“Қулдай муомала қилишади” – “Асака ёғ” АЖ ходимлари иш ҳақи камлиги ва шароит йўқлигидан норози
Меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик, ойлик маошнинг доимий кечиктирилиши, муносиб иш шароитининг йўқлиги ва раҳбарларнинг қўпол муомаласи... “Асака ёғ” АЖнинг ходимлари ана шундай вазиятда ишлашга мажбур қилинмоқда.

“Асака ёғ” АЖнинг бир гуруҳ ишчилари корхона фаолияти, юзага келаётган муаммолар бўйича таҳририятга мурожаат йўллади. Kun.uz мухбири корхонада бўлиб, улар билан мулоқот қилди. Ишчиларнинг таъкидлашича, корхона авваллари тўлиқ қувватда ишлаган. Сўнгги йилларга келиб эса иш жараёнида узилишлар кузатилмоқда. Ходимларнинг ойлик маошлари ўз вақтида берилмаяпти.
“Иш ҳақимизни сўраб жанжал кўтарсак, ойлик беришади, кейинги ойдан яна шу аҳвол. 3-4 ой ишлаган бўламиз, бу ёғига яна қарзга кетяпмиз. Биз ҳам хонадонимизга ойлик олиб боришимиз керак: бола-чақамиз бор, газ, сув, электр энергиясига тўлов қиламиз. Ойликларимиз миқдори жуда кам. Янги ишга кирган ходим бир млн сўм атрофида ойлик олади. Қарийб 30 йилдан бери ишлаётганлар 500 минг сўм ойлик оламиз” — дейди корхона ишчиси Назиржон Нишонов.
Корхона ходими Баҳодир Дадабоевнинг маълум қилишича, ишчиларга муносиб иш шароит яратилмаган, махсус кийим-бош берилмайди, овқатланиш учун ҳам имконият йўқ:
“Заводнинг ошхонаси бўлса-да, гигиенага тўғри келмайдиган жойларда овқатланамиз. Касаба уюшмаси томонидан ажратиладиган маблағни завод раҳбарлари шахсий манфаатига ишлатиб юбормоқда. Ишчилар касал бўлганида, тўй ёки таъзияларда ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти”.
Корхона раҳбарлари билан боғланишга уринишларимиз, корхонага киришга уринишимиз самарасиз бўлди. Бир оз тортишувлардан сўнг бўлим бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниевни бизга рўбарў қилишди. У ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:
“Март ойининг охирида корхона тўхтади. Бунинг асосий сабаби хомашёнинг танқислигида. Ойликлар вақтида берилмоқда. Имкон даражасида ишчиларга ёрдам ҳам қилиняпти. Ошхона қурилган, лекин жиҳозлари олиб келинмагани учун ишламаяпти. Корхона айланма маблағи йўқлиги туфайли ойликлар кўтарилмаяпти”.
Корхона раҳбарларининг ОАВдан қочиши, мухбирларнинг шароитлар билан танишишига тўсқинлик қилиши, ходимларнинг эътирозлари билан корхона маъмурияти муносабати ўртасидаги қарама-қаршилик кўплаб саволларни юзага келтирмоқда.
Бу масала тегишли ташкилотлар, жумладан, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўрганилиб, муаммолар бартараф этилиши лозим.
Абдували Қурбонов
Kun.uz мухбири,
Азизбек Исмоилов
тасвирчи.
Мавзуга оид

11:59 / 06.02.2025
13 ёшли қизга шилқимлик қилган эр-хотин иши бўйича протест киритилди - Бош прокуратура

18:30 / 04.02.2025
38 ёшли эркак 13 ёшли қизга кўз олайтирди: Асакадаги баҳсли номус иши тафсилотлари

22:04 / 03.02.2025
Асакалик 13 ёшли қизга қилинган шилқимлик ҳолатини прокуратура текширмоқда

17:19 / 03.02.2025