Ўзбекистон | 14:22 / 13.12.2024
1793
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сертификатланган органик экинлар майдонини 100 минг гектарга кенгайтирмоқчи

Полшанинг Farmer.pl электрон порталида "Ўзбекистон органик экинлар майдонини 100 минг гектарга етказмоқчи" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мақолада Ўзбекистон президенти раислигида 28 ноябр куни мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар қаламга олинган.

Қайд этилганидек, келгуси уч йилда Ўзбекистонда сертификатланган органик экинлар майдонларини 3900 гектардан 100 минг гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси органик экинлар майдонларини кўпайтириш вазифасини қўйди. Бу режалар мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Таъкидланишича, энди органик майдон ташкил қилган фермер ва деҳқонларга ерни лазер билан текислаш харажати давлат томонидан қоплаб берилади. "Органик", "Глобал Гап", "Ҳалол", "Кашер" каби сертификатларни олиш харажатлари учун тадбиркорларга субсидия ажратилади.

"2025 йилгача органик экинлар майдонини 10 минг гектарга, кейинги уч йилда эса 100 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилди", — дейилади материалда.

Йиғилишда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Мақолада, Ўзбекистон статистика агентлиги маълумотларига таяниб, 2023 йилда 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилгани хабар қилинган.

"Бундан ташқари, мамлакат мева-сабзавот экспортини ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга ошириб, 2024 йилда 2 миллиард доллардан ортиқ ҳажмга етказди. 2025 йилда ушбу рақамларни 3,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган", – деб таъкидланган манбада.

Мавзуга оид