«Бизга ядровий қуролни қайтаринг» — Зеленский хавфсизлик кафолатлари ҳақида

Фото: Видеодан кадр
5 февралга ўтар кечаси Володимир Зеленскийнинг британиялик журналист Пирс Морганга берган бир ярим соатлик интервюси эълон қилинди. Унда Украина президенти Россия-Украина можаросининг ҳозирги ҳолати ва ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан кейин нима бўлиши борасидаги қарашларини батафсил баён этган.
Путин билан музокараларга тайёрлиги ҳақида. Зеленский «агар бу украинларга тинчлик олиб келувчи ва одамларни йўқотмайдиган ягона конфигурация бўлса», Путин билан музокаралар столига ўтиришга тайёрлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда Россия президентига шахсий муносабати аҳамият касб этмайди: «Унга қандай муносабатда бўлишимнинг нима фарқи бор? Мен унга меҳрибонлик қилмайман. Мен уни душман деб биламан, тўғриси, у ҳам мени душман деб билади».
Ҳалок бўлган украин ҳарбийлари ҳақида. Зеленскийнинг қайд этишича, уруш бошланганидан буён 45 100 нафар украин ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлиб, 390 мингга яқин киши яраланган. «Аниқ рақамлар биз учун жуда муҳим», — дея ишонтиради у. Украина президенти россияликларнинг йўқотишларини 350 минг қурбон, 600-700 минг ярадор ва 50-70 минг бедарак йўқолган кишига баҳолаган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар нисбатидаги фарқни Зеленский Россиянинг «дала тиббиёти украинларникидан кучсизроқ экани ва улар ярадорларни олиб чиқмаслиги, улар яраланган жойида қолдирилиши» билан тушунтирган.
НАТОга кириш ва ядровий қурол ҳақида. Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қиларкан, Зеленский агар мамлакатнинг НАТОга кириши йиллар ёки ўнлаб йилларга кечиктирилса, масалани Украинада ядровий қурол бўлиши билан ҳал этиш мумкинлигини айтган. «Келинг, бундай қиламиз: бизга ядровий қурол қайтарилсин, бизга ракета комплекслари берилсин, ҳамкорлар миллионлик армияни молиялаштиришда ёрдам кўрсатсин, одамларимиз хотиржам бўлиши учун контингентларингизни биз барқарорлик бўлишини истайдиган регионларга жойлаштиринг», — деган у. Зеленский агар тинчлик келишув шартларига кўра, Украина НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши керак бўлса, Россия аннексия қилинган барча ҳудудларни қайтариши кераклигини қўшимча қилган: «[Путин] биз НАТО аъзоси бўлишимиздан қўрққанидан бостириб кирганди. Яхши, биз НАТО аъзоси бўлмаймиз — ерларимизни қайтаринг».
Сайловлар ҳақида. Украинада сайловлар ҳарбий ҳаракатларнинг фаол фазаси якунланиб, ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан кейингина ўтказилади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «ҳарбий ҳолат ҳозир бекор қилиниши — айнан Путин истаётган иш». Зеленский агар ҳарбий ҳолат бекор қилинса, унда ҳарбий хизматчиларнинг катта қисми уйга қайтиш учун қонунан ҳақли бўлади — ва шундай қилишади ҳам . «Аммо унда Украинани ким ҳимоя қилади? Хавфсизлик кафолатисиз Россия яна бостириб киради», — деган у. Зеленский «доимо сайловлар тарафдори бўлгани»га ишонтирган, аммо шунчаки уруш даврида уларни ўтказиб бўлмаслигини таъкидлаган. «Окоплардаги аскарлар қандай қилиб овоз берсин? Ишғол этилган ҳудудларимиздаги миллионлаб украинлар билан нима бўлади? Ёки уларнинг овози энди аҳамиятга эга эмасми?» — дейди у.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 5 феврал куни Зеленскийнинг ядровий қурол ҳақидаги сўзларини «ақлсизлик чегараси» деб атади ва «Европада барибир бундай мавзуни муҳокама қилиш абсурдлиги ва эҳтимолий хавфини тушунадиганлар топилиши»га умид билдирди. Музокаралар борасида эса Песков Москвадагилар «Зеленскийнинг легитимлиги борасида де-юре муаммолари бор» деб ҳисобласа ҳам, Россия томони мулоқотга тайёрлигини айтган.
Мавзуга оид

20:34 / 03.07.2025
Украинанинг Ҳаркив шаҳрида солиқлар ва йиғимлар бекор қилинди

16:57 / 03.07.2025
АҚШ нафақат Украинага, балки бошқа мамлакатларга ҳам ҳарбий ёрдамни тўхтатди

16:00 / 03.07.2025
Ўн биринчиси. Курскда Россиянинг яна бир генерали ҳалок бўлди

12:38 / 03.07.2025