб чиқиб, керакли чораларни кўради.

Фаррух Абсаттаров

Таҳририятдан: Kun.uz бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУКка ўз саволларини юборди ва айни пайтда жавоб кутмоқда.

Мавзуга оид