АҚШ давлат котиби Россия президентини ҳарбий жиноятчи деб аташдан бош тортди
Рубио Россия президентини ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблаши ёки йўқлиги ҳақидаги савол 6 марта такрорланганига қарамай, аниқ жавоб бермади. Унинг айтишича, Украинада ҳарбий жиноятлар содир этилаётгани – факт, бунга ким жавоб беради деган масаланинг “ўз вақти ва жойи келади”. “Ҳозирги вазифа – урушни якунлаш”, деди давлат котиби. Рубио 8 йил олдин сенатор сифатида Путинни ҳарбий жиноятчи деб атаган.

Фото: AP
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Украинадаги урушда ҳарбий жиноят сифатида таснифлаш мумкин бўлган ҳарбий жиноятлар содир этилганини маълум қилди, бироқ Россия президенти Владимир Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб аташдан бош тортди.
Рубио 21 май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси эшитувларида чиқиш қилди. Демократ конгрессмен Билл Китинг Рубиодан «давлат котиби Украина билан можарода Россияни босқинчи деб ҳисоблайдими?», деб сўради. «Ҳа, Россия Украинага бостириб кирди», — дея жавоб қайтарди Рубио.
Шундан кейин Китинг Рубиодан у Владимир Путинни — «АҚШ музокаралар олиб бораётган инсонни» ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблаш ёки ҳисобламаслигини сўради.
Бунга жавобан давлат котиби Украинада юз берган айрим воқеаларни ҳарбий жиноят сифатида таснифлаш мумкинлигини айтди, «аммо бизнинг мақсадимиз — урушга чек қўйиш», деди. «Биз Путин билан гаплашмай туриб, урушни тугата олмаймиз», — деди Рубио.
«Бу жуда оддий. У — ҳарбий жиноятчими? Биз музокаралар олиб бораётган Владимир Путин — ҳарбий жиноятчими?», — дея қайта сўради Китинг.
«Аммо мен саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиляпман ва биз урушни тугатишга уринаётганимизни айтяпман… Ҳарбий жиноятлар содир этилган. Шуҳбасиз. Бунга ким жавоб беради? Бунинг вақти ва жойи келади. Аммо ҳозирги вазифа — урушни якунлаш», — дея таъкидлади Рубио.
Китинг Рубиони «иккиёқламалик» ва «саволлардан қочиш»да айблади. Ўз навбатида, давлат котиби уруш давом этаркан ҳар куни одамлар ҳалок бўлиши, «янада кўпроқ одамлар яраланиши ва кўпроқ ҳарбий жиноятлар содир этилишини» айтди.
Умумий ҳисобда Китинг Рубиога Путинни ҳарбий жиноятчи сифатида ҳисоблаш ёки ҳисобламаслигига оид саволни олти марта берди.
2017 йил январда Рекс Тиллерсонни давлат котиби лавозимига тасдиқлаш бўйича эшитувда Рубио (ўша вақтда сенатор лавозимида бўлган) ундан «Путинни ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблайсизми?», деб сўраган эди. У эса бундай таърифдан фойдаланмаслигини айтганди. «Владимир Путин ҳарбий жиноятчи эканини айтиш қийинчилик туғдирмаслиги керак. Фикримча, умумий қабул қилинган нарсани айта олмаслигингиз мени хафа қилди», — деган эди ўшанда Рубио.