Камералар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайдиган бўлди
Президент топшириғи асосида қабул қилинган ҳукумат қарорига биноан, 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини автоматлаштирилган фото-видео қайд этиш мосламалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” бундан мустасно. Бу имтиёз ЙПХ ходимлари томонидан аниқланган қоидабузарликларга тааллуқли эмас.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда йўллардаги ҳаракатланиш бўлакларини ажратувчи узлуксиз чизиқларни босган ҳайдовчиларнинг қоидабузарлигини 1 июндан бошлаб радарлар қайд этмайди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Президентимиз топшириғига асосан аҳолининг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, автомобил йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – "стоп-линия" (5.33 йўл белгиси) бундан мустасно.
Яъни ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади”, – дея маълум қилди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Аввалроқ радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси парламентда кўрила бошлаганди.