Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг «2022-2026 йилларда Андижон вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
аҳолининг мавжуд муаммоларини бартараф этишга қаратилган амалий тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси»;
Андижон вилояти шаҳар ва туманларининг ихтисослашуви, «ўсиш нуқталари» ва «драйвер соҳалари»;
- саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари;
- 2022 йилда Андижон вилоятида муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар;
- Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шакллантирилган истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхати.
Комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ, Андижон вилоятида 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ва саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,2 бараварга, хизматлар ҳажми 3,0 бараварга ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 1,4 бараварга оширилади.