«Тўйда гуруҳ бўлиб машина бошқариб, онам тенги аёлнинг умрига зомин бўлдим» – ҳайдовчининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
«Синфдош йигитнинг тўйида болалар билан гуруҳ бўлиб ҳаракатландик ва мен машинамни қарама-қарши йўналишга ўтиб бошқардим. Шу пайт ўз йўлидан келаётган «Дамас» билан тўқнашдим. «Дамас» ҳайдовчисига ҳеч нарса қилмади, ёнида бўлган онаси оғир жароҳат олиб касалхонада вафот этди. Мен тегишли жазони олдим, бироқ ўшандан буён ўзимни айбдор ҳис қилиб яшаяпман».

Фото: Kun.uz
БМТ ҳисоботига кўра, ҳар йили дунёда содир бўлаётган турли йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,3 миллион одам ҳалок бўляпти. Яна бир неча миллион одам турли даражада тан жароҳатлари олиб, ногирон бўлиб қолмоқда.
Дунё бўйлаб ЙТҲларда ҳалок бўлаётганларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган одамлар ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам ЙТҲлар оқибатида ҳар йили 2,5-3 минг киши ҳалок бўлмоқда. Биргина 2023 йил август ойида 300 киши «авария»лар қурбони бўлган.
2023 йилнинг 8 ойи давомида 1 415 нафар одам ҳалок бўлган, 5 448 киши турли даражада жароҳатланган.
Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб йўл-ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда машина бошқариб, онаси тенги аёлнинг умрига зомин бўлган йигитдан экан. Қўйида унинг бошидан ўтшан воқеаларни ҳикоя қиламиз.
«Отам тадбиркор бўлиб, туманимиз марказидаги кийим бозорида иккита дўкони бор эди. Мактаб ўқиб юрганимда дарсдан бўш вақтларимда мен ҳам савдога чиқиб турардим.
Мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Мақсадим мактабни битиргандан сўнг ўзим қизиққан соҳа бўйича олий таълим олиш эди. Бироқ отам бунга рози бўлмади.
11-синфни битирганимдан сўнг ўқишга топширмоқчи бўлганимда у қарши бўлди:
«Ўқиб шаҳар олиб берармидинг. Кўряпсан, иккита дўконни ўзим эплай олмай ёрдамчилар олганман. Ҳар ой уларнинг иш ҳақи, тушлигига анча пул сарфлаяпман. Сен ёнимга чиқсанг ёрдамчилардан бирининг ўрнига ишлардинг. Кейинроқ дўконнинг биттасини ўзингга бераман, савдо қилаверасан. Сен ўқишга кирсанг мен қийналиб қоламан. Қолаверса тўрт йил умрингни кетказиб олган дипломинг билан қаерда ишлайсан? Қанча ойлик оласан? Арзимаган маошга рўзғор ўтказиб бўлмайди. Қолаверса, кимнингдир қош-қовоғига қараб, ҳар мажлисда раҳбарингнинг сўкишини эшитиб юрасанми?»
Ўша пайтда отамнинг гапларида жон бордай туюлди. Бозорга чиқиб савдо қила бошладим. Кейинроқ у дўконлардан бирини менга берди. Ишларим юришиб кетди, янги машина олдим.
Ўша кезларда синфдошлар бирин-кетин уйлана бошлашди. Дўстларимнинг аксарияти бозорчи бўлиб, биз тўйга машиналаримизни миниб борардик. Келин-куёвни кузатиб боришда йўлни тўлиқ эгаллаб, кейин машиналарни илонизи қилиб бошқарардик.
Бундай пайтларда ортдан келганлар бизни қувиб ўтмоқчи бўлса сиқиб, йўл четига чиқариб юборардик.
Йўлни тўсиб олганимиз учун рўпарадан келаётганлар ўтиб кетганимизча тўхтаб турарди. Қисқаси, ўзимизнинг ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатланардик.
Ўшанда бир неча марта ЙПХ ходимлари бизни жаримага тортишди. Лекин ҳар куни қўлида пул ўйнайдиган бозорчи йигитлар учун жарима чивин чаққанчалик таъсир қилмасди.
Кейинроқ бу ишимиз отамга ҳам етиб борди. Бир кун уйда «тарбиявий соат» ўтказилди. Отам қаттиқ гапирди:
«Ўғлим, яхши пул топяпсан. Ўша пуллар сени ҳовлиқтириб юбормасин. Машинани эҳтиёт бўлиб ҳайда. Техника билан ҳазиллашиб бўлмайди. Битта хато қимматга тушиши мумкин. Сенга ўзингнинг жонинг қанчалик азиз бўлса, бошқалар учун ҳам шундай. Худо кўрсатмасин-у, бир фалокатни содир этсанг, кимнингдир жонини қайтара олмайсан. Ногирон бўлиб қолса, соғлигини тиклаб беролмайсан. Бир умр афсусланиб ўтасан. Шу учун эҳтиёт бўл. Яна бир марта машинани ҳовлиқиб бошқарсанг калитини тортиб оламан, пиёда юрасан».
Отамнинг ўгитлари синфдош йигитлардан бирининг тўйигача амалда бўлди. Тўйда яна «арқонни уздик». Бироқ бу сафар ҳаммаси аянчли тугади.
Ўша куни синфдош йигитлар куёвнавкар бўлиб бордик. Келин-куёвни айлантиришга олиб кетаётганимизда яна эски қилиғимизни бошладик ва икки қаторли йўлни тўлиқ эгаллаб олдик.
Орқадан келаётганлар қувиб ўтолмас, рўпарадан келаётганлар машинасини биздан олиб қочарди. Ўшанда мен қарама-қарши йўналишга ўтиб олган машина ортидан борардим.
Йўлда машиналарни илонизи қилиб ҳайдаб борарканмиз, шу пайтда мендан олдинда кетаётган машина бирданига ўнг томонга ўтди. Мен нимадир қилишга улгурмасимдан машинамга рўпарадан, ўз йўлидан келаётган «Дамас» урилди.
«Қарс» этган товушдан сўнг машинамдаги хавфсизлик ёстиқчаси очилди ва мени ўриндиққа ёпиштириб қўйди. Бирпасдан сўнг мени машинадан чиқариб олишди.
Атрофга қарасам гуруҳимиздаги барча машина йўл четида турибди. Бошқа ўткинчи машиналар ҳам тўхтаган, атрофни одам босиб кетганди.
Машинамга келиб урилган «Дамас»нинг олди пачоқ бўлган. Ҳайдовчининг ўрни бўш, одамлар унинг ўртадаги эшигини очишга уринарди. Юрагим ортга тортиб кетди, машина ҳайдовчиси ва йўловчилари тирикмикан?
Атроф тўла одам, аксарияти бизни сўкиб ҳақорат қиларди:
«Буларнинг дастидан кўчада юра олмай қолдик. Кўчанинг икки қаторини ҳам эгаллаб олиб, на орқадан келганни қувиб ўтишга қўяди, на рўпарадан келаётган машинани ўтказиб юборади. Оқибатда мана шунақа бир бечора жабрини тортади, ё ўлиб кетади ёки ногирон бўлиб қолади».
Менга айтишларича «Дамас»да бир йигит ва унинг онаси бўлган. Йигитга ҳеч нарса қилмабди, онам тенги аёл оғир жароҳатлар олиб, машина ичида ётарди. Одамлар «Дамас» пачоқланган эшигини очганча тез ёрдам келди ва аёл ҳамда йигитни шифохонага олиб кетди.
Кўп ўтмай отам етиб келди. У менга ҳам, машинамга ҳам эътибор бермади ва тўғри мажақланиб кетган «Дамас»ни бориб кўрди. Кейин ЙПХ ходимидан «Дамас»да неча киши бўлган, унда бўлганларнинг аҳволи ҳақида сўради. Сўнг олдимга келди.
«Мен сенга нима дегандим. Қанақа ... (шу жойда умримда сўкмаган отам мени ёмон сўзлар билан сўкди) боласан? Сенга анави куни қанча гапирдим. Ўша гапларни олмас экансан, «Ота, гапириб ўтирманг, фойдаси йўқ. Барибир амал қилмайман» десанг сени ўлдириб қўймасдим. Худо дегин, аёл тирик қолсин. Акс ҳолда ...».
Отам бошқа ҳеч нарса демади ва касалхонага кетди. ЙПХ ходимлари ҳодисани ҳужжатлаштиришди, масофаларни ўлчаб, ёзиб-чизишди. Сўнг келин-куёв ўтирган машинани қўйиб юборишди. Менинг машинамни, «Дамас»ни ва колоннада бўлган бошқа машиналарни жарима майдончасига олиб кетишди.
ЙПХ ходимлари маст қилувчи ичимлик ичган ичмаганимни текшириш учун тиббий экспертизага олиб кетишди. Уларга умуман ичмаслигимни айтдим, бироқ тартиб бўйича экспертизадан ўтиш шарт экан.
Эртаси куни отам касалхонага мени ҳам олиб борди. Аёл жонлантиришда, ўғли бошқа бўлимда экан. Аёлнинг эри ва яна бошқа қариндошлари мени кўриб еб қўйгудай қарашди. Отам улардан яна қайта, қайта узр сўради. Мен эса четроқда ерга қараб турардим.
Отам аёлга қараётган врач билан гаплашди.
«Опанинг аҳволи оғир. Тирик қолишига умид бор, лекин жуда кам. Шу учун ҳар қандай вазиятга тайёр тураверинглар. Буни аёлнинг қариндошларига ҳам айтдим», деди врач.
Касалхонадан чиқиб терговчининг олдига бордик. Тартиб бўйича одам тан жароҳати олганда йўл-транспорт ҳодисаларини тергов бўлими кўрар экан.
Терговчи мендан барча тафсилотни сўраб ёзиб олди ва охирида яшаш жойимни тарк этмаслигимни, яна чақириб қолиши мумкинлигини айтди.
Отам врачлар сўраган барча дори-дармонларни етказиб бериб турди. Жабрланувчи йигитга пачоқ бўлган «Дамас»нинг ўрнига янгисини олиб беришини айтган экан, у «Ака, кўзимга машина кўринаётгани йўқ, онам тузалиб кетса бўлди», дебди.
Ўша кунлари савдони ёрдамчилар қилиб туришди ва мен отам билан асосан уйда бўлдик. Отам касалхонага қатнар, мени эса терговчи чақириб қолиши мумкин эди. Отам шифокорлар билан алоқада бўлиб турди, бироқ аёлнинг аҳволи оғирлашиб борарди.
Ана шундай кунларнинг бирида кимдир қўққисдан дарвозамизни тепиб кириб келди. Қарасам ҳайдовчи йигит. У мен томонга югуриб келди ва мушт ёғдира бошлади, ерга йиқилдим.
Йигит «онамни ўлдирдинг, энди мен сени ўлдираман» деб бақирар, мени аёвсиз тепкиларди. Шундан тушундимки, аёл вафот этган. Дарҳол отам югуриб чиқди ва йигитни ушлади. У ҳам йигитнинг важоҳатидан аёл вафот этганини фаҳмлади.
«Тез 102 га қўнғироқ қил» деди отам. Йигит отамнинг қўлидан чиқишга уринар, бироқ эплай олмасди. Бирпасдан сўнг ИИБ ходимлари етиб келишди. Йигит нега келганини билгач уни машинага тиқиб уйига олиб кетишди.
Аёлнинг жанозасига боролмадим. Ўғлидан қўрқдим. Отам борди. Кўп ўтмай терговчи мени яна чақирди. У менга қўйилган айблов инсон ўлими содир бўлгани учун ўзгарганини айтди.
Кўп ўтмай суд бўлди ва 5 йилга қамалдим. Суддан олдин ҳам, судда ҳам отам менга умуман енгиллик сўрамади. Аксинча, судядан қонунда белгиланган жазони беришларини сўради.
Қамоқда уч йил ўтирдим ва ўзимни намунали тутганим учун муддатидан аввал озодликка чиқаришди. Қамоқда ўтган йилларимда ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрдим ва бу ҳаётда инсон жонидан аҳамиятли нарса йўқлигига амин бўлдим.
Ёшларга насиҳатим, транспорт воситаларини эҳтиёт бўлиб бошқаринг. Манзилингизга бироз кеч борарсиз, ишингиз кечроқ битар. Лекин кимнингдир умрига зомин бўлсангиз ёки ногирон қилиб қўйсангиз менга ўхшаб афсусланиб юрасиз».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«У ақлдан озди». Трамп ва Маск тортишуви янги даражага чиқди — онлайн жанг реал вақтда давом этмоқда
Жаҳон | 02:05
-
Балида сиғими 1 литрдан кичик сув идишларни ишлаб чиқариш тақиқланди
Жаҳон | 01:03
-
Президент Кападзега қўнғироқ қилиб, футболчиларни мундиал йўлланмаси билан табриклади — видео
Спорт | 00:48
-
Қозоғистон узра номаълум объектлар. Мудофаа вазирлиги баёнот берди
Жаҳон | 00:15
Мавзуга оид

12:00 / 05.06.2025
Хоразмда ёш йигит бошқарувидаги Tracker каналга қулади

15:08 / 04.06.2025
Тошкентда Nexia хавфсизлик оролчасидаги пиёдани уриб юборди

09:57 / 04.06.2025
Ҳайдовчилар жарима баллари ҳақида онлайн хабардор бўлиши мумкин

22:28 / 03.06.2025