Жаҳон | 16:50 / 21.09.2024
2952
2 дақиқада ўқилади

Германияда қочқинлар сони янги максимал кўрсаткичга етди

Ҳозирда Германияда қочқинлар, бошпана изловчилар ёки рад этилган бошпана изловчилар сифатида рўйхатга олинган 3,5 миллион хорижлик бор ва уларни чиқариб юбориш имконсиз.

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Ҳозирда Германияда қочқинлар, бошпана изловчилар ёки рад этилган бошпана изловчилар сифатида рўйхатга олинган 3,5 миллион хорижлик бор, улар мамлакатда қолишади, чунки ҳозирча депортация қилиниши имконсиз. Бу янги максимал кўрсаткич, деб ёзади Neue Osnabrücker Zeitung газетаси 20 сентябр, жума куни Германиядаги хорижликлар марказий реестри маълумотларига таяниб.

Ҳужжатда айтилишича, 2024 йилнинг биринчи ярми охирига келиб, Германияда гуманитар сабабларга кўра бошпана сўраб мурожаат қилган хорижликларнинг уч тоифасидан бирига мансуб 3,48 миллион киши яшаган. Бу 2023 йил охирига нисбатан 60 мингга кўпдир. Охирги марта бундай кўрсаткич Германияда 1950-йилларда кузатилган, дейилади Германия ҳукуматининг Бундестагдаги сўл партия фракцияси сўровига жавобида, у журналистлар учун тақдим этилди.

Қайд этилишича, рўйхатга бошқалар қатори 1,18 миллион украиналик қочқин ҳам киритилган. 2023 йил охиридан буён уларнинг сони 45 минг кишига ошди.

Шу билан бирга, Германиядан чиқариб юборилиши керак бўлган хорижликлар сони бироз камайди. 2024 йил ўрталарида 226 882 киши бўлган бўлса, 2023 йил охирида 15 760 кишига кўпроқ қайд этилган. Шу билан бирга, Германияда қочқинлик мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижликларнинг 80,5 фоизи ўз ватанларидаги вазият зудлик билан депортация қилишга имкон бермаслиги асосида вақтинча шу ерда қолмоқда, дея аниқлик киритилади мақолада.

Мавзуга оид