Жамият | 15:20 / 17.11.2022
22675
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада тез ёрдам ходими калтакланди

Шифокор ҳолати вазирлик назоратига олинган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

16 ноябр куни ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Риштон туманида тез ёрдам ходими калтакланганига доир хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

«Жорий йил 12 ноябр куни соат 04:00 ларда Фарғона вилояти, Риштон тумани, «Оқтомир» МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Т.Т. туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилиб, отаси — 1942 йилда туғилган Т.Ғ.нинг соғлиги ёмонлашганини маълум қилган.

Тез ёрдам ходимлари хонадонга етиб бориб, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Унинг қон босими кўтарилгани сабабли туман марказий шифохонасига олиб кетилаётганида бемор Т.Ғ вафот этган. 

Отаси ҳаётдан кўз юмганидан ғазабланган Т.Т. ва унинг ўғли Ғ.Х. тез тиббий ёрдам ходими Б.З.ни сабабсиз уриб, унга тан жароҳати етказган. Тез ёрдам шифокори олган жароҳати сабабли шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.  

Тегишли тиббий текширувлардан сўнг унга «Ўнг кўз орбитаси медиал девори ўрта ва орқа юзаси синиб силжиши. Гемосинус. Чап орбита медиал девори деформацияси. Бурун тўсиғи қийшайиши. Ўнг кўз олмаси контузияси. Тўрпарда ангиопатияси. Ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати. Ўнг кўз қовоқлари лат ейиши» дастлабки ташхиси қўйилган», дейилади хабарда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатни ўз назоратига олган ва ҳозир бемор-шифокорнинг аҳволи қониқарли, тегишли даво муолажалари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан Риштон туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид