Жаҳон | 22:47 / 20.05.2025
7276
3 дақиқада ўқилади

Россия фуқаролигини олган 20 минг чет эллик Украинага қарши урушда қатнашмоқда — Бастрикин

РФ Тергов қўмитаси раҳбарига кўра, улар орасида Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар ҳам бор. «Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни негадир ёқтирмайдиган 20 минг „ёш“ Россия фуқароси Украинага қарши урушга юборилган», – дейди Александр Бастрикин.

Фото: chitamedia.su

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига Россия фуқаролигини олган 20 минг киши юборилганини маълум қилди.

«Ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказмоқда. Россиянинг 80 минг нафар фуқаросини „овладик“, улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига бориш у ёқда турсин, ҳатто ҳарбий комиссариатга ҳам боришни исташмайди. Бу 80 минг кишини „овлаб“, ҳарбий рўйхатга киритдик. Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни негадир ёқтирмайдиган 20 минг нафар „ёш“ Россия фуқаросини жанг майдонига жўнатдик», – дейди Бастрикин.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мунтазам равишда рейдлар ўтказиб, Россия фуқаролигини олган мигрантларга чақирув қоғозларини топширмоқда ёки уларни ҳарбий комиссариатларга олиб кетмоқда. Қатор ҳолатларда фуқаролик олган мигрантлар Россия паспортини йўқотиш ва мамлакатдан депортация қилиш таҳдиди остида шартномалар имзолашга мажбур бўлмоқда.

2024 йил июнда Бастрикин Россияда мамлакат фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий ҳисобга қўйилмаган 30 минг чет эллик ушланганини маълум қилганди. Ўшанда уларнинг 10 мингга яқини фронт ортига – «окоплар қазиш»га юборилган.

Жанг майдонидаги ўзбекистонликлар

Бундан олдинроқ, Россия ҳарбийларига ўз ихтиёри билан асирга тушишда ёрдам бериш учун яратилган Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган/қатнашаётган Ўзбекистон фуқароларининг номма-ном рўйхатини эълон қилганди. Ўзбекистон томони бу маълумотни текширмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги ўзбекистонликлар учун учинчи давлатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, хизматга ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Аввалроқ яраланиб, шифохонада ётган ўзбекистонлик Kun.uzʼга йўллаган мурожаатида мажбуран урушга юборилгани, унинг қисмида бошқа ўзбеклар ҳам бўлганини сўзлаб берганди.

Мавзуга оид