Тошкентдаги автобусга номаълум шахслар салон аёл ва эркаклар учун ажратилгани ҳақидаги постерни ёпиштириб кетди
Тошкентдаги автобусда «Аёллар - олдинда, эркаклар - орқада» деган эълон пайдо бўлди. «Тошшаҳартрансхизмат» икки йигитнинг постер ёпиштиргани тасвирланган камера тасвирларини эълон қилди. Постер дизайни Самарқанддаги автобусда осилгани билан бир хил.

Фото: Видеодан кадр
5 ноябр куни Тошкентда 34-йўналишдаги автобус ичида «Аёллар - олдинда, эркаклар - орқада» деб ёзилган постер пайдо бўлди. Бу ҳақда Telegram-каналлар хабар берди.
Эълоннинг дизайни ўтган куни Самарқанддаги автобусга осиб кетилгани билан бир хил. Ўшанда ҳайдовчига нисбатан интизомий жазо қўллангани маълум қилинганди.
Пойтахтдаги автобус паркларига раҳбарлик қилувчи «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси эълонни жойлаштиришга автобус ҳайдовчисининг алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, жамият масъул ходимлари томонидан автобус салонида жойлаштирилган кузатув камерасидаги тасвирлар текшириб чиқилди. Маълум бўлишича, икки нафар номаълум фуқаро автобусга чиқиб, салоннинг ички қисмида аёллар ва эркаклар жойи ажратилганлигини тарғиб қилувчи постерни ёпиштириб, уни шахсий мобил телефонига суратга олганлиги ва автобусдан тушиб кетганлиги аниқланди.
Компания бу йигитларнинг шахсини аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат юборган.
Автобус ҳайдовчилари ва чиптачиларига рухсат этилмаган шахслар томонидан реклама жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги юзасидан режадан ташқари кўрсатмалар берилган.
Мавзуга оид

22:35 / 05.07.2025
Тошкентда тиланчилик билан шуғулланган 70 кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

11:06 / 05.07.2025
Атирау-Тошкент йўналиши бўйича авиарейслар йўлга қўйилади

14:31 / 04.07.2025
Тошкент метросининг 13 та бекатида вестибюлнинг бир томонидаги касса ёпилди

19:49 / 03.07.2025