Ўзбекистон | 20:24 / 07.10.2022
13528
9 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги яп-янги маҳалланинг аҳволи: Чоштепада қувурларнинг тешилмаган жойи қолдими?

Янгиҳаёт туманидаги Янги Чоштепа мавзесида талабга жавоб бермайдиган қувурлар бир кунда икки жойидан ёрилиб, минглаб хонадонлар 2 кун сувсиз қолди. Kun.uz суҳбатлашган аҳоли вакиллари қувурлардан сув отилиши бир ярим йилда камида 17 марта кузатилганини айтмоқда. Ваҳоланки, бу янги мавзе охирги 4 йилда буткул нолдан бошлаб қурилган эди.

5 октябр куни тушдан кейин Янгиҳаёт тумани Янги Чоштепа маҳалласида ичимлик суви қувурида яна носозлик юзага келди.

Янгиҳаёт сув тармоқлари бўлими бошлиғи ўринбосари Рустам Самиевнинг маълум қилишича, Ўзар кўчасидаги диаметри 250 миллиметрли тармоқда носозлик юзага келгани сабабли 66 та кўп қаватли уйдаги 400-500та хонадон сувсиз қолган. Аҳолига 2та машинада сув етказиб берилган.

Таъкидлаш керак, Самиев “400-500 та хонадон” деганда ҳақиқий рақамни каррасига камайтириб айтган. Чунки маҳалладаги 66 та кўп қаватли уйларнинг аксарияти 7 қаватли бўлиб, уларда 2 тадан кириш йўлаги ва ҳар бир йўлакдаги ҳар бир қаватда камида учтадан хонадон бор: бу битта уйда камида 42 та хонадон борлиги, 66 та уйдаги хонадонлар сони эса 2700 дан ортиқ эканини англатади.

Тошкент шаҳар сув таъминоти бошқармаси 6 октябр соат 10:00 дан 20:00 гача 66 та кўп қаватли уйларда вақтинчалик ичимлик суви тўхтатилганини маълум қилган.

Фото: Янги Чоштепа маҳалласининг Telegram-гуруҳи

Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда, Янги Чоштепа маҳалласи 2018 йилдан бошлаб теп-текис ер устида, нолдан бошлаб қурилган. Унгача ҳудуд суғориладиган ерлардан иборат бўлган.

2018 йил, май / Фото: Maxar / Google Earth
2022 йил, август / Фото: Maxar / Google Earth
Фото: Bizning Uylar Development

Ётқизилган қувурлар атиги 3 йилга ҳам чидаб бера олмагани бизни қурувчи компания кимлиги билан қизиқишга ундади.

Интернетдаги очиқ маълумотларга кўра, Чоштепадаги уйларнинг қурувчиси Discover Invest ҳисобланади. Биз компанияга боғланиб, маълумот олишга уриндик. Бироқ уринишларимиз бесамар кетди. Колл-марказ ходимаси юридик бўлимга улаб берди, аммо телефонга ҳеч ким жавоб бермади. Бир неча уринишлардан кейин колл-марказ телефонларига ҳеч ким жавоб бермади.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган Чоштепа мавзесида яшовчи фуқаронинг айтишича, уйларни қурган Discover Invest компаниясининг бир нечта ходимлари қувурдаги носозликни бартараф эта олмаган ва ишга “Ўзсувтаъминот” ходимлари аралашган.

Қувур таъмирлаётган Discover Invest ва “Ўзсувтаъминот” ходимлари / Фото: "Янги Чоштепа" маҳалласининг Telegram-гуруҳи

“7 октябр тунги соат 2 гача қурувчи компания ва “Ўзсувтаъминот”нинг ишчилари келиб ёрилган қувурни таъмирлади. Ҳали ишлар якунланмаган, пластмасса қувурлар ёнидан темир трубалар қўйиб чиқишяпти”, – деди аҳоли вакили.

Маълум бўлишича, сув йўқ бўлиб турган пайтда – 7 октябрга ўтар кечаси соат 00:30 лар атрофида маҳаллада электр токи ҳам ўчиб қолган. Свет ярим соатдан кейин ёнган, бироздан кейин қувурни тузатиш ишлари якунлангач, айрим хонадонларда сув чиқа бошлаган. Лекин 15 дақиқа ўтиб, сув яна ўчган. Энди қувурнинг бошқа жойи, Ўзар кўчасининг бошидаги қисми ёрилиб, сув чиқа бошлаган.

Kun.uz мухбири чоштепаликлар Telegram-гуруҳини кузатиб, сув сизиб чиққан жойнинг суратларини топди. Расмдан тушуниш мумкинки, қувур яхшигина ёрилиб, кўчага анча сув тошиб чиққан.

Фото: Янги Чоштепа маҳалласининг Telegram-гуруҳи

2 йилдан бери шу аҳвол

“Қувурлар таъмирланган бўлса ҳам, босим жуда паст. Юқори қаватларга сув умуман бормаяпти ёки шилтиллаб оқяпти. Бизга айтишларича, 6 та насосдан ҳозир 2 таси ишлаётган экан. Ҳаммасини ёқса, сув босими ошиб қувурлар яна ёрилиб кетади. “Сувтаъминот” масъуллари билан гаплашганимда ҳамма насослар ишга тушса, қувурлар бир жойдан эмас, 5-6 жойдан ёрилиб кетишини айтишди. Ҳозир 2 км жойга темир қувурлар ётқизилди, узоғи билан 10-15 кунда иш тўлиқ битади дейишмоқда”, – дейди яна бир Чоштепада яшовчи фуқаро (у кун бўйи ишчилар ва масъуллар билан бўлиб жараённи кузатган).

У 2 йилдан бери шу ерда яшаётгани, қувурлар ёрилиб, сув отилиб чиқишини 17 марта кузатганини айтади.

“Булар мен билганларим, билмаганларим қанча?! Сув увол бўляпти. Тоза сув отилиб, кўчаларда оқиб ётади. Бунга ким жавоб беради? Янгиҳаёт тумани ҳокимлигидан ҳеч ким келмади. Авария жойида фақат “Сувтаъминот” масъуллари ва Doscover Invest'нинг ишчилари ишлаяпти”, – дейди у.

Инфратузилма сифатсизлиги учун “Ўзсувтаъминот” қувурларни хизмат кўрсатишга қабул қилмаган

“Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот хизмати раҳбари Акмал Муродов Kun.uz билан суҳбатда ҳолатга янада ойдинлик киритди.

“Кеча (6 октябр куни) ҳолат бартараф этилиб, 21:20 дан бошлаб хонадонларга сув берилишни бошлади. “Сувтаъминот” трубаларни хизмат кўрсатишга қабул қилиб олмаган. Чунки инфратузилма ўта сифатсиз, қувурлар жуда кўп ёрилган. Биз хизмат кўрсатишга қабул қилиб олишимиз учун объект маълум стандартларга жавоб бериши керак – масалан, 10 кишига сув берадиган труба бошқа, 100 кишига берадиган бошқа. Трубаларнинг қалинлиги талабга жавоб бермайди ва босимни кўтара олмаган”, – деди Муродов.

Унинг маълум қилишича, “Ўзсувтаъминот” АЖ ходимлари қувурларни аҳоли учун бепул таъмирлаб берган.

“Чунки таъмирлашга бизнинг мажбуриятимиз йўқ, биз қувурдан ўтаётган сувнинг сифатига жавоб берамиз. Босимни кўтариб берсак, қувур ёрилади, кўтармасак, юқори қаватларга сув етиб бормайди.

Бироқ биз таъмирлашга масъул эмасмиз дея олмаймиз, сабаби бу ерда одамлар яшайди. Неча кундан бери сувсизликда яшашяпти. Бу маҳалладаги уйларга икки контурли иситиш қозонлари ўрнатилган, бу қозонлар совуқ сувда ишлайди, яъни ҳамма нарса совуқ сувга боғлиқ”, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот хизмати раҳбари.

Фото: Янги Чоштепа маҳалласининг Telegram-гуруҳи

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, қурувчи компания Discover Invest қувурларни ўтказган компанияни судга берган. Буни “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот хизмати Акмал Муродов ҳам тасдиқлади. Бироқ унинг қўшимча қилишича, қувурларни ишлаб чиқарувчи завод масъулиятни бўйнига олган. Бу борада ҳам Discover Invest'дан маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Маҳалла қувурлари алмаштириб чиқиляпти. Жавобгарлар сувдан қуруқ чиқадими?

Янгиҳаёт тумани ҳокимлигининг бугун, 7 октябр куни маълум қилишича, ҳозирда Янги Чоштепа маҳалласига қўшимча тарзда 2 километрга яқин темир қувурлар ётқизиляпти. Бугунги кунга келиб 1,8 км қисмида ишлар тўлиқ якунланган. Ой сўнгига қадар қолган қисмларидаги таъмирлаш ишлари ҳам якунига етиши айтиляпти.

2 км қувур – битта маҳалла учун кичкина рақам эмас. Маҳалла аҳлининг сўзларига кўра, қувурларнинг “ёрилмаган жойи қолмаган”: бир жойи ямалганидан кейин, кўп ўтмай иккинчи  жойдан сув тошиб чиқади. Ҳар сафар минглаб одамлар ё бир неча соат, ё бир неча кун сувсиз ўтиришга мажбур.

Сув ўчиши фақат куз-қиш мавсумига тайёргарлик вақтида эмас, йилнинг исталган пайтида рўй бериши мумкин. Бугун сув ўчди дегани бундай нохушлик яна камида бир ҳафта ичида такрорланмаслигига кафолат бермайди: авариялар исталган кунда, исталган оралиқ частотада рўй бериши мумкин. Боз устига, одатий кунларда ҳам қатор уйларда 6-7-қаватларга сув жуда паст босим билан чиқади.

Kun.uz мавзуга яна қайтади. Бу борада қурувчи ва қувурларни ётқизган компаниялар муносабат билдириши, энг муҳими хатоларини имкон қадар тезроқ тузатишини кутиб қоламиз.

Шу билан бирга, янгидан қурилган маҳаллани сифатсиз қувурлар билан фойдаланишга қабул қилиб олган ваколатли органлар ҳам жавоб бериши керак. Фалон пулга янги уй сотиб олиб, не умидлар билан кўчиб кирган аҳолининг асабларни емирувчи “сюрпризлар”га дуч келишида уларнинг ҳам “ҳиссаси” борлиги турган гап.

Депутатлар эса қурувчиларнинг хатоси туфайли аҳолига ноқулайликлар туғилган ҳолларда қурувчи компаниядан аҳоли фойдасига компенсация ундириб бериш механизмларини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ. Бу каби ҳолатларга барҳам берилиши, қурувчилар масъулиятини ошириш учун ҳам шундай чоралар жуда зарур.

Мадина Очилова,
Kun.uz.

Мавзуга оид