«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
Эрик тен Ҳагга берилган икки мавсумдан кўпроқ муддат ичида манчестерликлар, айниқса, тактик беқарорликдан азият чекишди. Рубен Аморимнинг танланиши ҳам бу фикрни тасдиқлаяпти — у ўзининг хос услубига эга мутахассис ва у «Манчестер Юнайтед»ни қандай сайқаллаши мумкинлиги қизиқ.

«Спортинг»да 4 мавсум ишлаб, 2 бор Португалия чемпионлигига эриша олган Рубен Аморим, асосан, ўйинни тўп назорати, ҳимоя учлиги билан юқори зоналарда ўйновчи ҳимоя чизиғини ташкил қилиш ва интенсив прессинг устига қуради. Лекин у қаергадир эмас, «Олд Траффорд»га келяпти ва 11 ноябрдан янги жамоасини «Ипсвич»га қарши дебют беллашувига тайёрлашни бошлайди. Хўш, у қарашларини «қизил иблислар» таркибига қандай сингдиришга уринади?
Ҳимоя учлиги: Мартинезнинг аҳамияти
Аморим «Спортинг»да ўтказган 188 учрашувида воз кечмагани ҳимоя марказида 3 нафар ҳимоячи билан ўйнашни «Манчестер Юнайтед»га ҳам татбиқ этишга уринишини кутиш мантиқли бўлади. Opta маълумотларига кўра, у асосан 3-4-2-1 схемасида ўйнаган. Бундан ташқари, унинг фаолиятида 3-4-3 ва 3-5-2 схемалари ҳам кузатилган.
Бу услубга кўникиш узоқ вақтдан бери Эрик тен Ҳагнинг 4-2-3-1 схемасида ўйнаб келган футболчилардан бироз вақт талаб этиши аниқ. Нидерландиялик мутахассис қўл остида манчестерликлар бирорта баҳсни ҳимоя учлиги билан бошламади (Opta). Бу учликнинг маркази бўлишга Маттейс де Лигт асосий номзод ҳисобланади. Жисмоний кўрсаткичлари ва бу позициядаги тажрибаси уни ушбу мақом учун фаворитга айлантиради. Лисандро Мартинез ва жароҳатдаги Лени Йоро унинг иккала тарафидан ўрин олиши мумкин. Лени Йоро ҳануз АПЛ имтиҳонидан ўтгани йўқ, бироқ унинг иқтидорига шубҳа йўқ. Айниқса, мавсумолди йиғинида жароҳат олиб сафдан чиққан французнинг жамоага мослашиб кетиши учун ҳам орқа чизиқда уни суғурталаши мумкин бўлган яна икки ҳимоячи бўлиши фойдали бўлади.
Учликнинг чап тарафини катта эҳтимол билан Лисандро Мартинез эгаллайди. Гарчи у тен Ҳаг қўл остида энг яхши ўйин кўрсата олганлардан бўлса-да, жуда кўп эпизодларда ҳимояда кўмак етишмаслигидан азият чекканди. Янги услубда эса унга «Спортинг»да Гонсало Инасио бажарган рол юкланиши мумкин. Чунки унинг оёқ билан ўйнай олиш қобилияти Инасионикидан қолишмайди.
Рубен Аморим собиқ клубида Инасиога тўп билан энг кўп марта ишлаш имкониятини берган ва унинг ҳар 90 дақиқа ҳисобига амалга оширадиган ўртача 95,9 та аниқ узатмалари Португалия примейрасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Инасиодан пайт пойлаган ҳолда яримҳимоячилар ва ҳужумдагиларга кескин узатмалар амалга ошириш талаб қилинарди ва бу вазифа «Юнайтед» ҳимоясида фақатгина Личага ишониб топширилиши мумкин.
Second Spectrum статистик маълумотлар портали тақдим этган рақамларга кўра, унинг мавсум аввалидан бери 746 марта ҳимояланаётган футболчиларни ортда қолдириши (узатма орқали) «қизил иблислар» таркибидаги исталган ҳимоячининг натижасидан 54 фоизга яхшироқ. Яъни Аморимсиз ҳам Мартинез жамоанинг билд-ап (build-up — паслар орқали рақиб босимини ёриб ўтиш) тизимида асосий мурват вазифасини бажарган.
Латералларнинг кенглик ҳосил қилиши
Аморимнинг ҳимоя учлиги керак ҳолларда ҳимоя бешлигига айланиши мумкинлиги табиий, бироқ у латераллардан асосан ҳужум қуроллари сифатида фойдаланади. Улар жамоанинг кенг периметр бўйича ўйнашини таъминлаши, гол ва ассистлари билан ҳужумларда иштирок этиши керак. Аслида, тен Ҳаг қўл остидаги қанот ҳимоячилари ҳам анча юқори зоналаргача югуриб боришарди, бироқ ҳимояда икки футболчи қолишидан рақиблар фойдаланиб, қарши ҳужумларда гол уриб кетишарди.
Ҳимоя марказига яна бир футболчи қўшилиши билан латераллар ҳужумга кўмаклашиш ишларини ҳимоядаги вазифаларидан хотиржам бўлган ҳолда амалга ошириши мумкин бўлади. Албатта, Нуссайр Мазравий ва Диогу Далот типик қанот ҳимоячилари, бироқ латерал сифатида ҳам ўйнай олади. Худди шундай таърифни жароҳатдаги Люк Шоуга нисбатан ҳам айта оламиз.
Аморим «Спортинг»да кўплаб футболчилар латерал сифатида порлашига сабабчи бўлди. Мисол учун, Педро Поррони олайлик. «Спортинг»да 2,5 мавсумда 13 та гол, 14 та ассист амалга оширган ҳимоячи кейинчалик 39,7 миллион фунт-стерлинг эвазига «Тоттенҳем»га сотилганди. Сўнгги вақтларда Нуну Сантуш ҳам Аморим қўл остида ўхшаш натижалар қайд эта бошлади: 32 ўйинда 4 гол ва 10 ассист. Қизиғи шундаки, Нуну базавий жиҳатдан вингер ҳисобланади ва мураббийи томонидан латерал ҳимоячига айлантирган. Демак, эҳтимол кам бўлса-да, Алехандро Гарначо, Амад Диалло ёки Антони каби футболчилар ушбу позицияга мослаштирилишини кутиш ҳам мумкин.
Угарте яна Аморим билан
Мануэл Угарте айнан Аморим қўл остида икки мавсум ичида таркибга ёриб кириш ва кейинчалик асосий футболчилардан бирига айланишга улгурганди. Кейин эса «ПСЖ» у учун португалларга 50 миллион фунт тўлади. «Юнайтед»даги ғалати стартдан сўнг, собиқ мураббийи билан яна бирга ишлаш имконияти уругвайлик яримҳимоячига қўл келиши мумкин. Албатта, унинг ўзида ҳам гап бор — АПЛга мослашиши керак. Бироқ Аморим ундан қандай фойдаланишни билади. Ҳар ҳолда, «Спортинг»даги даврида шундай бўлган.
Инасио каби ҳимоячилар тўпни юқори зоналарга етказиб бериш билан шуғулланиши талаб этилган услубда Угартенинг вазифаси уни жамоага қайта ютиб бериш эди. 2022/2023 йилги мавсумда Ману 90 дақиқа ҳисобига аниқ узатмалар кўрсаткичи бўйича «Спортинг» таркибидагилар орасида 6-ўринда бўлса ҳам, унинг ҳимоявий ҳаракатлардаги фойдали иш коэффициенти жуда юқори эди. Унинг 121 бор муваффақиятли подкат қилиши Португалия олий дивизионида биринчи, Европа катта лигалари бўйича эса тўртинчи кўрсаткич бўлган. Таянч яримҳимоячиси бўлишига қарамай, Угарте ўша мавсумда нақ 23 марта ҳужумдаги шериклари билан учлик ҳосил қилган ҳолда рақиблардан тўпни олиб қўйган ва бу ўз лигасидаги барча футболчилар статистикасидан яхшироқ эди. Аморимнинг тўпсиз ўйинни қандай қуришини яхши тушунадиган Угартедек футболчи «Манчестер Юнайтед»нинг бўлғуси мураббийи қўл-остидаги ўйинларида анча фойдали бўлиши мумкин. Шунингдек, у мураббийга ёш Кобби Майнуни камолга етказишда катта ёрдам бериши мумкин.
Бруну ҳужум учлигига қўшилади(ми?)
Мураббий учун ушбу позицияга қўйиши учун вариантлар етарли. Ҳатто Брунуни яримҳимоянинг пасткироқ зоналарида ўйнатиши ҳам мумкин. Лекин Аморим таянч зонасидаги яримҳимоя жуфтлигига кўпроқ ҳимоя ҳақида ўйлайдиган футболчиларни жойлаштиришни хуш кўради. Рубен жамоага мураббий сифатида келишидан бир неча ҳафта олдин «Спортинг»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтиб кетган 30 ёшли яримҳимоячи страйкер ортига жойлаштирилиши эҳтимоли юқорироқ.
Ҳар ҳолда, Брунуни қанотга кўчирилмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Айнан ҳужумчи ортида Бруну қанчалик фойдали футболчи эканини яхши биламиз. «Спортинг»да Педро Гонсалвеш ўйнаган ўринни «Юнайтед»да Бруну Фернандеш эгаллаши мумкин. Ҳужум зонасининг чапроғидан рақиб жарима майдони томон кириб борадиган Педро Гонсалвеш Аморим қўл остидаги 187 учрашувда 81 гол ва 56 ассист амалга оширишга муваффақ бўлган. Рэшфорд чап тарафда ўйнашни афзал кўриши Фернандеш ўнг тарафда ўйнашини тақозо этар, бироқ унинг вазифалари барибир Гонсалвешникига ўхшаш бўлиши эҳтимол.
Гёкереш Ҳойлунд учун ўрнак
Рубен Аморим фақат сўнгги икки мавсумда росмана «қотил» ҳужумчи билан ўйнади. Виктор Гёкереш жамоага келгунича унинг тўпурарлари ҳужуморти футболчилар — Пабло Сарабия ва Педро Гонсалвеш бўлганди. Лекин ушбу скандинав ҳужумчи билан эришган муваффақияти «қизил иблислар» мухлисларини 72 миллион фунт-стерлингга харид қилинган Расмус Ҳойлунднинг Аморим қўл остида ўзини топишига нисбатан умидларини учқунлантиради. «Аталанта»дан харид қилинганидан бери 52 учрашувда майдонга тушиб, 18 гол уриш билан кифояланган даниялик ҳужумчи Гёкереш сингари тўп билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш қобилияти билан мақтана олмаса-да, унинг тезкор оёқлари янги мураббий қурадиган футболда асқатади.
Икки форварднинг статистикалари солиштирилса, ўртадаги фарқ яққол сезилади. Сўнгги икки мавсум давомида Ҳойлунд 90 дақиқа ҳисобига 1,6 марта зарба берган бўлса, швециялик амплуадошида бу кўрсаткич ўртача 3,8 мартани ташкил қилади. Шундай экан, унинг голлари сони Гёкерешдан сезиларли даражада камлиги тушунарли. Ҳужумчилар учун энг муҳими — зарба. Ҳойлунд Эрик тен Ҳаг услубида жамоанинг қолган қисмидан изоляция қилиб қўйилди ва 90 дақиқа ҳисобига ўртача 28,4 марта тўпга тегинди. Викторда эса бу рақам 44,6 тани ташкил қилади. Мана шу тегинишларнинг ярмини 26 ёшли ҳужумчи рақиб жарима майдони ичида амалга оширган.
Бундай муваффақиятли натижаларнинг сабаби ҳам Гёкерешга жамоадошлари кўпроқ имкониятлар яратиб бера олганида. 39 ёшли мураббий «Олд Траффорд»да қурадиган ўйин услуби орқали Расмуснинг ҳам кўрсаткичлари сезиларли ўсишга эришиши мумкин.
Sky Sports сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси
Мавзуга оид

12:05 / 22.05.2025
«Тоттенҳэм» финалда «МЮ»дан устун келди ва мавсумни қутқариб қолди

15:13 / 21.05.2025
«МЮ» ёки «Тоттенҳэм»: иккинчи даражали еврокубок кимга кўпроқ керак?

18:52 / 01.05.2025
«Тўрт оғайни ботирлар». Европа лигаси яримфиналлари олдидан

11:41 / 18.04.2025