Фан-техника | 00:11 / 20.12.2024
1892
2 дақиқада ўқилади

Amazon платформасидан ёниб кетиш хавфи туфайли ярим миллионга яқин «powerbank» чақириб олинади

Хитойда жойлашган Charmast компанияси Amazon платформаси орқали сотилаётган қарийб 500 минг ташқи аккумуляторини чақириб олади. Бунга уларнинг қизиб кетаётгани тўғрисида мурожаатлар кўпайгани сабаб бўлмоқда.

Фото: Pixabay

Charmast компанияси Amazon платформасидан ярим миллионга яқин ташқи аккумуляторларини ёниб кетиш хавфи сабаб чақириб олади. Бу ҳақда АҚШ Истеъмол товарлари хавфсизлиги бўйича комиссия (CPSC) пресс-релизига таяниб, NBC News хабар берди (https://www.nbcnews.com/business/consumer/power-bank-chargers-sold-amazon-recalled-fire-burn-hazard-rcna184834).

Маълумотларга кўра, Хитойда жойлашган Charmast компаниясига аккумуляторларнинг хавфли қизиб кетиши тўғрисида 44 та хабар келиб тушган. Бу турдаги мурожаатларнинг тўрттасида истеъмолчилар куйиш жароҳатини олганини билдирган.

Қайд этилишича, чақириб олинадиган «powerbank»лар W1056 моделидаги қурилмалар бўлиб, улар Amazon’да турли рангларда сотиб келинади.

CPSC’нинг маълум қилишича, истеъмолчилар зудлик билан қувватлантириш қурилмасидан фойдаланишни тўхтатиши ва тўланган маблағларни қайтариб олиш бўйича тегишли кўрсатмаларни олиш учун Charmast билан боғланишлари керак. 

«Портатив аккумуляторларда литий-ионли батареялардан фойдаланилгани боис чақириб олинган товарларни чиқиндига ташлаб юбориш керак эмас», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Бристол университети ва Буюк Британия Атом энергияси бошқармаси олимлари 5700 йилгача хизмат қилиши мумкин бўлган ноёб аккумулятор яратгани тўғрисида хабар берилганди. Аккумуляторнинг ҳажми жуда кичкина бўлиб, углерод-14 радиоактив изотопи олмос қобиғига хавфсиз тарзда ўралган. 

Мавзуга оид