Жамият | 17:58 / 08.11.2024
14451
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 28 ёшли аёл антибиотикдан кейин вафот этди

6 ноябр куни Шаҳрисабз шаҳридаги хусусий клиникада 1996 йилда туғилган аёл вафот этган. У томоғига юборилган антибиотик аралашмасидан кейин тили тортилиб, нафас ололмай қолган.

Фото: РИА Новости

6 ноябр куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги клиникада 28 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов Kun.uz’га маълум қилди. Унга кўра, Шаҳрисабз тумани “Хонтепа” МФЙда яшаган, 1996 йилда туғилган Б.Н. томоғи шишгани (ангина) сабаб хусусий поликлиникага борган. Клиниканинг лор шифокори И.Ж. аёлнинг томоғига “цефтриаксон” ва “дексаметазон” дори воситалари аралашмасидан инъекция юборган. Шундан кейин беморнинг тили тортилиб кетган. Кўрсатилган ёрдамга қарамасдан беморнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳодиса жойида вафот этган. Воқеа содир бўлган жойга Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси терговчиси раҳбарлигида тергов тезкор гуруҳи чиқиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилган. Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Олдинроқ, дунёда антибиотикларга чидамлилик ортиб бораётгани ва бу 2050 йилгача ҳар йили 10 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлиши ҳақида маълум қилинган эди.

Kun.uz олдинроқ Ўзбекистонда ҳам антибиотикка ўрганиб қолганлар кўплиги ва нега ривожланган мамлакатларда антибиотик сотиш, сотиб олиш устидан кучли назорат ўрнатилгани мавзусини ўрганганди.

Мавзуга оид