Жаҳон | 20:16 / 02.09.2024
2271
2 дақиқада ўқилади

Дунёда сиёсий мақсадларда уюштирилаётган ҳакерлик ҳужумлари сони кескин ошди

2024 йилнинг дастлабки олти ойида ҳакерлик ҳужумлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102 фоизга ортган. Энг кўп ҳужум уюштирилаётган йўналишлар орасида ҳукумат сектори, кўнгилочар ва молиявий соҳалар етакчилик қилмоқда.

Фото: Reuters

Бутун дунёда 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида DDoS-ҳужумлар сони сезиларли даражада ортди. StormWall таҳлилий маркази ҳисоботига кўра, бу ҳакерлар турли давлатлардаги муҳим сайловларга аралашишга уринаётганидан дарак беради.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида ҳакерлик ҳужумлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102 фоизга ортган. Энг кўп ҳужум уюштирилаётган йўналишлар орасида ҳукумат сектори, кўнгилочар ва молиявий соҳалар етакчилик қилмоқда. Ҳукумат секторлари энг кўп ҳужумга учраётгани геосиёсий кескинлик ва сайловлар ўтказилиши билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Шунингдек, телекоммуникация, транспорт, ритейл ва саноатнинг бошқа муҳим соҳаларига ҳужумлар амалга оширилган. АҚШ, Хитой ва Франция дунёда энг кўп ҳакерлар ҳужумига учраган давлатлар бўлиб қолмоқда, хусусан, Франция Европарламентдаги сайловлар сабаб рейтингда кўтарилган.

Google маълумотларига кўра, сўнгги олти ой ичида Қўшма Штатлар ва Исроилга барча APT42 ҳужумларининг қарийб 60 фоизи тўғри келган. Компания худди Meta сингари эронлик ҳакерлар фаолиятини АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари билан боғлайди. Шундай қилиб, яқинда содир бўлган ҳужумлар бўлажак сайловларда демократик номзод бўлган вице-президент Камала Ҳарриснинг алоқаларига ҳам таъсир қилган. Бундан ташқари, июн ойида ҳакерлар Трамп сайловолди штабининг ички ҳужжатларига кириш ҳуқуқига эга бўлишган.

Ҳужумлар сони ортиб бораётгани ҳақидаги маълумотларни АҚШ Миллий разведка хизмати, Федерал тергов бюроси ва Миллий хавфсизлик департаменти қошидаги Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги тасдиқлаган. «Эрон бу йилги сайловларни миллий хавфсизлик манфаатларига таъсир қилиши нуқтайи назаридан муҳим деб ҳисоблайди», - дейилади идоралар қўшма баёнотида.

Мавзуга оид