Унутилган “Антиструмин воқеаси”: вазир ваъда қилган матбуот анжумани ва жавоблар қани?
Наманганда юзлаб болаларнинг заҳарланиши Сергелидаги портлаш фонида унутилгандай бўлди. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилгани, барча саволларга “тез орада жавоб берилиши”ни айтганди. Лекин ҳамон ваъда қилинган жавобдан дарак йўқ. Жамоатчилик эса заҳарланиш сабабларини ўзича тахмин қилишда давом этмоқда.

Наманганда болаларнинг заҳарланиши ҳолатига нима сабаб бўлгани ҳамон очиқ қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов шу йил 26 сентябр куни ОАВ ходимлари учун “ёпиқ тарзда”(маълумотлари ошкор қилинмаслик шарт билан) ўтказилган йиғилишда заҳарланган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтганини, ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилганини ҳамда “эртаси куни шу масалада катта матбуот анжумани ўтказилиб, барча саволларга жавоб берилишини” маълум қилганди. Аммо вазир ваъда қилган тадбир бўлмади, саволлар ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда.
Текшириш натижалари нима бўлди?
20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.
21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Сўнгра жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.
Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Антиструмин каррасига қиммат харид қилинганмиди?
Kun.uz киритган ҳужжатдан кўринишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 5 апрелдаги буйруғи асосида 2023 йил республика бюджети ҳисобидан 15 млрд 275 млн сўмга йод препарати харид қилиш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат харидларини амалга оширишга масъул ташкилоти – “O‘zmedimpeks” “Калий йодид 1 мг таблетка, №100 (Антиструмин)” дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июн ойида “Samo” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган. Шу тариқа, биринчи шартнома қиймати роппа-роса 6,6 млрд сўмга етказилган. Унга асосан, 1 млн 200 минг қути препаратнинг ҳар бири 5500 сўмдан харид қилинган.
2023 йилнинг 4 майига келиб, “O‘zmedimpeks” “Samo” компанияси билан Антиструмин дори воситасини харид қилиш учун яна 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган. Бунда 2 млн 350 минг қути препаратнинг ҳар бири 6500 сўмдан ҳисобланган.
Мазкур учта шартномани жамлаганда, “Samo” МЧЖдан 3 млн 550 мингта Антиструмин дори воситаси жами 21 млрд 875 млн сўмга сотиб олинадиган бўлган. Бунда ҳар бир қути препаратнинг нархи ўртача 6162 сўмдан тўғри келади.
Kun.uz препаратнинг чакана нархи билан қизиқиб, Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларидаги дорихоналар билан боғланиб кўрган эди. Натижада ССВ 3 млн 550 минг қутисининг ҳар бирини 6162 сўмдан (улгуржи тарзда) сотиб олган худди шу препарат бир нечта дорихоналарда 2300–3000 сўм оралиғида (чакана тарзда) сотилаётгани маълум бўлди.
Препарат болаларга юқори дозада берилганмиди?
Боғча ва мактаб болаларининг оммавий заҳарланиши уларга йод препарати юқори дозада берилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар янгради. Айрим шифокорлар болаларга ичирилган доза ЖССТ тавсия этганидан ўн баробаргача кўп эканлигини билдиришди. Аммо муҳокамаларга сабаб бўлган доза аслида ССВ томонидан тасдиқлангани маълум бўлди.
2023 йилнинг 28 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма қарори орқали 3-15 ёшдаги болаларни йод препаратлар билан таъминлаш юзасидан тизимли ҳамкорликни кучайтириш кўзда тутилган.
Қўшма қарор билан 3-15 ёшдаги болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш тартиби тўғрисида йўриқнома ҳам тасдиқланган. Мазкур йўриқноманинг 14-бандида дозалар ҳақида гап боради.
Йўриқномага кўра, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни мактаб ва боғчаларда болаларга йод препаратини умумий ичириш куни сифатида белгиланган. Калий йод препарати ҳафтада бир маротаба 3-6 ёшли болаларга 500 микрограммдан, 7-15 ёшли болаларга 1000 микрограммдан ичилиши тавсия этилган. Шунингдек, препаратлар сув билан ичилиши кераклиги, таълим маскани раҳбари бу учун шароит яратиши зарурлиги айтилган.
Бу ўринда препарат болаларга юқори дозада берилган эдими, деган савол ҳам очиқ қолмоқда.
Вазир ваъда қилган жавобларини айтиши керак
450 нафар боланинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат ва унинг сабабларини бошқа воқеалар фонида шунчаки унутиб юбориб бўлмайди. ССВ мавзуга “чуқурроқ кириб”, барча саволларга жавоб қайтариши ва заҳарланишга олиб келган омилларни оммага ошкор этиши зарур.
Заҳарланиш сабаблари очиқланмас экан, буни ҳар ким ўзича талқин қилиб, ўз версиясини айтаверади.
Масалан, бугунга қадар қуйидаги версиялар кўп янгради:
1-версия. Айрим шифокорларнинг чиқишларидан сўнг кўпчилик препарат болаларга юқори дозада берилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияга ишона бошлади. Чунки, болаларга тарқатилган йод препарати дозаси ЖССТ тавсия этганидан ўн баробаргача кўп эканлиги таъкидланди.
Бу версия ишончлироқ деса бўлади, сабаби 2023 йил 4 феврал куни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан соғлиқни сақлаш бошқармаларига хат юборилган. Унда Антиструмин препарати йод етишмаслиги профилактикаси учун йил давомида ҳафтада бир марта 3-7 ёшли болаларга ярим таблеткадан, 8-15 ёшли болаларга эса 1 таблеткадан қабул қилиш кўрсатилган.
Топшириқ хатида ҳудудларда аҳоли учун йод танқислиги ҳолатидаги белгилар, йод препаратлари ва уларнинг ёшга оид тавсия қилиниши ҳақида ишлаб чиқилган тарқатма материалларни мактаб, боғча ҳамда бошқа ташкилотларга тарғибот қилиш топширилган.
Аммо, 20 сентябрдан бошланган умумдавлат кампаниясида заҳарланган боғча болаларига бу дори 1 таблеткадан ичирилгани ҳақида маълумотлар бор.
Бу версиянинг ичида яна бир ҳолатни ҳисобга олиш керак. Йод препаратини илк марта оммавий равишда ичиришга киришган таълим муассасалари раҳбарлари топшириқни тезроқ 100 фоиз “ест” қилишга киришган. Натижада, йўриқнома билан танишмаган, ҳар бир болани индивидуал ҳолатини ҳисобга олмаган МТТ ҳамширалари ёки у ердаги ходимлар шошма-шошарлик қилган бўлиши мумкин. Яъни, препаратларни беришда гигиена қоидаларига риоя қилинмаган, 2-3 та таблеткаларни оғзига солиб олган кичик болаларга ҳам эътибор қилинмаган.
2-версия. Денгиздан узоқ жойлашган Ўзбекистон аҳолиси учун йод истеъмоли фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Бу микроэлемент инсоннинг ақлий ривожланиши, қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти учун бирламчи зарурат ҳисобланади.
Давлат томонидан йод препаратининг болаларга бепул тақдим этилиши уларнинг келгусида турли касалликларга чидамли бўлишига ёрдам беради. Ушбу препарат истеъмоли орқали улар касал бўлмай қўяди ёки камроқ касал бўлади.
Демак, касал бўлмайдиган болага дори ҳам сотиб олинмайди. Бу эса фармацевтика соҳасидаги гигант бизнес эгалари учун ёқимли бўлмаган ҳолат.
Kun.uz’га яқин айрим манбаларнинг фикрича, болаларнинг заҳарланиш ҳолати фармацевтика бизнеси эгалари томонидан давлатнинг йодни болаларга бепул тарқатиш сиёсатига қарши ўйлаб топилган исён, яни атайлаб маълум ҳудудларга болага зиён етказувчи препарат сиздирилган бўлиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад Ҳукуматни бошланган ташаббусдан ҳафсаласини пир қилиш ва бепул йодлаштириш сиёсатини бекор қилишга эришиш.
3-версия. Болаларнинг заҳарланиши асосан бир ҳудудда кузатилди. Демак, болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлиги, фақат дори ичилган кунга тўғри келиб қолганлиги ҳақидаги версия ҳам бор.
Лекин бу ҳақиқатдан йироқ. Чунки, ҳолат кузатилган илк кунданоқ ССВ зудлик билан йод препарати истеъмолини тўхтатиш ҳақида топшириқ берди. Вазирликнинг бу ҳаракати болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни шубҳа остига қўяди.
Ушбу версияларнинг барчаси тахмин, соҳага бефарқ бўлмаган кишиларнинг фикрлари, албатта. Вазир заҳарланиш сабабларини очиқламас экан, оммада бу каби тахминлар, шубҳа ва гумонлар юзага келаверади. Муҳими, 450 нафар бола нимадан заҳарланганлигини халқ билиши шарт.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид

13:21 / 28.05.2025
Ёзги оромгоҳлар учун йўлланмани онлайн олиш имкони яратилди

22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди

23:54 / 26.05.2025