Конституциявий комиссия илк таклифларни маъқуллади
Конституциявий комиссия аъзолари Конституцияни ўзгартириш бўйича дастлабки таклифлар пакетини қабул қилди. Ундан 24 та моддага дохил янгиликлар ўрин олган. Kun.uz бирламчи даражада маъқулланган ўзгартишлар рўйхатини тақдим этади.

Фото: Kun.uz
Бугун, 10 июн куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш бўйича комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш илк марта тўлиқ жонли эфирга узатилди. Комиссия бош қомуснинг 24 та моддасига 41 та ўзгартиш ва қўшимча киритиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни тегишли қонун лойиҳасига киритишни маъқуллади.
Йиғилишда овозга қўйилган таклифларнинг барчаси маъқулланди. Kun.uz мухбири Конституциявий комиссия томонидан бирламчи тасдиқдан ўтган, асосий қонунга қўшилиши масаласи эндиликда Қонунчилик палатасида кўриладиган таклифларни санаб ўтади:
- Давлат инсон ва жамиятнинг тинчлигини таъминлашга масъул; (14-модда тўлдирилмоқда)
- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосан ва Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ тан олинади ва кафолатланади; (18-модда тўлдирилмоқда)
- Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари фақат қонун асосида, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида ва бунинг учун зарур бўлган доирада мутаносиб равишда чекланиши мумкин; (20-модда тўлдирилмоқда ва шу моддадаги “давлат ва жамият” сўзларининг ўрни “жамият ва давлат” деб ўзгартирилмоқда)
“Инсон ҳуқуқларининг чегараси – бошқа инсонларнинг ҳуқуқларини бузмаслигигача”, деди комиссия раиси Акмал Саидов ва суд жараёнидан мисол келтирди: “Безорилик бўйича суд кетяпти. Биттаси биттасининг бурнини қонатибди. Судда айтяпти: “Муҳтарам судя, мен қўлимни ён томонга қаратиб тез кўтаргандим, унинг бурнига тегиб кетди. Менинг қўлимни бунақа ҳаракатлантириш ҳуқуқим йўқми?” Судя жавоб берган: “Мутлақ ҳуқуқингиз бор. Қўлингизни хоҳлаганча ўнгга, чапга кўтаришингиз мумкин. Лекин сизнинг бу ҳуқуқингиз бировнинг бурнига 1 см қолганда тугайди, тегиб кетгандан кейин сиз бировнинг ҳуқуқини буздингиз”.
- Конституциянинг бирорта моддаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. (16-модда тўлдирилмоқда)
- 49-моддадаги: “Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир” деган норма: “Тарихий, маънавий ва маданий мерос давлат муҳофазасидадир” деб ўзгартирилмоқда. Бу моддага қуйидагича қўшимча қўшиляпти: “Давлат ва жамият миллий қадриятларни ва ўзига хосликни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маданий меросининг келгуси авлодларга безавол етказиш ҳақида ғамхўрлик қилади”.
- Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириши, нимаики қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган бўлса, уни амалга ошириши мумкин. (25-модда тўлдирилмоқда)
Конституцияга бу нормани киритиш бўйича йиғилишдан олдин қарама-қаршиликлар юзага келган. Комиссия аъзоси Мирафзал Мироқуловнинг сўзларига кўра, қарши тараф маънавият, ахлоқ, миллий анъана ва қадрият масалаларини кўтарган.
“Айрим мутахассисларимиз: “Бунақанги қоидани киритсак, ўзбекчилигимизга зид ишлар кўпайиб кетмайдими? Нима хоҳласам, қилаверар эканман-да, қонунда ёзилмаган бўлса бўлди эканда деган қараш эртага кўпайиб кетади” дейишди. Бироқ биз 1992 йилдаёқ Конституциямизнинг муқаддимасида ёзиб қўйганмиз: Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат қуришни мақсад қилиб олган. Демократик давлатда эса биринчи масала – шахсий эркинлик.
Инсон қонунни бузмаса, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаса, уларга зарар етказмаса, қандай иш бўлса қилиши мумкин. 1789 йилда Фракцияда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари декларациясининг 4-5-моддаларида ҳам айтилган: эркинлик – бошқаларга зарар етказмайдиган барча ишни қилиш мумкинлиги, қонун билан тақиқланмаган ишларни қилиш мумкин, қонунда ёзилмаган ишни қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.
Узоқ тортишувлардан кейин биз бир консенсусга келдик: маънавият, ахлоқ, миллий анъаналар – мажбурий ҳуқуқий нормаларга эмас, балки жамиятнинг кучи, таълим-тарбия натижасида шаклланадиган ахлоқ нормаларига таянади. Биз таклиф этаётган нормаларнинг эса бунга ҳеч қандай зид жойи йўқ”, деди Мирафзал Мироқулов. Мазкур таклиф ҳам бир овоздан маъқулланди.
- Жиноят қонунчилигидаги қатор муҳим нормалар Конституцияга киритилмоқда:
- Айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари ҳақида хабардор бўлиш, унга қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштириш, унинг фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларни чақиртиришни талаб этиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга;
- Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас. Улар истаган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин;
- Ҳар бир шахс давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарнинг давлат томонидан қоплаб берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга;
- жиноят қонунчилигига оид бошқа нормалар;
- Ҳар ким ишсизлик ва ногиронлик учун ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. (39-модда тўлдирилмоқда)
- Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. (36-модда)
- Ҳар бир инсон ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга. Ҳар бир шахс ўзи ҳақидаги нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ноқонуний йўл билан олинган ёки ҳуқуқий асосга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. (30-модда тўлдирилмоқда)
- 38-моддадаги: “Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эга. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади” деган норма қуйидагича ёзилмоқда: “Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга. Меҳнат шартномаси бўйича ишловчига қонунда белгиланган иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил кафолатланади”.
- Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий тарбиялаш учун зарур шароитлар яратади. (42-модда тўлдирилмоқда)
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат хизматига қабул қилинишда тенг ҳуқуққа эга. (32-модда тўлдирилмоқда)
- Никоҳ аёл ва эркакнинг (амалдаги Конституцияда “томонларнинг” дейилган) ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. (63-модда)
Таъкидланишича, Оила кодексининг 2-моддасида “эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи” ҳамда “эр ва хотиннинг тенглиги” каби иборалар ишлатилган. Акмал Саидов Конституцияда “эркак ва аёл” деб эмас, аёлларни биринчи ўринга қўйган ҳолда “аёл ва эркак” деб ёзиш таклиф этилаётганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, 63-модда – конституцияда ўзгартириш бўйича энг кўп таклиф тушаётган моддалардан бири.
Мавзу бўйича сўз олган депутат Тўлқин Каримов оилани “авлодларнинг давомийлигини таъминлаш ва қадриятлар шаклланиши маскани” деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, Россия, Украина, Арманистон, Қирғизистон, Грузия ва Полша конституцияларида ҳам никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий иттифоқи экани белгиланган.
“Ҳозир Ғарб дунёсида жуда тез ривожланиб кетаётган бир жинсли никоҳларга, афсуски, қонун даражасида, ҳатто уларнинг конституцияси даражасида рухсат берилди бу нарсага”, деди таклифни қўллаган депутат Алишер Қодиров.
Шу билан бирга, бу – мажлисда бир овоздан маъқулланмаган ягона таклиф бўлди. 63-моддани таклиф этилган шаклда ўзгартиришга комиссия аъзоларидан фақат сенатор Абдураҳим Эркаев қарши овоз берди. “Моҳияти жиҳатидан бу таклифни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз, аммо битта нарсага эътибор беришимиз керак. Бунга чет эл қанақа реакция қилади? Балки шуни эскича қолдирармиз? Қичимаган жойни қашиб нима керак?” деди у.
Профессорнинг сўзларига сенатор Қутбиддин Бурҳонов муносабат билдирди. “Домлани қаттиқ ҳурмат қиламан, бу уларнинг ўз шахсий фикри бўлиб қолиши керак. Биз ўзгалар учун яшаётганимиз йўқ. Биз ўз қонунларимиз асосида яшашимиз керак ва ўзгалар бизнинг қонунимизни ҳурмат қилиши керак”, деди у.
- Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистондан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. (22-модда)
- 65-моддадаги “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деган нормага оталик ҳам қўшилмоқда ва бу модда қуйидагича 2-қисм билан тўлдирилмоқда: Давлат ва жамият болалар ҳамда ёшларга азалий миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга садоқат, буюк аждодларимизнинг бой маданий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.
- Қонунчилик палатаси депутати бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашлар депутати бўлиши мумкин эмас. (77-модда)
- Шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда раисни (оқсоқолни) ва ўз бошқарув органларини сайлайдиган маҳаллалар – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир. (105-модда лўнда тилга ўтказилиб, Конституцияга маҳалла сўзи киритилмоқда)
- Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади. (109-модда тўлдирилмоқда)
- Судялар олий кенгаши судялар мустақиллиги ва дахлсизлигини ҳимоялаш, судлар фаолиятига бирон бир тарзда аралашувга йўл қўймаслик, судялар орасида коррупциянинг олдини олиш, суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чораларини кўради. (111-модда тўлдирилмоқда)
- Ҳар бир шахс ўз танловига кўра ва жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганда эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги амалда чекланган пайтдан бошлаб адвокат олиш ҳуқуқига эга. Ушланган, айбланган, судланган ва ҳукм қилинган шахсга адвокат билан тўсқинликсиз ва холи учрашувлар учун зарур шарт-шароит яратилади. (116-модда тўлдирилмоқда)
- Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларини ҳам Марказий сайлов комиссияси ташкиллаштиради. (117-модда тўлдирилмоқда)
Келиб тушган таклифлар сони 20 мингга яқинлашган
Айтилишича, 9 июн соат 20:00 ҳолатига, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича аҳолидан жами 19 188 та таклиф келиб тушган.
“Мен шуни бир нарсага қиёслайман. 1990-1992 йилларда – салкам 2,5 йил давом этган муҳокамада 6 минг таклиф келиб тушган. Мана шу 19 минг таклифнинг аксарияти ҳозирги кунда янги информацион технологиялар орқали юборилган.
Мени хурсанд қилаётгани – ёшларимизнинг бефарқ эмаслиги. Аёлларимиз ютқазиб қўяяпти, анча фоизинглар кам. 19 мингта таклифнинг салкам 11 мингини эркаклар, салкам 6 мингини аёллар берган, 2 мингга яқини аноним тарзда келган. Аноним таклифларни ҳам ўрганяпмиз”, – деди комиссия раиси Акмал Саидов.
Таклифларнинг 6 728 таси “Менинг конституциям” платформаси орқали, 1 744 таси колл-марказ орқали, 1680 таси маҳаллалар орқали, 804 таси маҳаллий депутатлик кенгашлари, 2 мингдан ортиғи электрон почта орқали юборилган.
Конституциявий комиссия аъзолари 54 та таклиф берган. Қонунчилик палатасининг 61 нафар депутати ва Сенатнинг 11 нафар аъзоси ҳам ўз таклифларини билдирган. Сиёсий партиялар фракциялари: ЎзЛиДеПдан 240 та, ХДПдан 108 та, “Миллий тикланиш”дан 21 та, “Адолат”дан 85 та, Экопартиядан 15 та таклиф тушган.
Мавзуга оид

21:49 / 26.02.2025
Трамп тарафдорлари Конституцияни ўзгартиришни режалаштирмоқда

18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди

15:38 / 10.04.2023
“Санъаткор учун “запрет” деган мудҳиш тушунча бор эди” — Озода Нурсаидова

13:04 / 10.04.2023