Жаҳон | 14:19 / 16.05.2025
10449
4 дақиқада ўқилади

«Чегарада ҳарбий истеҳком қурдик» – Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик жазога тортилди

Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро Россия-Украина урушида қатнашиб, жанг майдонида ҳарбий истеҳком қуриш ишларига жалб этилган. У Россияда бўлиш гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтгани сабабли ҳибсда сақланган. Сўнгра жазо берилмаслиги эвазига Россия қуролли кучлари таркибида ҳарбий хизмат қилишга рози бўлган.

Фото: Reuters

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган Т.Р. Россия армиясига ёллангани учун жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Т.Р. 2021 йил май ойида ишлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган. 2024 йил январ ойида Россия Федерациясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Т.Р. ушбу давлатда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган.

Т.Р. ўзига нисбатан қонуний чора кўрилмаслиги учун унга билдирилган таклиф – Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга рози бўлган ва Россия армиясига ёлланган. У доимий жойлашув манзили Ленинград облатининг Виборг райони, Каменка посёлкасида бўлган ҳарбий қисмда хизмат қилиб, фронтда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда фаол иштирок этган. Яъни фронт чизиғи яқинида ҳарбий истеҳкомлар (блиндаж) қуриш ишларига жалб қилинган.

Т.Р. 2025 йил 10 январ куни «Ғишткўприк» чегара назорат-ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

Т.Р. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва жазога тортилмаслик учун бу таклифга рози бўлганини айтган.

“2010 йилдан ҳозирга қадар Россияга бориб, қурилиш ишларида ишлаб келаман. 2021 йил 1 май куни Самарқанд халқаро аэропорти орқали Москвага, сўнгра у ердан таксида Санкт-Петербург шаҳрига бордим. Маҳаллий аҳолининг хонадонлари ва дачаларида қурилиш ишларида ишлаб юрдим. 2024 йил 22 январ куни Гадчина туманидаги рус оиласига тегишли хонадонларнинг бирида ишлаётганимда 2 нафар милиция ходими келиб, мени сўроқ қилишди. Россияда бўлиш гувоҳномамнинг амал қилиш муддати ўтгани сабабли милиция бўлимига олиб бориб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштиришди. 2024 йил 22 март кунига қадар ушбу ҳибсхонада сақландим.

Жазони ўташим давомида милиция ходимлари мен билан бир неча марта суҳбат ўтказишди. Менга катта миқдорда маош эвазига Россия қуролли кучларига ҳарбий хизматга кириб, Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни, бунинг эвазига Россия фуқаролигини беришни таклиф қилишди. Мажбурликдан ушбу таклифга рози бўлдим.

Бир йиллик ҳарбий хизмат шартномасига имзо чекдим. Шундан сўнг, мени Ленинград вилояти Виборг тумани Каменка посёлкасида жойлашган ҳарбий қисмга олиб кетишди”, деган суддаги кўрсатмасида Т.Р.

Шунингдек, у уларни ҳарбий қисмдан 2-3 км узоқликдаги ўрмонга олиб боришгани, у ерда вақтинчалик ерости ҳимоя истеҳкомларини қуришганини билдирган. Соғлигидаги муаммо туфайли Санкт-Петербург шаҳрига ҳарбий поликлиникага олиб борилгани, сўнгра Ўзбекистонга қайтганини айтган.

Суд ҳукми билан Т.Р. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ ўз кўрсатмасида ўндан ортиқ украин аскарини ўлдирганини айтган ўзбекистонликка ҳукм ўқилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид