Жаҳон | 13:45 / 21.05.2025
3029
8 дақиқада ўқилади

Исроилга иқтисодий босим: Евроиттифоқ савдо имтиёзларини қайта кўриб чиқади. Британия эркин савдо бўйича музокараларни тўхтатди

Фото: EU Reporter

Европа иттифоқининг 17 та давлати халқаро гуманитар ҳуқуқни бузаётгани учун Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битимини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлади. Европа бош дипломати Кая Каллас Ғазога ёрдам дарҳол ва кенг кўламда кириши кераклигини таъкидлаган. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми эса Ғазода «аянчли сиёсат»ни давом эттираётган Исроил билан савдо битими музокараларини давом эттириш мумкин эмаслигини айтди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иттифоқнинг Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг айтишича, Европа мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда ўтган йиғилишида Нидерландия Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги мазкур битимни қайта кўриб чиқишни таклиф этган. Бу таклифни аъзо давлатларнинг аксарияти қўллаб-қувватлаган.

Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Калласга йўллаган мактубида Ғазо секторининг блокадаси халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиши ва шу билан Евроиттифоқ-Исроил Ассоциация битимининг 2-моддасига хилоф эканини айтди. 2000 йилда кучга кирган ушбу битимнинг 2-моддаси ҳамкорликни «инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуққа садоқат» билан боғлайди.

«Шу боис бу жараённи бошладик. Айни пайтда Исроил инсонпарварлик ёрдамига тўсиқни ўзи олиб ташлаши керак. Биз бу ишни бошлаяпмиз ва шу орада гуманитар ёрдам йўли очилиши ҳамда вазият яхшиланишига умид қиламиз», – дея Калласнинг сўзларини келтирмоқда Euronews.

Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас / Фото:  EFE/EPA/OLIVIER HOSLET

Ассоциация битимини қайта кўриб чиқишни ҳозирча иттифоқнинг 17 давлати очиқ қўллади: Нидерландия, Франция, Ирландия, Швеция, Испания, Белгия, Португалия, Финландия, Словения, Люксембург ва бошқалар. Германия, Италия, Венгрия, Греция ва яна бир неча давлат эса қарши чиққан. Швеция ташқи ишлар вазири санкцияларни Исроилнинг айрим амалдорларига нисбатан илгари суришни ҳам қўллаб-қувватлашини айтган.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Орен Марморстеин ЕИнинг ушбу қарорини танқид қилган ҳамда бу урушга Ҳамас айбдорлиги ҳамда мажбуриятлар ҳам уларга юклатилиши кераклигини айтган.

Евроиттифоқ Исроилнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, икки томонлама савдо ҳажми йилига 45 миллиард евродан ортади. Битим бўйича муҳокама илк бор 15 ой олдин Ирландия ва Испания томонидан кўтарилган эди, аммо ташаббус ўшанда кенг қўлловга эга бўлмаган. Сўнгги ҳафталарда эса ҳатто Исроилга дўстона муносабатда бўлган Нидерландия ҳам позициясини ўзгартирди ва Ғазодаги вазиятни «халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилиши» деб атамоқда.

Мажлис якунида Европа бош дипломати Кая Каллас «Исроилнинг кам миқдорда ёрдам киришига рухсат бергани – бу океандаги бир томчи экани, ёрдам дарҳол ва кенг кўламда кириши кераклиги»ни таъкидлади.

Буюк Британия Исроил билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатди

«Биз четда туриб, вазият ёмонлашувини томоша қила олмаймиз. Бу икки томонлама муносабатларимизга асос бўлган принципларга ва Британия халқи қадриятларига зид келади. Шу боис, бугун мен Нетаняҳу ҳукумати билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатганимизни эълон қиламан. Бу қарор Исроил ҳукуматининг ҳаракатлари туфайли заруратга айланди», деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми парламентдаги нутқида.

У Исроил ҳукумати Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги «аянчли сиёсат»ни давом эттираётган бир пайтда, мавжуд савдо битимини янгилаш бўйича музокараларни давом эттириш мумкин эмаслигини айтди:

«Тарих уларни баҳолайди. Ёрдамни тўсиш. Урушни кенгайтириш. Дўстларингиз ва ҳамкорларингиз хавотирини инкор этиш – буларни оқлаб бўлмайди. Бу тўхтатилиши керак», деган Ламми.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми / Фото: Associated Press

Ламми, шунингдек Британия томонидан янги санкциялар жорий этилаётганини маълум қилди. Унга кўра, ноқонуний яҳудий манзилгоҳлари Ғарбий соҳилда кенгаймоқда ва бу Исроил ҳукумати томонидан бевосита қўллаб-қувватланмоқда.

«Яна уч нафар шахс, иккита ноқонуний посёлка ва фаластинликларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватловчи икки ташкилотга қарши чоралар кўрилади», – дейди у.

AP нашри ёзишича, Ламми нутқи парламентда олқиш билан қарши олинган. Бошқалар эса янада қатъий чоралар Исроилга иқтисодий санкциялар қўллаш ва Фаластин давлатини тан олиш кераклигини таъкидлашди. Баъзилар ундан Исроил ҳаракатларини «геноцид» деб аташни талаб қилишди, аммо Ламми бу сўзни «экстремизм» ва «ваҳшийлик» деб алмаштирди.

Шунингдек, баъзи танқидчилар Британиянинг позицияси ва баёнотлари Ҳамас фойдасига хизмат қилади, дея эътироз билдирган. Ламми бунга жавобан «минглаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган урушнинг кенгайишига қарши чиқиш – бу Ҳамасни мукофотлаш эмаслиги»ни айтган.

Бундан ташқари, Британия ташқи ишлар вазири исроилликларга мурожаат қилган.

«Биз Исроил халқи билан умумий қадриятларга асосланган мустаҳкам дўстлик истаймиз. Биз сизнинг хавфсизлигингиз, келажагингиз, Эрон таҳдиди, терроризм офати ва антисемитизм ёвузлигига қарши ҳимоянгизга садоқатимизда ҳеч қачон иккиланмаганмиз. Аммо Ғазода олиб борилаётган уруш шакли ҳукуматларимиз ўртасидаги муносабатларимизга путур етказмоқда. Агар Исроил ҳарбий ҳаракатларни давом эттирса ва инсонпарварлик ёрдами узлуксиз етказилишини таъминламаса, биз яна бошқа жавоб чораларини кўрамиз», дея Девид Ламмининг сўзларини келтирмоқда Anadolu нашри.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги вакили Орен Марморстеин бу санкцияларни «асоссиз ва афсусланарли» деб атади ва Буюк Британия барибир эркин савдо битими бўйича музокараларни олдинга силжитмаётганини билдирди:

«Бугунги эълондан олдин ҳам Буюк Британия ҳукумати эркин савдо битими бўйича музокараларни аслида олдинга силжитмаган эди. Бундан ташқари, бу битим икки давлат учун ҳам манфаатли бўлган бўларди. Агар Британия ҳукумати Исроилга қарши обсесияси ва ички сиёсий ҳисоб-китоблари сабабли ўз иқтисодиётига зарар етказишга тайёр бўлса – бу уларнинг танлови».

Исроил армиясининг 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 53,5 мингдан ошган. Сўнгги кун давомида ҳудудда 87 киши Исроил ҳужумлари қурбонига айланган, яна 290 киши жароҳатланиб, касалхонага олиб келинган. Ғазо секторининг соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, бомбаланган уйлар харобалари остида минглаб жасадлар қолмоқда.

Исроилнинг босқинчилик ҳужумларига мамлакат ичидаги мухолифат ва айрим ҳарбийлар ҳам қарши фикр билдирмоқда. Хусусан, мухолифатдаги Демократик партия раҳбари Яир Голан Исроил армияси Ғазо секторида болаларни «ҳобби сифатида» ўлдираётганини айтган. У амалдаги ҳукумат мамлакатнинг ўзи учун жиддий таҳдидга айланганини таъкидлаган.

Мавзуга оид