Ўзбекистон | 22:06 / 16.11.2023
6116
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги конструктив мулоқот ривожлантирилади 

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди. 

Фото: Олий Мажлис Сенати

16 ноябр куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Бишкек шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг навбатдаги ялпи мажлиси доирасида Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасида барча соҳаларда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. 

Давлатлараро муносабатларда парламентлараро алоқаларни амалий ҳаракатлар билан янада бойитиш масалалари муҳокама қилинди. 

Бунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенати ўртасидаги парламентлараро комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан унинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва икки давлат парламентлари ўртасида янги «йўл харитаси»ни имзолаш таклифи илгари сурилди. 

Маулен Ашимбаев Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси фаолиятини юқори баҳолади. Қозоғистон парламентида ҳам ҳудди шундай комиссия фаолият бошлагани, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг тажрибаси муҳимлигини қайд этди. 

Халқаро парламент тузилмалари, шунингдек, бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар доирасида қўшма ташаббусларни илгари суриш, ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини фаол давом эттиришга келишиб олинди. 

Учрашув якунида дўст мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланиб бориши, бунда парламентлараро мулоқотни янада фаол давом эттирилишига ишонч билдирилди.

Мавзуга оид