Қумқўрғон ҳокимига ҳадя қилинган Equinox эгасига қайтарилди
Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов тадбиркор совға қилган автомобилни ҳокимлик балансига олиш тўғрисидаги фармойишини бекор қилди. Аксилкоррупция агентлигига кўра, ушбу ҳолатда манфаатлар тўқнашуви аниқланмаган, лекин ҳокимликка совға қилинган автомобил нархи ҳукумат қарорида белгиланган меъёрлардан юқори.

Суратда – Қумқўрғон ҳокими Анвар Нормаматов
Шу йил 17 октябр куни «Qumtex Invest» МЧЖ раҳбари Урал Бегимқулов Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлигига 400 миллион сўмдан қиммат турувчи автомобил совға қилган эди. Жамоатчилик норозилигидан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, ҳокимликка коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳақида тақдимнома киритган.
Kun.uz мухбирига интервю берган агентлик директори Акмал Бурҳоновга кўра, ушбу ҳолатда манфаатлар тўқнашуви аниқланмаган. Лекин ҳокимликка совға қилинган автомобил нархи ҳукумат қарорида белгиланган меъёрлардан юқори.
Шу сабабли Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов тақдимномага асосан, автотранспорт воситасини ҳокимлик балансига ўтказиш ҳақидаги фармойишини бекор қилди.
Октябр ойида ҳокимликка қимматбаҳо автомобил совға қилган шахс – Урал Халмурзаевич Бегимқулов бўлиб, у «Qumtex Invest» МЧЖнинг раҳбари ҳисобланади. Яшаш учун мўлжалланмаган биноларни қуриш билан шуғулланадиган бу корхона таъсисчилари турли хил кластер ва текстилларга чатишиб кетган.
Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг фармойишни жамоатчиликдан яшириб қўйган эди.
Маълумот учун, амалдаги ҳукумат қарори билан тасдиқланган меъёрларга кўра, Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳар ҳокимликлари учун хизмат машиналарини сотиб олишнинг энг юқори нархи БҲМнинг минг баробаридан (ҳозирги кунда 330 млн сўм) ошмаслиги керак. Ҳокимликка совға қилинган Equinox автомобилининг энг арзон опциялари эса 408,4 миллион сўмдан бошланади.
Мавзуга оид

12:10 / 16.03.2025
Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

11:19 / 05.10.2024
Сурхондарё сув таъминоти корхонасининг уч ходими қутқарилди

10:09 / 24.03.2024
Қумқўрғонда сел талафотларини бартараф этишга Сурхондарё вилоятидаги барча туманлардан ёрдам чақирилди

21:36 / 22.11.2023